https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2018/05/22/feature-01
Қозоғистон тўлов шартларининг оғирлашиб кетгани сабабли Хитойнинг молиялаштирувидан воз кечди
| Дипломатия

Ўзбекистон ва АҚШ стратегик ҳамкорликнинг «тарихий» даврига қадам қўймоқда

Максим Енисеев

image

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва АҚШ президенти Дональд Трамп ўз делегациялари билан биргаликда 16 май куни Оқ Уйда учрашдилар. (Ўзбекистон президенти матбуот хизмати)

ТОШКЕНТ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонга илк расмий ташрифи чоғида имзоланган битимлар орқали Ўзбекистон ва АҚШ стратегик шерикликнинг янги даври бошланганини эълон қилди.

15-17 май кунлари амалга оширилган ташриф чоғида Мирзиёев ва АҚШ президенти Дональд Трамп кенг кўламли шартномалар, жумладан, миллий хавфсизлик масалалари, миллатлараро маданий ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлишида АҚШнинг кўмаги бўйича келишувга эришдилар.

Ўзбекистон телевидениеси ва Facebook тармоғида кенг ёритилган Икки президент учрашувиниюз минглаб одамлар томоша қилди, деб хабар берди маҳаллий ОАВ.

«Қўшма Штатларда жуда катта ўзбек диаспораси бор, биз улар билан жуда яқин алоқадамиз. Президентимиздан мамнунман, у тўғри қарор қабул қилди», дейди тошкентлик 27 яшар Камола Саидмуҳамедова Карвонсарой билан суҳбатда.

image

17 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Мудофаа вазири Жеймс Маттис билан Пентагонда икки давлат ўртасида биринчи беш йиллик ҳарбий ҳамкорлик режасини муҳокама қилиш учун учрашди. (Ўзбекистон президенти матбуот хизмати)

image

АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича бош ёрдамчиси Элис Уэллс ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов 17 май куни Вашингтонда иккита шартномани имзоладилар. (Ўзбекистон президенти матбуот хизмати)

Икки президент учрашувидан таъсирланган ўзбекистонлик шоир Йўлчи Рўзиев «Ўзбекистон-Америка» шеърини битиб, уни Мирзиёевнинг Facebook саҳифасига жойлади. У икки мамлакат орасида илиқ муносабатлар бошланганидан хурсанд.

«Бу шартнома ҳақиқатдан ҳам «тарихий» деб номланишга лойиқ, чунки неча йиллардан бери биринчи марта Ўзбекистон АҚШга нисбатан аниқ ва тўғри позицияни эгаллади», дейди тошкентлик сиёсатшунос Умид Асатуллаев Карвонсарой нашрига.

«Ўзбекистон эндиликда АҚШ муҳим ва қадрли ҳамкор эканлигини бутун дунёга билдириб қўйди», деди у.

Тижоратни ривожлантириш ва бизнес-муҳитни яхшилаш

«Президент Мирзиёев Ўзбекистондаги бизнес учун қулай шарт-шароитлар яратишга, АҚШ компаниялари ва инвесторлари учун ўз бозорларини очишга ваъда берди», дейилади Оқ Уй баёнотида.

Ўзбекистон ва АҚШ тўлиқ амалга ошган тақдирда умумий қиймати 4,8 миллиард АҚШ долларини (38 триллион ўзбек сўми) ташкил этувчи 20 дан ортиқ йирик шартномаларни имзоладилар.

Бунинг натижасида яратилган иш жойлари рақами ҳали ҳисоблаб чиқилмаган, аммо баъзи Америка компаниялари янги лойиҳаларни эълон қилишган.

15 май куни Ўзбекистоннинг Жиззах Петролиум ва АҚШнинг Honeywell UOP компаниялари Жиззах вилоятида нефтни қайта ишлаш заводи қурилиши учун лицензиялаш ва муҳандислик шартномаларини имзоладилар, бу завод йилига 5 миллион тонна нефтни қайта ишлайди.

16 май куни АҚШнинг General Electric компанияси Ўзбекистоннинг ЎзбекЭнерго корхонаси билан шартнома тузганини эълон қилди, унга кўра, Тошкент иссиқлик электростанциясида қуввати 660 мВт га тенг энергоблок барпо этилади.

Мирзиёевнинг ташрифи доирасида Ўзбекистон ташқи савдо вазирлиги америкалик ҳамкорлар билан турли битимлар тузди.

Жумладан, АҚШнинг WCC International компанияси Ўзбекистон маҳсулотларининг АҚШ бозорига узлуксиз киришни таъминлаш учун қўшма лойиҳани амалга оширишга келишиб олди. Режага кўра, бундай маҳсулотларни электрон платформаларда, айниқса Амазонда тарғиб қилиш кўзда тутилган.

«Биз бу масалада маълум даражада муваффақиятга эришдик», деди Ўзбекистон ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев 17 май кунги баёнотида. «Айни дамда Амазон раҳбарияти билан музокаралар олиб бормоқдамиз ва меморандум лойиҳасини ишлаб чиқмоқдамиз.»

Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилишига ёрдам бериш

Мирзиёев ва Трамп учрашувининг яна бир муҳим натижаси Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишида АҚШнинг кўмагига оид шартнома эди.

Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш учун ўз савдо режимини либераллаштиришга қаратилган ислоҳотларига кўмаклашади ва уларни қўллаб-қувватлайди, деб хабар беради Мирзиёевнинг расмий сайти.

Келишувлар доирасида USAID Ташқи савдо вазирлигига амалий кўмак кўрсатади.

Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик дунёга Ўзбекистоннинг халқаро савдо ҳамжамиятига аъзо экани ва бизнес учун очиқ эканини билдирувчи муҳим белги сифатида хизмат қилиши мумкин. Бу ҳақда USAIDнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Гари Роббинс 14 май куни Тошкентда ўтган учрашувда маълум қилди, деб хабар беради АҚШ элчихонаси.

«Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга аъзо бўлиши Ўзбекистон билан ЖСТнинг бошқа аъзолари, жумладан, АҚШ билан икки томонлама савдо ҳажмини оширади», деди у.

5 йиллик ҳарбий ҳамкорлик режаси

Ўзбекистон ва АҚШ раҳбарлари ўтган йил имзоланган беш йиллик ҳарбий ҳамкорлик режасини амалга ошириш орқали мудофаа алоқаларини мустаҳкамлаш масаласини ҳам муҳокама қилдилар.

Мирзиёев 17 май куни Пентагонда АҚШ Мудофаа вазири Жеймс Маттис билан ушбу режани муҳокама қилди. У биргаликда ишлашга тайёр эканлиги учун Вашингтонга миннатдорчилик билдириб, унинг мамлакати тажриба алмашиш ва ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканини айтди.

«Ўтган йили ёзда имзоланган беш йиллик режамиз ҳарбий соҳадаги ўзаро ҳамкорлигимизни қўллаб-қувватлашга қаратилган», деб айтган Маттис АҚШ мудофаа вазирлиги баёнотига кўра.

«Ўзбекистон ва НАТО минтақавий хавфсизлик масаласида умумий манфаатларга эга ва биз Ўзбекистон билан терроризмга қарши кураш ва чегара хавфсизлиги борасида янада яқинроқ ишлашни режалаштирмоқдамиз», деди у.

Мирзиёев ва Трамп шунингдек, Марказий Осиёда минтақавий хавфсизликни бошқариш ва Афғонистондаги можарони ҳал қилиш йўллари бўйича келишувга эришган.

Мирзиёев Афғонистон раҳбарияти ва мамлакатдаги тинчлик ва барқарорликка ҳисса қўшаётган Шимолий тақсимот тармоғи лойиҳасини қўллаб-қувватлашини билдирди.

«Қўшма Штатлар технологик жиҳатдан дунёдаги энг қудратли ҳарбий кучларга эга», - дейди тошкентлик сиёсатшунос Асатуллаев Карвонсаройга.

«Ўзбекистон қуролли кучлари асосан, совет қуроллари ва ўша даврдан қолган эскича тактик усулларини қўллайди», деди у. «Биз замонавий тажрибани, айниқса учувчисиз учар қурилмалар, роботлар ва юқори технологиялардан фойдаланишни ўзлаштиришимиз зарур».

Америка ОАВ ва таълим ташкилотларига йўл очилмоқда

Президентлар Ўзбекистон ва АҚШ халқлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга келишиб олдилар.

«Аввалги президент Ислом Каримов ва унинг маъмурияти Америка оммавий ахборот воситалари ва нодавлат ташкилотларига нисбатан ишончсизлигини яшириб, (Ўзбекистон ҳудудида) уларнинг ҳар қандай фаолиятини тақиқлаган эди», деди Асатуллаев.

Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистон Халқаро таълим бўйича Америка кенгашлари ва ОАВни аккредитациядан ўтказади.

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Элис Уэллс ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 17 май куни ушбу соҳада иккита шартнома имзоладилар.

Биринчи меморандумга кўра, Ўзбекистон ва АҚШ университетлари ўртасида уч йиллик алмашув дастурини йўлга қўйиш, иккинчидан, инглиз тилини ўрганишга қаратилган дастурларни Ўзбекистон бўйлаб молиялаштиришни кенгайтириш кўзда тутилган. Дастурларнинг қолган тафсилотлари ишлаб чиқилмоқда.

Сизга мақола ёқдими?
46
Йўқ
Фикрлар 1
Сиёсат
Captcha

Трамп ҳам «тахт тагида» юради. Гарчи (ҳозирча) Хельсинкигача масофа сақласа ҳам.

Жавоб бериш