https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2018/05/23/feature-02
| Транспорт

Қозоғистонда хавфсизлик қоидаларини бузган Россия ва Эрон кемалари ушланди

Арман Калиев

image

Қозоғистоннинг Оқтов портидаги кемалар, санасиз сурат. (Оқтов порти)

ОСТОНА – Қозоқ расмийлари Оқтов ва Баутино портида хавфсизликка оид бир нечта қоидаларни бузгани сабаб, 3 та Эрон ва 1 та Россия кемасини ушлаб турибди.

21 май, душанба куни Интерфакс-Қозоғистон агентлигининг Инвестициялар ва тараққиёт вазирлигига таяниб хабар беришича, жами 53 та кема текширувдан ўтказилган ва уларнинг тўрттаси ушлаб қолинган.

Уларда ёнғин хавфсизлиги меъёрларининг бузилгани, корпуснинг герметик қатламидаги муаммолар ва кема юкхонаси эшикларининг сув киришидан етарлича ҳимояланмагани аниқланган, дейилади вазирлик хабарида.

Кемаларнинг чидамлилиги талаб даражасида бўлмаган, бунинг устига, уларнинг корпуси ва ускуналари коррозияга учраган.

«Бундан ташқари, кемалар журналлари халқаро конвенсиялар талабларига жавоб бермаслиги, шунингдек, экипаж аъзоларининг диплом ва сертификатлари улар эгаллаган лавозимга номувофиқ эканлиги маълум бўлди», деб хабар берган вазирлик матбуот хизмати.

«Ерондан келган беш кема портдан чиқиш олдидан бартараф этилиши керак бўлган муаммолар ҳақида огоҳлантирилган. Улар қуйи даражадаги экипаж аъзоларининг малакаси билан боғлиқ.»

Оқтау ва Баутино портлари маъмурияти Россия ва Эроннинг порт расмийларига халқаро стандартларга жавоб бермайдиган кемаларга океанда сузишга рухсат бермасликни сўраб мактуб юборади, дейилади вазирлик хабарида.

Қоидабузарликлар тарихи

Қозоғистон ҳукумати аввал ҳам Россия кемаларининг юк ташиш қоидаларни бузиши, шу жумладан, Каспий денгизи экологиясига зарар етказиши боғлиқ ҳолатларга дуч келган.

2016 йил ноябр ойида Россиянинг Аракс кемаси Қозоғистон яқинидаги қумли соҳилда саёзликка ўтириб қолиши ортидан экологик ҳалокат юз бериши билан боғлиқ хавотирлар кучайган эди.

Танкерда Каспийнинг биологик атроф-муҳитига зарар келтириши мумкин бўлган 550 тонна нефт маҳсулоти, қайта ишланган нефть, остки сувлар ва нефтли тупроқ бўлган.

Кема экипажи сузиб кета олмаганидан сўнг, қутқариш операциясини бошлаш учун зарур бўлган фалокат сигналини жўнатмай, қочишга уринган, аммо қозоқ расмийлари томонидан қўлга олинганди.

Кема эгаси – «Транскаспий» номли Россия компанияси танкерни қумлик қирғоқдан олиб чиқиш ҳақидаги билдиришномаларни эътиборсиз қолдирган, деди Оқтов ва Баутино портлари денгиз бошқармаси раҳбари Нурбол Ерманов.

Қонунбузарларни жазолаш вақти

Каспий денгизини аллақачон тартибга келтириш керак эди, дейди олмаоталик сиёсатшунос Талгат Исмагамбетов.

«Бу ерда Россия кемалари ҳам сузиб юради, улар барча хавфсизлик қоидаларини бузиб, атроф-муҳитга жиддий таҳдид туғдиради», деди Исмагамбетов.

Қозоғистон ўз сувлари ва портларида қатъий назоратни амалга оширади ва бу масалада иттифоқдош қўшни давлатга ҳам ён бермоқчи эмас, деди у.

«Бугунги кунда Қозоғистон Россиядан масофаланишга ҳаракат қилмоқда. Афғонистондаги хавфсизликни таъминлашда АҚШ билан ҳамкорлик,Каспий денгизидаги Оқтов ва Курик портларидан АҚШнинг фойданаланишига рухсат берилиши, лотин алифбосига ўтиш, шунингдек, Қозоғистоннинг яқинда БМТ хавфсизлик кенгашида Сурия масаласи бўйича нейтрал позицияни эгаллагани шундан далолат бермоқда», деди Исмагамбетов Остонанинг Россия фойдасига овоз бермай, бетараф қолганини назарда тутиб.

Сизга мақола ёқдими?
8
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha