Карвонсарой
Иқтисодиёт

Афғонистондаги темирйўл лойиҳаси Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи ортидан рўёбга чиқмоқда

Максим Енисеев

Мозори Шариф темирйўл бекати, 2013 йил. (Осиё тараққиёт банки)

Мозори Шариф темирйўл бекати, 2013 йил. (Осиё тараққиёт банки)

ТОШКЕНТ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг яқинда Америка Қўшма Штатларига амалга оширган расмий ташрифи ортидан қўшни Афғонистондаги темирйўл ва инфратузилма лойиҳалари бўйича ҳамкорлик истиқболлари пайдо бўлди.

Мирзиёев ва АҚШ президенти Дональд Трамп 15-17 май кунлари Вашингтонда кенг кўламли шартномаларни имзолаш, миллий хавфсизлик ва маданий алмашув соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш билан стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаб бердилар.

Оқ Уйнинг учрашувга оид баёнотига кўра, Трамп Афғонистондаги темирйўл ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда Ўзбекистонга сиёсий ва консультатив ёрдам таклиф этган.

Ўзбекистон Ҳайратон - Мозори Шариф темир йўлини кенгайтиришни режалаштирмоқда. 2011 йилда ишга тушган темирйўл, асосан, Осиё тараққиёт банкининг маблағи эвазига бунёд этилган.

Темирйўл ходими вагонга белги қўймоқда, Мозори Шариф, 2013 йил. (Осиё тараққиёт банки)

Темирйўл ходими вагонга белги қўймоқда, Мозори Шариф, 2013 йил. (Осиё тараққиёт банки)

26 март куни Тошкентда ўтган анжуман доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев афғонистонлик ҳамкасби Ашраф Ғани билан учрашди. (Ўзбекистон президенти матбуот хизмати)

26 март куни Тошкентда ўтган анжуман доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев афғонистонлик ҳамкасби Ашраф Ғани билан учрашди. (Ўзбекистон президенти матбуот хизмати)

Лойиҳа Афғонистоннинг барча шимолий вилоятларини халқаро темирйўл тармоғи билан боғлайди. Ўзбекистон уни Афғонистон иқтисодиёти ривожида муҳим роль ўйнайди деб ҳисобламоқда.

Ўзбекистон ёрдамга шай

Шу мақсадда Ўзбекистон Афғонистон темир йўли қурилиши учун 500 миллион АҚШ доллари ажратади, деб ёзди 26 март куни ўз Twitter саҳифасида молия вазири Эклил Ҳакимий.

Мирзиёев Тошкентда 26-27 март кунлари ўтган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик ва минтақавий алоқалар» анжумани доирасида Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан учрашиб, ушбу лойиҳани молиялаштиришга келишиб олган.

Ҳиротгача темир йўли ётқизиш учун 1,8 миллиард АҚШ доллари керак бўлади, деб хабар берди 29 март куни TOLOnews нашри Афғонистон Темир йўллари бошқармасига (AFRA) таяниб.

Темир йўли Афғонистонга ҳар йили 40 миллион доллар даромад келтиради ва 30 мингта иш жойи яратади, деб хабар беради AFRA.

«Зарурий хавфсизлик чоралари кўрилган тақдирда Ўзбекистон бу темирйўлни тез ва самарали тарзда қуриб битказади», деди Ўзбекистон темир йўллари матбуот котиби Ойбек Мамадалиев Карвонсарой нашрига.

«Ўзбекистон минтақадаги бошқа мамлакатларга қараганда кўпроқ темир йўллар барпо этмоқда», деди у.

«Ўзбекистон ўтган бир неча йил давомида Марказий Осиёдаги энг узун Қамчиқ довонидаги туннель орқали катта темирйўл лойиҳасини муваффақиятли амалга оширди ва энг йирик сайёҳлик марказларини Тальго поездлари билан боғлади, деди Мамадалиев.

АҚШ билан ҳамкорликдаги стратегик лойиҳа

Лойиҳа амалга ошадиган бўлса, у Мирзиёевнинг Қўшма Штатларга ташрифининг муҳим натижаларидан бирига айланади, деди Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев «Народное Слово» газетасига 22 май куни берган интервьюсида.

Мирзиёев «Афғонистонда темир йўлини барпо этиш учун Қўшма Штатлар ҳал қилувчи ролга эга халқаро ташкилотлардан маблағ олиш масаласини кўтарди», деди у.

«Бу лойиҳа Афғонистон учун стратегик аҳамият касб этибгина қолмай, унинг амалга оширилиши барча Марказий Осиё мамлакатларининг геостратегия ва геоиқтисодиётини ўзгартириши мумкин», деди Сафоев.

«Бундан ташқари, бу Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка олиб борадиган доимий жараёнларни амалга оширишда ҳал қилувчи омиллардан бири бўлиши мумкин», дейди у.

«Мирзиёев учун темирйўлни Ҳиротгача узайтириш ташқи сиёсатдаги катта ютуқ бўлади. У Ўзбекистоннинг минтақада етакчига айланиши билан якунланади», дейди тошкентлик сиёсатшунос Умид Асатуллаев Карвонсарой нашрига.

«Таъкидлаш жоиз, Мирзиёев лойиҳани амалга оширишда Қўшма Штатлардан ёрдам сўраб хато қилмади», деди у.

«Мирзиёев ва Сафоевнинг баёнотлари Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ўрнатишда Қўшма Штатларни асосий ҳамкор сифатида кўраётганидан далолат беради», деди Асатуллаев.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500