Карвонсарой
Саломатлик

Соғлиқни сақлашга оид режа Қозоғистонда бепул дори-дармон олишни осонлаштиради

Александр Богатик

Қозоғистонлик аёл Тараз шаҳрининг 7-кичик туманидаги дорихонага ташрифи чоғида, 1 март куни олинган сурат. Қозоғистон ҳукумати жорий йилда мамлакат бўйлаб 3,8 млн. беморни бепул тиббий дори-дармон билан таъминламоқчи. (Александр Богатик)

Қозоғистонлик аёл Тараз шаҳрининг 7-кичик туманидаги дорихонага ташрифи чоғида, 1 март куни олинган сурат. Қозоғистон ҳукумати жорий йилда мамлакат бўйлаб 3,8 млн. беморни бепул тиббий дори-дармон билан таъминламоқчи. (Александр Богатик)

ОСТОНА – Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги режасига кўра, 2018 йилда қарийб 4 млн. нафар фуқаро бепул дори-дармон билан таъминланади.

Бу йилги режа тиббий ҳужжатларнинг қоғозбозликдан холи бўлган умуммиллий тизимини яратиш ва бошқа мақсадларни ўз ичига олган, дейилади вазирликнинг 28 феврал кунги хабарида.

Бепул дори-дармонлар олувчи беморлар сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.

«2017 йилда 2,5 млн. нафар бемор жами 91,5 млрд. тенге (286 млн. доллар) қийматидаги дори-дармон билан таъминланган, 2018 йилда эса биз жами 3,8 млн. нафар беморга умумий қиймати 128 млрд. тенге (400 млн. доллар) бўлган дори воситаларини тақдим этишни режалаштирганмиз».

Бепул дори воситалари олишни осонлаштириш

Таразлик 69 яшар нафақахўр Анатолий Рагутин ҳар ой 20 минг тенгелик (62 АҚШ доллари) дори воситаларини бепул олишини айтади.

«Мен диабетга қарши инсулин ва юрак учун дорилар оламан», деди у Карвонсаройга. У 90 минг тенгелик (280 доллар) пенсияси билан қиммат дорилар сотиб олишга қурби йўқлигини айтди.

Дориларни олиш қийин эмас, шифокор имтиёзли рецепт ёзиб беради, бу рецепт билан дори воситаларини дорихонадан бепул олиш мумкин.

Яқин орада ушбу жараённи янада осонлаштириш режаланган. Унга кўра, беморлар клиникаларнинг ўзида бепул дори воситалари билан таъминланиши мумкин, деди Карвонсаройга Чимкентдаги «Денсаулиқ» («Саломатлик») жамоат ташкилоти координатори Лейла Иманова.

«Қозоғистонда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ягона (қоғозсиз) ахборот тизими тиббиёт ходимлари ва беморлар ҳаётини енгиллаштиради» деди у. «Шифокор қабулига ёзилиш, клиника танлаш ёки бепул жарроҳлик амалиётига навбатга туриш осонлашади».

Қоғозсиз ҳужжат тизими 2019 йилдан ишга тушиши кутилмоқда.

Бепул дори-дармон билан таъминлаш қамровини кенгайтриш

Бепул дори-дармон билан таъминлаш режаси 40 дан ортиқ хасталикни қамраб олган, деди Иманова ва ҳукумат «бепул дори-дармон олиш имтиёзини берувчи касалликлар рўйхати»ни янада кенгайтиришни режалаштираётганини қўшимча қилди.

«Биринчи ўринда бу қандли диабет, юрак-қон томир хасталиклари, тарқоқ склероз ва бошқа жиддий касалликлар билан оғриганлардир», деди дастур ҳақида ўз кузатувлари билан ўртоқлашган Рагутин.

«Бизда барча керакли дорилар бор. Айрим тоифадаги беморлар эса дори-дармонларни бепул олишади», деди Жамбул тумани тиббиёт ва фармацевтика фаолиятини назорат қилиш қўмитаси раҳбари Мадина Шиналиева Карвонсарой нашрига.

Қўмита мунтазам равишда дори-дармонлар сифати ва уларнинг етарли миқдорда эканлигини назорат қилиб туради, деди у.

Соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш

2017 йил охирига келиб, Қозоғистон соғлиқни сақлаш бўйича асосий кўрсаткичларини яхшилади: умумий ўлим корсаткичи 3 фоизга, сил касаллигига оид ўлим кўрсаткичи эса 12 фоизга камайган, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Сўнгги йилларда тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида сезиларли ютуқларга эришилди, деди Иманова.

«Бу статистик маълумотлардан ҳам кўриниб турибди... клиника ва шифохоналарга бориб, ўзимиз ҳам бунинг гувоҳи бўляпмиз», деди у. «Масалан, тез ёрдам машиналари эртароқ ертиб келмоқда, беморларни даволаш яхшиланди. Беморларнинг зарурий дори-дармон билан таъминланмай қолиши билан боғлиқ ҳолатлар камайган.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500