ДУМА, Сурия – Инспекторлар Россия қўллаб-қувватлайдиган Сурия президенти Башар Асад режими амалга оширгани айтилаётган эҳтимолий кимёвий ҳужум ҳудудига кирдилар. Уларнинг бу ерга киришини Москва икки ҳафтага кечиктирганди.
Сурия давлат ахборот агентликлари Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилоти (КҚТТ) инспекторлари 17 апрель куни Думага ташриф буюргани ҳақида сохта ахборот берган эдилар.
Аслида эса, улар тезкор ёрдам гуруҳларининг видео, сурат ва ҳисоботлари орқали исёнчилар назоратида бўлган жой хлор гази воситасида вайрон қилингани тасдиқланганидан сўнг, икки ҳафта ўтиб – 21 апрель куни ҳудудга киришган.
6-7 апрель кунлари содир этилган ҳужум камида 40 кишининг ҳаётига зомин бўлган, 500 дан ортиқ киши шифохонага ётқизилган.
БМТнинг жиноятларни аниқлашга қаратилган бир қатор чораларига Россия томонидан вето қўйилганидан сўнг, АҚШ ва Буюк Британия халқаро қонунчиликни «очиқдан-очиқ бузгани» сабаб, Сурия режимига қарши кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланган ҳужумни амалга оширганди.
Кимёвий мутахассислар Сурияда нимани қидиради?
Анча вақтга кечикиб келганига қарамай, КҚТТ нозирлари тадқиқот учун фойдали бўлган кимёвий далилларни топишлари мумкин, деб хабар берган мутахассислар AFP нашрига.
Далиллар эҳтимолий қурбонлар жасади ёхуд воқеа юз берган ҳудуд атрофида топилиши мумкин.
«Жасадлардан олинган намуналар бебаҳо далил бўлиши мумкин», деди Лидс университетининг атроф-муҳит бўйича токсикологи Алейстер Хей.
«Асаб тизимига таъсир қилувчи зарин каби моддалар атроф-муҳитда бир неча ҳафталардан сўнг ҳам, айниқса, қурол портлаган жой атрофларида сақланиб қолган бўлиши мумкин», деди у AFP нашрига.
КҚТТнинг Сурияга юборилган олдинги миссияси аъзоси ва маслаҳатчи Ральф Траппнинг сўзларига кўра, хлор газини аниқлаш анча мушкул, сабаби у ҳавода тез тарқаб кетади.
Унинг ўрнига, хлор гази атроф-муҳитда сақланиб қолгани сабабли, инспекторлар эҳтимолий ҳужум жойидаги ашёларда ушбу элементнинг ноодатий кўп миқдорини излашади, деди у.
«Далилларни йўқотиш мумкин, аммо бунинг учун синчковлик талаб этилади. Бу иш синчиклаб амалга оширилган тақдирда ҳам, бу ҳудудда далиллар сохталаштирилганига оид белгилар қолиб кетиши мумкин», деди Хей. «Зарарланган ҳудудни тозалаш осонликча зарарсизлантириб бўлмайдиган ашёларнинг олиб ташланишига сабаб бўлади.»
Бу эса солиштириш учун «баъзи нарсалар олиб ташлангани белгисини қолдиради, айниқса эҳтимолий ҳужум рўй берганининг видеотасмаси мавжуд бўлса», деди у AFP нашрига.
Ҳатто жуда эҳтиёткорлик билан тозаланганидан сўнг ҳам, «моддалар қолдиқлари ёки уларнинг парчаланиши натижалари» сақланиб қолади, деди у. Улар ғишт, цемент ва тупроқ таркибида топилиши мумкин, деб қўшимча қилди у.
Мустақил текширув
КҚТТ жамоаси «ташкилот нозирлари томонидан эҳтимолий ҳужум жойида топилган барча тегишли далиллар, жумладан, тозалаш ёки сохталаштириш ҳолатига оид ҳар қандай маълумотни тиклайди», деди Трапп.
Шундан сўнг, намуналар дунё бўйлаб тасдиқдан ўтган мустақил лабораторияларга юборилади. Ҳар бир намуна қисмларга ажратилиб, энг камида 2 та турли лабораторияга жўнатилади.
Унинг сўзларига кўра, «агар миссия воқеа жойида хлор ёки зарин гази қўлланганини тасдиқлай олмаса, у ўзида бор далилларнигина тақдим этиши ва вазиятга ойдинлик кирита оладиган тахминларни кўрсатиши мумкин».
Шундан сўнг, «КҚТТнинг сиёсий органлари ва алоҳида аъзо-мамлакатлар кимёвий қурол қўлланганини тасдиқловчи далиллар етарли ёки йўқлиги ҳақида қарор қабул қиладилар», деди у.
КҚТТга айбдорларни аниқлаш эмас, балки кимёвий ҳужум содир этилган-этилмаганига аниқлик киритиш вазифасигина топширилган.