Карвонсарой
Аёллар ҳуқуқлари

Қонунларнинг кучайганига қарамай, Марказий Осиё аёллари ҳанузгача зўравонлик ва дискриминацияга дуч келмоқдалар

Ксения Бондаль

Она қизи билан ўйинчоқлар дўконини айланиб юрибди, Олмаота, 8 март. «БМТ-аёллар» ташкилотига кўра, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда болаларни вояга етказиш ҳамда уй-рўзғор ишларидаги асосий оғирлик аёллар зиммасига тушади. (Ксения Бондаль)

Она қизи билан ўйинчоқлар дўконини айланиб юрибди, Олмаота, 8 март. «БМТ-аёллар» ташкилотига кўра, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда болаларни вояга етказиш ҳамда уй-рўзғор ишларидаги асосий оғирлик аёллар зиммасига тушади. (Ксения Бондаль)

ОЛМАОТА – Дунё 8 март куни нишонланадиган Халқаро хотин-қизлар байрамини эътироф этар экан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва маҳаллий нодавлат ташкилотлар Марказий Осиёдаги кўплаб аёлларнинг жисмоний, жинсий ва руҳий зўравонликдан азият чекаётганига эътибор қаратди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гендер тенглиги ҳамда аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўйича («БМТ-аёллар») идораси хабарига кўра, Марказий Осиёдаги ҳар уч аёлдан бири калтакланиш, жинсий зўравонлик ёки бошқа шафқатсиз муносабатга дуч келади.

«Бундан ташқари, (кўпинча диний дея нотўғри талқин қилинадиган) мавжуд урф-одатлар ва ижтимоий-маданий амаллар аёлларнинг ўз ихтиёрича яшашига йўл қўймайди», дейди «БМТ-аёллар» ташкилотининг Марказий Осиё бўйича вакили Элейн М. Конкиевич Карвонсарой нашрига.

«Бутун минтақада аёллар ўз ҳуқуқлари ҳақида етарли билимга эга эмас», дейди у.

Жанубий Қозоғистон вилоятидаги цинк заводида меҳнат қилаётган ишчи аёл. «БМТ-аёллар» ташкилоти маълумотларига кўра, аёллар, эркак киши ишлаб топадиган ўртача маблағнинг учдан бир қисмини топадилар. (Владимир Третяков)

Жанубий Қозоғистон вилоятидаги цинк заводида меҳнат қилаётган ишчи аёл. «БМТ-аёллар» ташкилоти маълумотларига кўра, аёллар, эркак киши ишлаб топадиган ўртача маблағнинг учдан бир қисмини топадилар. (Владимир Третяков)

15-49 ёш оралиғидаги никоҳда ёки эркин турмушда бўлган тожик аёлларининг фақатгина 40,9 фоизи «жинсий муносабатлар ва контрацептив воситалар, тиббий хизматдан фойдаланиш бўйича мустақил қарор қабул қиладилар», деди у. Қирғизистонда бу кўрсаткич 76,6 фоизни ташкил этади.

«Минтақанинг айрим мамлакатларида мажбурий никоҳ кенг тарқалган. Қозоғистон ва Қирғизистонда келин ўғирлаш амалиёти ҳанузгача сақланиб қолган», деди у. «Мисол учун Тожикистонда, 15 ёки ундан ҳам ёш турмуш қурган қизлар ўртача 17 ёшларида биринчи фарзандларини дунёга келтирадилар.»

Зўравонлик ва ғалаба ҳақидаги ҳикоя

Қозоғистоннинг Оқтўба шаҳридан бўлган аёл ўзининг зўравонликда кечган турмуши ҳақида сўзлаб берди.

Ўзини ҳимоялаш учун «Алина» тахаллусини олган 30 яшар аёл беш йил давомида эри томонидан калтакланганини айтади.

«Эрим биринчи марта менга тўйимиздан бир йил ўтиб қўл кўтарди», деди у Карвонсарой нашрига. «Мен уни яхши кўрганлигим сабабли кечирган эдим.»

«Тезда ҳомиладор бўлдим ва ҳаммаси ўз жойига тушди», деди у ва унинг эри ўзгаришга сўз берганини қўшимча қилди.

Аммо, Алина ўғли тўрт ойлик бўлганидан сўнг, эри уни мунтазам равишда дўппослашга ўтганини айтди.

«Ўғлимиз улғайгани сари, отаси онасини урганини кўриб қўрқар ва йиғлар эди... Мен бунга ортиқ сабр қила олмас эдим», деди у. «Мен қочиб кетдим.»

Ўша вақтларда Алина яшаган Актау шаҳридаги инқироз маркази унга ўғли билан қочишига ёрдам берганини айтаркан, тафсилотларни ошкор этмади. У ҳозир Ақтўбадаги дўконларнинг бирида кассир бўлиб ишлайди ва тўрт ёшли ўғли билан яшайди.

Ҳеч бир аёл ўзининг таҳқирланишига йўл қўймаслиги керак, дейди Алина.

Оилавий зўравонлик минтақада «жиддий муаммо» бўлиб қолмоқда

Қозоғистонда аёлларга нисбатан зўравонлик тез-тез содир бўлиб туради, ҳуқуқий ҳимоя эса заиф, дейди БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг ижро этувчи ҳамкори ва Жанубий Қозоғистон вилояти тадбиркорлар уюшмаси раиси, чимкентлик Қуралай Бекенова.

«Ҳар бир вилоятдаги милиция бошқармаларида аёлларни зўравонликдан асраш бўлимлари мавжуд», деди у Карвонсарой нашрига. «Аммо, дўппосланган аёл бошқармага келиб зўравонликка учрагани ҳақида ариза ёзса... у қаерга боради? Қайтиб зўравон эри олдигами?»

«Иқтисодий қарамлик уни уйига қайтиб боришга мажбур қилади», дейди у.

2016 йилда 36 нафар қозоғистонлик аёл оилавий зўравонлик натижасида ҳаётдан кўз юмган, деб маълум қилган эди Қозоғистоннинг ўша вақтдаги бош прокурори Жакип Асанов 2017 йил апрель ойида, Озод Европа/Озодлик радиосининг қозоқ хизмати хабарига кўра.

Қозоғистонда 2016 йилда аёлларга нисбатан 2500 га яқин жинсий тажовуз ҳолатлари қайд этилган, деди у.

Қирғизистонда ҳам оилавий тажовуз билан боғлиқ жиддий муаммолар мавжуд, дейди БМТ Тараққиёт дастурининг Қирғизистондаги гендер масалалари бўйича координатори, бишкеклик Умутай Давлетова.

2017 йилда минглаб қирғиз аёллари оилавий тажовузга дуч келишган, дейди у. Ҳукумат расмий рақамлар 3524 га тенг эканини айтади, мамлакатдаги инқироз марказларининг маълумотига кўра эса бу кўрсаткич 8458 тани ташкил этади.

Зўравонликка учраган қирғиз аёллари учун адолатли ечим топилиши мушкул масала, дейди у жинсий зўрлаш билан боғлиқ ҳолатларда ҳуқуқий вазиятга баҳо бераркан.

2012-2015 йилларда қирғиз судлари 149 та жинсий тажовузкорни айбдор деб топди, деди у. «13 та оқлов ҳукми чиқарилди ва 237 та иш рад этилди. Рад этилган ишларнинг кўпчилигида жабрланувчилар жамоатчилик олдида шармандалик, қўрқув ва тўловлар учун пул етишмаслиги сабабли, ўз даъволаридан воз кечганлар.»

Зўравонликнинг яна бир кўриниши – келин ўғирлаш Қирғизистон қишлоқларида кенг тарқалган ва у ердаги 60 фоиз никоҳлар шу йўл билан амалга ошади, деди у.

Ўзбекистонда «аёл ҳуқуқлари» тушунчаси кундалик ҳаёт ва меҳнат фаолиятига ўрнаша олмади, дейди Ўзбекистон Миллий университетининг социология бўйича маърузачиси, тошкентлик Нодира Латипова Карвонсарой нашрига.

«Хусусан, оилавий зўравонлик ҳолатларида аёллар ариза ёзадилар-у, эртаси куни уни қайтиб оладилар», деди у.

Тожикистонда оилавий зўравонлик «биринчи ўринда» турган муаммо, дейди «Шарқ аёллари» нодавлат ташкилоти раҳбари, панжакентлик Фотима Шарипова Карвонсарой нашрига.

Тожикистонлик депутатлар 2013 йил март ойида оилавий зўравонликни тақиқловчи қонунни қабул қилишди, бироқ уни тадбиқ этиш механизми амалга ошмади, деди у.

Иқтисодий мустақилликнинг муҳимлиги

Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида бўлгани каби, қозоғистонлик аёллар ҳам сиёсий ва иқтисодий таъсирни кучайтиришда муаммоларга дуч келмоқдалар.

Яхши иш жойи излаётган аёллар, бир кун келиб ҳақ тўланадиган туғруқ таътилига чиқишларига тўғри келади, дейди БМТнинг аҳолишунослик жамғармаси вакили Бекенова.

«Агар аёл кишининг фарзандлари бўлса, улар касал бўлишлари тайин», деди у. «Демак, она касал кунлари ҳисобидан меҳнат таътилига чиқиши керак. Шу сабаб ҳам, ишга олувчилар интервью вақтида эркакларни афзал кўришади.»

Бундан ташқари, Қозоғистонда аёллар соғлиқни сақлаш, таълим ва ижтимоий хизматлар соҳасида ишлайдиган ишчиларнинг 70 фоиздан ортиғини ташкил этадиган кам ҳақ тўланадиган касблар билан ажралиб қолишган.

Марказий Осиёда аёлларнинг сиёсий соҳадаги иштироки тенгликдан анчайин паст, деди «БМТ-аёллар» ташкилоти вакили Конкиевич.

Минтақада аёлларнинг парламентдаги ўринлари энг ками Тожикистонда – 14,7 фоиз ва энг кўпи Қозоғистонда 20,1 фоизлик кўрсаткич ўртасида, деди у.

Эркаклар кўпроқ даромадли бўлган қурилиш, нефт-газ ва бошқа ресурслар, қазиб олиш саноатлари, транспорт каби соҳаларни эгаллаганлари сабаб, «аёллар эркаклар ишлаб топадиган даромаднинг ўртача учдан бирини топадилар», дейди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500