КОБУЛ – Москванинг Теҳрон билан тобора мустаҳкамланиб бораётган алоқалари мусулмон оламида мазҳаблараро зиддиятларни кучайтирмоқда ва Эроннинг бузғунчилик фаолияти билан мувофиқлашган ҳолда Кремлнинг ўз таъсирини ошириш ниятини фош этмоқда.
Россия президенти Владимир Путин режими Совет Иттифоқи инқирози ва ундан кейинги Россия Федерациясининг халқаро миқёсда иҳоталанишидан сўнг, йиллар давомида Яқин Шарқ, Афғонистон, Марказий Осиё ва бошқа мамлакатларда ўз ўрнини тиклашга ҳаракат қилиб келган.
Сўнгги вақтларда содир бўлган воқеалар Кремль ўз тақдирини Эрон билан боғлашга аҳд қилганини кўрсатмоқда. Афғонистондан Суриягача ва Ямандан Ироққача Эроннинг нифоқ солувчи ва босқинчилик режалари Россия қўллаб-қувватловига сазовор бўлаётгани буни яққол исботлайди.
Афсуски, мустаҳкамланаётган бу муносабатлар мазкур ҳудудларда яшовчи аҳоли учун аянчли оқибатларга олиб келди.
Россиянинг ҳарбий қудрати ва унинг БМТ Хавфсизлик кенгашидаги доимий ўрнидан фойдаланиб , Россия ва Эрон ўн минглаб одамлар ҳаётига зомин бўлган иттифоқ тузди, у миллионлаб одамларни бошпанасиз қолдириб, ҳудудда шундоқ ҳам мўрт ва танг бўлиб турган мазҳаблараро низоларни юзага келтирди.
«Шиа ҳилолини» қўллаб-қувватлаш
Россия ва Эроннинг сўнгги даврдаги ҳамкорлиги Сурия президенти Башар Асад режимини қўллаб-қувватлашдан бошланган. Асад отаси Ҳафиз каби Теҳрон ҳамда Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) билан анчадан бери яқин алоқада бўлиб келган.
Эрон Сурияни «Шиа ҳилоли» деб номланган ҳудудда ўз мазҳаби таъсирини кучайтириш учун муҳим қурол сифатида кўради. Шиа ҳилоли – Эрондан Ливангача аҳолисининг кўпчилиги шиалардан иборат бўлган давлатларни ўз ичига олган ҳудуддир.
Хусусан, Эрон учун Сурия қўшни Ливанга ўтиш ва қурол-аслаҳаларни ташиш учун қуруқликдаги канал сифатида хизмат қилади. Теҳрон Ливанда ўзининг азалий душмани – Исроилга қарши курашувчи Ҳизбуллоҳ сиёсий-ҳарбий гуруҳини қўллаб-қувватлаб келади.
Россия эса ўз навбатида Сурияни ҳарбий техникалари мижози сифатида қадрлайди ва Суриянинг Тартус шаҳридаги ягона Ўртаер денгизи портига кириш йўлини авайлаб ҳимоя қилади.
Сурияда фуқаролик уруши бошланиши билан, Москва АҚШ ҳозир бўлган ҳудудларда ўзининг ҳарбий қудрати ва лаёқатини қаршиликсиз намойиш этиш ва ўз таъсирини кўз-кўз қилиш имкониятини топди.
Асад режимини сақлаб қолиш бўйича умумий манфаатнинг мавжудлиги, деярли саккиз йиллик урушдан кейин Россия ва Эроннинг Сурия армиясини қўллаб-қувватлаш учун қурол-аслаҳа, аскарлар ва маблағ юборишига сабаб бўлди.
Бу ёрдам Суриянинг ўзида 500 мингдан ортиқ сурияликнинг ҳаётига зомин бўлди ва миллионлаб одамларни бошпанасиз қолдирди. Бу ўлимлар ва дарбадарлик Асад ва Эроннинг мутаассиб режасига қарши бўлган суннийлар бошига тушди.
Ўшандан бери, Россия-Эрон иттифоқи Эроннинг мутаассиб режа ва мақсадларига хизмат қилиш йўлида анча кенгайди.
Россия халқаро майдонда тобора яккаланиб бормоқда, бунга сабаб унинг хорижий мамлакатларда сайловларга аралашиши, , қўшни давлатларга нисбатан тажовузи ва автократик режимларни қўллаб-қувватлашидир. Оқибатда, у шу каби сиёсий танг вазиятдаги иттифоқдошларига, айни ҳолатда Эронга юзланишга мажбур бўлди.
Россия ва Эрон анча вақтдан бери «террорга қарши кураш» ниқобини ўзининг мутаассиб ва босқинчилик мақсадларини яшириш учун қўллаб келган.
Икки мамлакат Сурия мухолифати – ўз халқини газ билан заҳарлаган диктаторга қарши чиққан фуқароларни – «Ислом Давлати» (ИД) ва бошқа экстремистик гуруҳлар билан тенглаштиради.
Россия ва Эрон ўз иттифоқи ва «аксилтеррор» ҳийлаларига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ишонаётган кўринади.
Россия вето ҳуқуқидан Эроннинг режасини ҳимоя қилиш мақсадида фойдаланмоқда
Ҳарбий ва разведка соҳасидаги ҳамкорликдан ташқари, Россия БМТ Хавфсизлик кенгашининг Эрон ва унга иттифоқдош мамлакатларга қарши резолюцияларини блоклаш учун бир неча маротаба вето қўллаган.
Сурия ҳукуматини ҳимоя қилувчи ўнлаб ветолар, жумладан, режимнинг тинч аҳолига қарши кимёвий қурол ишлатишини қораловчи 10 апрель кунги резолюцияга тўсиқ бўлган ветодан ташқари, Кремль Эронни Яман урушидаги ҳатти-ҳаракатлари учун ҳам жазодан қутқариб қолди.
26 февраль куни Россия БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияси йўлига ғов бўлди. Ушбу ҳужжатда Яманда шиалардан иборат исёнчи хусийлар томонидан Эронга тегишли ракеталарнинг қўллангани муносабати билан Эронга босим ўтказилиши кўзда тутилганди.
Бошқа ҳолатда 15 аъзодан иборат кенгаш осонгина қабул қиладиган резолюцияда Теҳрон қўллаб-қувватлайдиган хусий исёнчиларга қурол етказиб беришга нисбатан эмбарго муддатини ва ва Эроннинг ушбу эмбаргони бузганини аниқлаган экспертлар гуруҳи мандатини узайтириш кўзда тутилган эди.
Унинг ўрнига, Хавфсизлик кенгаши Россия томонидан тайёрланган резолюцияни қабул қилишга мажбур бўлди. Ушбу ҳужжат қурол-яроғ эмбаргоси муддати ва мандатни узайтиришни кўзда тутган бўлса-да, унда Яманда Эрон қуроллари борлиги тилга олинмаган.
«Икки ёқлама ўйин»
Россия Афғонистонда ҳам Эронга шерик бўлиб олган ва эътиборлиси, у ерда ўз мақсадларни амалга ошириш учун суннийларнинг экстремистик гуруҳидан фойдаланади.
Иккала мамлакат ҳам Толибон жангариларини тайёргарликдан ўтказиб, уларни маблағ ва қурол-яроғ билан таъминлаётганига оид далиллар етарли. Толибон эса Ғарб томонидан қўллаб-қувватланаётган Кобул ҳукуматини ағдаришга мойил эканлиги билан машҳурдир.
Россия ва унга қарашли оммавий ахборот воситалари томонидан Афғонистондаги вазиятни беқарорлаштириш мақсадида миллатлараро ва динлараро тангликни кучайтиришга уриниш ва мамлакат бўйлаб сохта хабарлар тарқатиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Эроннинг Афғонистондаги элчиси Муҳаммад Реза Баҳромий 2016 йил декабрда Эроннинг Толибон билан алоқалари борлигини тан олганди.
Ушбу эътироф Эроннинг иккиюзламачилик билан маккорона ўйин олиб борганини тасдиқлайди: мамлакат «ваҳҳобий террорчилар»га қарши кураш иддаоси билан Сурия ва Ироққа пул, қурол-яроғ ва аскар жўнатиб, бир вақтнинг ўзида Афғонистондаги Толибонлар – назарий жиҳатдан ўзи қарши бўлган гуруҳга ёрдам бермоқда.
Афғон расмийлари 2007 йилдаёқ Толибонларга мўлжалланган қурол-яроғ ортилган карвон Афғонистон-Эрон чегарасидан ўтгани ҳақида хабарлар олинганини қайд этган эдилар.
Яқин-яқингача Толибон жангариларининг Россия ва Эронда ишлаб чиқарилган қуроллардан фойдаланиши ҳолатлари тез-тез учраб турарди.
Россия ИДга қарши кураш мақсадида Толибон жангариларини қўллаб-қувватлаётганини айтса-да, афғон расмийларига кўра, Кремль Афғонистон ҳукуматининг хавфсизликка оид чоралари ва терроризмга қарши курашига путур етказмоқда.
Эрон Россия билан алоқасини яхшилаб бориши керак
Жавоб беришФикрлар 4
Демак кўпроқ санкциялар жорий қилиш керак
Жавоб беришФикрлар 4
Бунга умуман қўшилмайман, бу хато. Россияга тегинманг! Аксинча, Америка ва Европа давлатлари терроризмни қўллаб қувватлайди. Россия қудратли куч!
Жавоб беришФикрлар 4
Очиқдан-очиқ демагогия
Жавоб беришФикрлар 4