Карвонсарой
Иқтисодиёт

Онлайн бандлик маркази Қозоғистонда ишсизликнинг олдини олишга кўмаклашади

Айдар Ашимов

Қозоғистонликлар Таразнинг Ауыл Береке бозорида, 6 март. Қозоғистон ҳукумати ишсизлик даражасини камайтириш ва ўз-ўзини иш билан таъминлаган фуқароларни (уларнинг аксарияти мажбурий меҳнатдан ҳимояланиш мақсадида расмий шартномаларсиз ишлайди) ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўрмоқда. (Айдар Ашимов)

Қозоғистонликлар Таразнинг Ауыл Береке бозорида, 6 март. Қозоғистон ҳукумати ишсизлик даражасини камайтириш ва ўз-ўзини иш билан таъминлаган фуқароларни (уларнинг аксарияти мажбурий меҳнатдан ҳимояланиш мақсадида расмий шартномаларсиз ишлайди) ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўрмоқда. (Айдар Ашимов)

ОЛМАОТА – Қозоғистон ҳукуматининг бандлик бўйича янги электрон маркази - Enbek.kz иш берувчилар ва давлатнинг иш билан таъминлаш идораларини иш изловчилар билан боғлаб, уларни бир платформага жамлайди.

1 январь куни Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ишга туширган веб-сайтда 62000 га яқин иш изловчилар ўз резюмеларини жойлаган, деди вазир ўринбосари Нуржан Алтаев 7 март куни Остона шаҳрида журналистларга.

Шу билан бирга, иш берувчилар томонидан 30000 га яқин бўш иш ўринлари эълон қилинди, деди Алтаев ва веб-сайт 35 та хусусий бандлик идораси, тўққизта оммавий ахборот воситаси ҳамда вебсайтлар билан ҳамкорлик қилишини айтиб ўтди.

Мазкур лойиҳа 2018 йилда Марказий Осиёдаги иқтисодий ўсиш сабабли пайдо бўлган некбинлик ва Америка Қўшма Штатлари билан савдо-сотиқ муносабатлари ривожланаётган бир пайтда ташкил этилди.

Минглаб одамларга иш топишга кўмаклашиш

Январь ойи ҳолатига кўра, мамлакатда 440000 фуқаро ишсиз бўлган, бу эса ишсизлик даражаси 5 фоиз эканлигини англатади, деб хабар беради Қозоғистон статистика қўмитаси.

Enbek.kz веб-сайти «муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда» ва шу кунгача 19000 қозоғистонликка иш топишга ёрдам берди, дейди Алтаев.

Истаган интернет фойдаланувчиси ушбу тизимга кириши ва мавжуд бўш иш ўринларини текшириб, уларга жойлашиш учун мурожаатнома юбориш имкониятига эга.

Олмаоталик Эдуард Новиков шундай интернет фойдаланувчилардан бири. «Мен бандлик маркази орқали ойлик маоши 120000 тенгени (373 АҚШ доллари) ташкил қилувчи электриклик ишини топдим», деди у Карвонсарой нашрига.

Ҳукумат берган маълумотга кўра, Қозоғистонда ўртача ойлик маош 163 минг тенгени (510 АҚШ доллари) ташкил қилади.

Новиковнинг сўзларига кўра, у оддий рўйхатга олиш жараёнидан ўтган ва иш изловчи аризасини топширган.

«Қозоғистонда иш излаётган ҳар бир одам бандлик маркази веб-сайтига ўтиб, ўзига мос келган вариантни танлаши мумкин», дейди «Акыл» нодавлат ташкилот раҳбари, олмаоталик Назерке Миятова.

Унинг сўзларига кўра, лойиҳа кўпгина маълумот манбаларини бирлаштиргани сабабли муваффақиятга эришган.

«Барча мавжуд иш ўринлари бир жойга тўпланган», деди у Карвонсарой нашрига. «Йирик маҳаллий иш берувчилар бўш иш ўринлари ҳақида веб-сайтда эълон беришлари керак.»

Унинг ташкилотида ишлаган икки кўнгилли ходим ҳам марказ ёрдамида доимий иш ўрнига эга бўлган.

«Бу ажойиб лойиҳа, у ишсизларга иш топиш ва ўз оилаларини боқиш учун пул ишлашга имкон беради», деди у.

Мустақил иш юритувчиларни «панадан» олиб чиқиш

Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Қозоғистонда 8,6 миллион ёши катталар асосий ишчи кучини ташкил қилади, бу эса 15 ва ундан катта ёшдаги аҳолининг 66,4 фоизи демакдир.

Идора томонидан 2017 йилда ўтказилган сўровга кўра, Қозоғистонда 10 фоиз ишчилар зарарли ёки хавфли шароитларда, 25 фоизи эса ҳафтада 40 соатдан ортиқ меҳнат қилади.

Ишчиларнинг тўртдан бири ҳужжатсиз, мустақил равишда меҳнат қилади.

«Қозоғистонда ишчиларнинг тўрттадан бири мустақил ишлайди, яъни, уларнинг меҳнат фаолияти ҳеч қаерда расмийлаштирилмаган», дейди остоналик сиёсий таҳлилчи Евгений Крючков Карвонсарой нашрига. Бундай ишчилар «ўзлари истаган йўл билан пул топадилар.»

Унинг айтишича, ҳукумат мустақил ишлайдиганларни «соядан» чиқаришни мақсад қилган.

«Улар солиқ тўламайдилар, шу билан бирга иш берувчиларнинг ўзбошимча ҳатти-ҳаракатларидан ҳимояланмаганлар», деди у. «Агар меҳнат шартномангиз бўлмаса, сизда ҳеч қандай кафолат йўқ. Ҳақсиз қолиш ёки ҳуқуқнинг поймол қилиниши билан боғлиқ бошқа ҳолатлар тез-тез учраб туради.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500