Карвонсарой
Таълим

Жаҳон Банки Ўзбекистонда мактабгача таълимни ривожлантиришга кўмаклашади

Жаҳон Банки

2017 йил апрель ойида бошланғич ва умумий ўрта таълимни такомиллаштириш лойиҳаси доирасида Маллабой қишлоғининг 7-МТМга янги мебель, доскалар, ривожлантирувчи ўйинчоқлар, эрта ёшда болаларга таълим бериш бўйича мутахассислар ишлаб чиққан ўзбек ва рус тилидаги кўргазмали қўлланмалар ҳамда китоблар тақдим этилган. (Мирзобек Ибрагимов/Жаҳон Банки)

2017 йил апрель ойида бошланғич ва умумий ўрта таълимни такомиллаштириш лойиҳаси доирасида Маллабой қишлоғининг 7-МТМга янги мебель, доскалар, ривожлантирувчи ўйинчоқлар, эрта ёшда болаларга таълим бериш бўйича мутахассислар ишлаб чиққан ўзбек ва рус тилидаги кўргазмали қўлланмалар ҳамда китоблар тақдим этилган. (Мирзобек Ибрагимов/Жаҳон Банки)

ТОШКЕНТ – Сўнгги 20 йил давомида Ўзбекистондаги мактабгача таълим муассасалари сони салкам 45 фоизга камайди, бугунга келиб эса 2 миллион 450 минг боладан фақатгина 818 минг нафари мактабгача таълим олиш имкониятига эга.

Ўзбекистон ҳукумати ушбу муассасалар сиғимини ошириш мақсадида мактабгача таълим секторига фаол сармоя киритмоқда. Жаҳон Банки эса 2019 йилнинг июль ойига қадар чекка ҳудудларда 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган 100 минг нафар ўғил-қизни МТМга қабул қилишни кўзда тутган лойиҳа орқали ушбу ҳаракатларни қўллаб-қувватламоқда.

Ҳозирги кунда, бошланғич ва умумий ўрта таълимни такомиллаштириш лойиҳаси доирасида биринчи марта ярим кунлик таълим дастурига 56 мингта бола қабул қилинди, бу лойиҳаЎзбекистон Таълим вазирлиги томониданамалга оширилмоқда.

Лойиҳа Таълим соҳасида глобал ҳамкорлик дастурининг 49,9 миллион АҚШ долларига (404,3 миллард ўзбек сўми) тенг маблағи асосида молиялаштирилиб, Жаҳон Банки томонидан бошқарилмоқда.

Болалар МТМда китоб мутолаа қилмоқда, Маллабой қишлоғи, Ўзбекистон. Боланинг илк олти йили унинг жисмоний, ақлий, лингвистик ва ижтимоий-руҳий ривожланишида муҳим давр ҳисобланади. Боланинг ушбу даврда бошидан кечирганлари унинг келажагини шакллантириб, белгилаб беради, дейди мутахассислар. (Мирзобек Ибрагимов/Жаҳон Банки)

Болалар МТМда китоб мутолаа қилмоқда, Маллабой қишлоғи, Ўзбекистон. Боланинг илк олти йили унинг жисмоний, ақлий, лингвистик ва ижтимоий-руҳий ривожланишида муҳим давр ҳисобланади. Боланинг ушбу даврда бошидан кечирганлари унинг келажагини шакллантириб, белгилаб беради, дейди мутахассислар. (Мирзобек Ибрагимов/Жаҳон Банки)

Маллабойдаги МТМ тарбиячилари Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан бўлган 2000 нафар мутахассислар билан бирга таълимга оид турли усуллар, жумладан, болаларга марказлашган ёндашув ва уларни ривожлантиришга эрта ёшдан бошлаб аҳамият бериш каби методологияларни қамраб олган 10 кунлик тренингда иштирок этдилар. (Мирзобек Ибрагимов/Жаҳон Банки)

Маллабойдаги МТМ тарбиячилари Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан бўлган 2000 нафар мутахассислар билан бирга таълимга оид турли усуллар, жумладан, болаларга марказлашган ёндашув ва уларни ривожлантиришга эрта ёшдан бошлаб аҳамият бериш каби методологияларни қамраб олган 10 кунлик тренингда иштирок этдилар. (Мирзобек Ибрагимов/Жаҳон Банки)

Лойиҳа Ўзбекистоннинг кам таъминланган ҳудудларида таълим имкониятини яхшилашга қаратилган ва 5-6 ёшли болалар учун йил давомида ярим кунлик мактабга тайёрлаш дастурини ўз ичига олади.

2019 йилнинг июлигача ушбу дастурга қишлоқ жойлардаги 2420 та боғчада 100 мингга яқин бола қамраб олинади. Бу барча МТМнинг 49 фоизини ёки мамлакат бўйлаб қишлоқ ҳудудларида жойлашган болалар боғчаларнинг 90 фоизини ташкил қилади.

Мактабгача таълимни молиялаштириш

Халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, болаларга эрта ёшда таълим бериш ва парвариш қилишдаги юқори сифат болалар, уларнинг оилалари ва умуман олганда жамиятга муҳим, узоқ муддатли ижтимоий ва иқтисодий манфаат келтиради.

Боланинг илк олти йили унинг жисмоний, ақлий, лингвистик ва ижтимоий-руҳий ривожланишида муҳим давр ҳисобланади. Боланинг ушбу даврда бошидан кечирганлари унинг келажагини белгилайди ва шакллантиради.

Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, болаларнинг боғчадаги давомади, Ўзбекистондаги бандлик натижалари ва келажакда расмий секторда яхшироқ иш жойига эга бўлиш ўртасида боғлиқлик мавжуд. Мисол учун, 25-64 ёш оралиғидаги иш билан таъминланганларнинг 73 фоизи мактабгача таълим муассасаларига борган, МТМга бормаганларда эса бу кўрсаткич 58 фоизни ташкил этган.

Болаларга эрта ёшда таълим бериш ва парвариш қилишнинг оила учун фойдалари кўп. Ўзбекистонда ёш болалар тарбияси билан асосан уларнинг оналари ва опалари шуғулланадилар. Аммо, ҳамёнбоп МТМ мавжуд бўлса, аёллар ишга жойлашишга имкон топадилар, қизлар эса ўқиш учун кўпроқ вақт ажратишлари мумкин.

МТМ қамровини ошириш

2012 йилда Ўзбекистонда болаларни МТМга топшириш даражаси 23,3 фоизни ташкил этиб, бу дунё бўйича энг паст кўрсаткичлардан бири эди. 2013 йилда кам таъминланган оилаларнинг 5 фоизигина ўз фарзандларини боғчаларга берган.

2017 йилга келиб, давлат томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида 3-7 ёшли болалар орасида бу кўрсаткич 29 фоизни ташкил этди.

Ҳукумат эрта ёшда болалар таълимига сармоя киритишнинг муҳимлигини тушунади ва 2021 йилга келиб, 6-7 ёшли болаларни МТМга 100 фоиз қамраб олиш мақсадини ҳамда эрта ёшда таълим бериш ва парвариш қилиш хизматларини тақдим этишдек улкан режани амалга оширишини эълон қилган.

Ўзбекистонда болаларга эрта ёшда таълим бериш ва парвариш қилишни ривожлантириш мақсадида 2017 йил сентябрь ойида Мактабгача таълим вазирлиги ташкил қилинди.

Бундан ташқари, ҳукумат соҳа инфратузилмасини яхшилаш учун давлат томонидан молиялаштириш ҳажмини оширган.

2018 йилда 2017 йил билан солиштирганда мамлакат бўйлаб МТМни жиҳозлаш учун давлат бюджетидан 3 баробар кўп – 100 миллион АҚШ долларига (810,2 миллиард сўм) яқин маблағ ажратилди. 2018 йил февраль ойида ҳукумат таълим мутахассисларини жалб қилиш мақсадида МТМ тарбиячиларининг ойлик маошларини 30 фоизгача оширишга қарор қилган.

Ярим кунлик гуруҳлар кам таъминланган оилалар учун қўл келмоқда

Ўзбекситонда олиб борилаётган янги ташаббуслардан яна бири ярим кунлик гуруҳларнинг очилиши бўлиб, бу гуруҳлар ҳафтада беш кун, соат эрталабки 8:00 дан тушки 12:00 гача фаолият кўрсатади.

«Кўпчилик ота-оналар, айниқса кам таъминлаган оилалар ҳамёнбоплиги сабаб ярим кунлик боғчаларни афзал кўрмоқдалар», дейди лойиҳанинг Халқ таълими вазирлигидаги маслаҳатчиси Мавлуда Нишанова.

«Қишлоқ ҳудудларида ҳар бир бола учун ойлик тўлов 15 минг сўм (2 доллардан камроқ)», дейди у. «Аслини олганда, бу нонушта сарф-ҳаражатларинигина қоплайди, болаларга кўрсатиладиган таълим хизматлари ва ўқув материаллари бепул. 4 соатлик ўқув куни ярим кун ишлайдиган ота-оналар ва уй юмушлари билан банд аёллар учун ҳам қўл келади.»

Ярим кунлик дастур стандард тўлиқ кунлик дастурга нисбатан ҳар бир бола учун камроқ давлат ресурсларини талаб қилади. Аммо бир вақтнинг ўзида, тўрт соатлик ярим кунлик гуруҳларда ўқиган болалар тўлиқ кунлик гуруҳлардаги тенгдошлари билан бир хил парвариш қилинадилар ва таълим оладилар.

(Жаҳон Банки гуруҳи ўзининг http://www.worldbank.org/terms веб-саҳифасида кўрсатилган шартларга мувофиқ, ушбу материалдан фойдаланишга ижозат берган.)

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Мактабгача таълим тизимида малакали кадрлар тайёрлаш тизимида фаолият кўрсатаман, замонавий кадрларга бўлган эҳтиёж олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини тубдан такомиллаштиришни талаб этмоқда. Бизнинг кафедрамизда бу борада чора-тадбирлар режалаштирилиб, уларни амалга оширишга ҳаракат қилинмоқда. Куни кеча мактабгача таълим бошқармаси билан ҳамкорликда "Меҳнат ярмаркаси" ўтказилди.

Жавоб бериш

бу йўл энг тўғриси. Олий таълим ҳам ўрта махсус хам қолаверса мамлакат тараққиёти хам мактабгача таълимга боғлиқ. Мен таълим сифати бўйича илмий изланиш олиб бораман. келажакда албатта мактабгача таълим сифати мамлакат иқтисодий ўсишига таъсирини ўрганиш мақсадим. Президентимиз олиб боаётган сиёсатларини қўллаб қувватлайман. Ушбу сайтга шундай долзарб мақолаларни ёритишга омадлар тилайман

Жавоб бериш