ХЎЖАНД, Тожикистон – Сўғд вилоят суди бир ҳафталик эшитувлардан сўнг, чоршанба, 18 апрель куни Исфара тумани, Навгилем қишлоғидан бўлган оиланинг етти нафар аъзосини турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилди. Улар «Ислом давлати» (ИД) сафига қўшилишга уринганликда айбланган.
Ўз оила аъзоларини ушбу ҳаракатга қўшилишга ундаган ва уни ташкиллаштирган 47 яшар Баҳодур Насриддинов 17 йилга озодликдан маҳрум этилди. Унинг онаси Мавлуда Насриддинова 12 йиллик қамоқ жазоси олди, оиланинг бошқа уч нафар аёл аъзолари – Фарзона Насриддинова, Мушоҳира ва Шоҳина Нуруллоевалар ҳам худди шунча муддатга кесилганлар.
Оила аъзоларидан бўлган яна 2 нафар эркак – Хайдархон Насриддинов ва Насруллохон Абдувалиевлар 12 ярим йиллик қамоққа ҳукм қилиндилар.
Ушбу ҳукм судланувчилар Олий судга апелляция бермаган тақдирда 10 кун ичида кучга киради.
Оиланинг бошқа икки нафар аъзоси – 16 яшар Маърифат Насриддинова вояга етмаган бўлгани сабабли, 24 ёшли Шоҳида Нуруллоева эса руҳий хаста эканлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилган.
Сурия томон йўл
2017 йилнинг март ойида Насриддиновлар оиласи аъзолари қариндошларига Баҳодир билан кўришиш учун Душанбега кетаётганликларини айтиб, Навгилем қишлоғидан чиқиб кетганлар.
Насриддиновнинг яқинлари жангарилар сафига қўшилиш учун йўлга чиққан 28 киши қаторида бўлган, улар даставвал Олмаотага, у ердан эса Истанбулга йўл олганлар. Улар Салоҳиддин исмли (фамилияси ошкор этилмаган) Озарбайжон фуқаросининг кўмаги билан учта йўлтанламасда Туркиядан Сурияга ўтишга уринганлар.
Туркия полицияси Баҳодур Насриддинов ҳайдаб кетаётган машинани тўхтатиб қолган. Қолган икки машина Сурияга ўтиб кетишга муваффақ бўлган ва унда бўлган йўловчиларнинг барчаси айни пайтда Идлиб вилоятида экани айтилмоқда.
9 нафар тожик фуқароси Украина, Озарбайжон ва Қозоғистон орқали Тожикистонга қайтарилган, ушбу жараён бир неча ой вақт олган.
Ватанларига қайтганларидан сўнг ҳам, улар ўзларини имкон бўлиши билан яна Сурияга боришга уринадигандек тутганлар, бу расмийларда шубҳа уйғотган.
Баҳодур Насриддиновнинг Суриядаги қариндошлари билан интернет орқали ёзишмалари ашёвий далил сифатида келтирилган. Оила аъзолари Тожикистонга қайтганларидан сўнг ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилмаганлар ва ўз қилмишларидан ҳеч қачон, ҳатто суд жараёнида ҳам пушаймон бўлмаганлар, деди прокурор Рауфхон Алиев Карвонсарой билан суҳбатда.
2017 йилда Сўғд вилояти судлари томонидан террорризм ва экстремизм билан боғлиқ 165 да жиноий иш кўриб чиқилиб, 257 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган. 2016 йилда бу рақам 305 тани ташкил этганди.