Карвонсарой
Аёллар ҳуқуқлари

Қирғизистонликлар келин ўғирлаш ва аёлларга нисбатан зўравонликка қарши

Аскер Султанов

6 июнь куни Бишкекда мингдан ортиқ одам, шу жумладан, мактаб ўқувчилари милиция идорасида ёш аёл уни ўғирлагани гумон қилинган шахс томонидан ўлдирилиши ортидан намойишга чиқишган. Тиббиёт олийгоҳи талабаси Бурулай Турдаали қизи ўз ўғрисига қарши кўрсатма бериш учун келган вақтда пичоқлаб ўлдирилган. (АДИЛЕТ МАРСБЕКОВ/AFPTV/AFP)

БИШКЕК – Қирғизистон фуқаролари ўтган ой Чуй вилоятида ёш қизнинг даҳшатли равишда ўлдирилиши ортидан келин ўғирлаш одатини қоралаб, аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилишга чақирмоқдалар.

27 май куни ўз ўғрисига қарши кўрсатма беришга тайёрланаётган вақтда тиббиёт олийгоҳи талабаси бўлган Бурулай Турдаали Қизи маҳаллий милиция идорасида пичоқланган.

Асли Таласдан бўлган айбланувчи Турдаали Қизини унга уйланиш мақсадида ўғирламоқчи бўлган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ва маҳаллий янгиликларда берилган хабарларга кўра, милиция ходимлари жуфтликни Чуй вилоятининг Жаййил тиманидаги идорага олиб келган вақтда эркак Турдаали Қизини пичоқлаган, сўнгра, ўз жонига қасд қилишга уринган.

Турли манбаларга кўра, Турдаали Қизининг ёши 19 ёки 20 да, унинг ўғриси эса 29 ёки 30 ёшда бўлган.

9 июнь куни Бишкекдаги намойишда мактаб ўқувчилари тиббиёт олийгоҳи талабаси Бурулай Турдаали қизининг суратини кўтариб олишган. Бурулай 27 май куни уни ўғирлаган деб гумон қилинган шахс томонидан ўлдирилган ва бу вазият Қирғизистонда келин ўғирлаш билан боғлиқ муаммони ўртага олиб чиқди. (Аскер Султанов)

9 июнь куни Бишкекдаги намойишда мактаб ўқувчилари тиббиёт олийгоҳи талабаси Бурулай Турдаали қизининг суратини кўтариб олишган. Бурулай 27 май куни уни ўғирлаган деб гумон қилинган шахс томонидан ўлдирилган ва бу вазият Қирғизистонда келин ўғирлаш билан боғлиқ муаммони ўртага олиб чиқди. (Аскер Султанов)

Сиёсатчилар, санъаткорлар, ҳуқуқ фаоллари ва ўнлаб бишкекликлар 9 июнь куни эркинлик рамзи бўлган оқ кийимда «Биз аёллар ҳуқуқлари тарафдоримиз» шиорлари билан намойишга чиқишди. (Аскер Султанов)

Сиёсатчилар, санъаткорлар, ҳуқуқ фаоллари ва ўнлаб бишкекликлар 9 июнь куни эркинлик рамзи бўлган оқ кийимда «Биз аёллар ҳуқуқлари тарафдоримиз» шиорлари билан намойишга чиқишди. (Аскер Султанов)

9 июнь куни бишкекликлар келин ўғирлаш одатига қарши намойишга қўшилдилар. «Келин ўғирлашга қаршиман» хештеги остидаги бу аёл баннерида «Қиз ўғирлаш унинг келажагини ўғирлаш демакдир» ва «Одам ўғирлашни ва буни оддий ҳолат деб билишни бас қилинг» деб ёзилган. (Аскер Султанов)

9 июнь куни бишкекликлар келин ўғирлаш одатига қарши намойишга қўшилдилар. «Келин ўғирлашга қаршиман» хештеги остидаги бу аёл баннерида «Қиз ўғирлаш унинг келажагини ўғирлаш демакдир» ва «Одам ўғирлашни ва буни оддий ҳолат деб билишни бас қилинг» деб ёзилган. (Аскер Султанов)

6 июнь куни қирғизистонлик талабалар оқ шарлар билан Бишкекда келин ўғирлаш одатига қарши намойишга чиқишди. (Дмитрий Мотинов/AFP)

6 июнь куни қирғизистонлик талабалар оқ шарлар билан Бишкекда келин ўғирлаш одатига қарши намойишга чиқишди. (Дмитрий Мотинов/AFP)

Ўз жонига қасд қилиш натижасида олган жароҳатлари билан шифохонада даволаниб чиққан гумондор Бишкекдаги ҳибсхонага жойлаштирилган ва суд маҳкамасини кутмоқда, деб хабар берди 24.kg нашри 13 июнь, чоршанба куни.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари унинг ҳибсга олинганини тасдиқлади.

БМТ маълумотларига кўра, Қирғизистонда ҳар йили тахминан 12 мингга яқин хотин-қизлар ўғирланиб куёвларга топширилади, баъзида яқин қариндошлар кўра-била туриб бунга йўл қўйиб берадилар.

Одил судлов талаби

Мазкур ҳолат жамоатчилик орасида кенг муҳокама сабаб бўлди, аёлларни ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш ва Турдаали Қизи билан боғлиқ воқеа айбдорларини жавобгарликка тортиш чақириқлари янгради.

5 июнь куни президент Сооронбай Жеенбеков айбдорларни жазолашни талаб қилди, бош вазир Муҳаммедкали Абилгазиев эса келин ўғирлаш одатига бўлган муносабатни тубдан ўзгартиришга чақирди.

Бутун мамлакат бўйлаб қатор намойишлар бўлиб ўтди.

6 июнь куни Бишкекдаги намойишчилар оқ шарлар ва «Келин ўғирлашга қаршимиз» ҳамда «Қизларга ҳам бахтли бўлишга имкон беринг» шиорларини кўтариб кўчаларга чиқдилар, деб хабар берди AFP.

Ташкилотчиларга кўра, намойишда 1000 дан 1500 гача одам иштирок этган.

Келин ўғирлашдек «шармандали феноменга» нисбатан «муносабатларни кескин ўзгартириш» вақти келди, дейди Таълим вазири Гулмира Кудайбердиева.

«Қизларимизни ўз хоҳишларига қарши узатишни бас қилишимиз керак», деди у намойиш вақтида. «Жуда яхши қонунлар бор, аммо ёшларнинг ота-оналари онгини ўзгартириш учун улар билан ишлашимиз керак.»

Аёлларга қарши зўравонликка «Йўқ!» деймиз

Сиёсатчилар, санъаткорлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва ўнлаб бишкекликлар эркинлик рамзи сифатида оқ кийимларни кийиб, 9 июнь куни «Биз аёллар ҳуқуқлари тарафдоримиз» шиори остида навбатдаги намойишга чиқдилар.

«Биз бугун зўравонликка «Йўқ!» деймиз», деди акция ташкилотчиларидан бири Ассол Молдокматова.

«Қизларимиз зўравонлик кўрмаслигини, эрта турмуш қуришга мажбурланмайдиган, ўғирланмайдиган ва таҳқирланмайдиган шароитда яшашларини истайман», деди у Карвонсарой нашрига. «Аёлда танлов ҳуқуқи бўлиши керак. Биз шу мақсадда бу ерга келдик ва Бурулай хотирасини ёд этмоқдамиз.»

Намойишчилар қонун чиқарувчиларни уйланишга мажбурлаш мақсадида аёлларни ўғирлаётганларга қарши жазони кучайтиришга чақирдилар.

«Аёлларга оид қонунларни қайта кўриб чиқишимиз керак», деди Молдокматова. У ҳукуматга мавжуд қонунни қайта кўриб чиқиб, уни ҳалок бўлган аёл шарафига «Бурулай қонуни» деб аташни таклиф қилди.

Намойишда Қирғизистоннинг собиқ президенти Роза Отунбаева сўзга чиқиб, аёлларни ўз қизларига ғамхўрлик қилиш ва шахсиятларини ҳурмат қилишга ва уларни эрта ёшда турмушга чиқишга мажбурламасликка чақирди.

«Биз, шаҳар ва қишлоқлардаги аёллар қизларимизнинг ўғирланаётганига жавобгармиз», деди у. «Диққатимиз нимага қаратилган? Нима учун қизларимизни ҳимоя қилмаяпмиз?»

«Чора кўриш зарур»

Турдаали Қизининг ўлими «жамиятнинг яраси – келин ўғирлаш муаммосини юзага чиқарди», дейди Қирғизистондаги ягона мусулмон журнали – «Умма» бош муҳаррири Элиана Марям Сатарова.

«Мен Қирғизистонда бу каби ўтмиш сарқитига барҳам берилишини истайман», деди Сатарова Карвонсарой нашрига. «Ислом – келин ўғирлаш одатига қарши, деб аниқ айта оламан. Зўравонликни қабул қилиб бўлмайди.»

«Биз жавоб қайтаришимиз керак», денди 18 яшар бишкеклик Диана Жусупбекова. «Мен қўл қовуштириб ўтирмаслик учун бу акцияга қўшилдим. Бундай вазиятда пассив бўлиш даҳшатли.»

32 яшар бишкеклик Иляс Эстебесов «фуқаролик позициясини эгаллаш муҳим», дейди.

«Бу каби фуқаролик ҳаракати мамлакатимизда илдиз отишини кўришни ва унда иштирок этишни истайман», деди у Карвонсарой нашрига. У «бундай намойишлар сабабли аниқ чора-тадбирлар қабул қилинишига» умид билдирди.

2015 йил декабр ойида ҳукумат томонидан тасдиқланган Гендер тенглиги бўйича Қирғизистонинг миллий режаси амалга бўлиши лозим, деди бишкеклик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Толекан Исмаилова.

«Жамиятни ўзгартирадиганҳаракат зарур», деди у Карвонсарой нашрига.

Милициянинг пассивлиги ҳуқуқ ҳимоячиларини ташвишлантирмоқда

Турдаали Қизи ўлимининг энг даҳшатли тарафи – унинг фуқаролар ҳимоя излаб борадиган милиция идорасида ўлдирилганидир, дейди Исмаилова.

Милиция ходимлари аёлнинг ҳалок бўлишига йўл қўйганлари учун айбдорлар, деб тан олди Ички ишлар вазири Кашкар Жунушалиев. Камида 23 нафар милиция ходими интизомий ва маъмурий жазога тортилди, улар орасида лавозимидан озод қилинганлар ҳам бор, деб хабар берди 24.kg нашри.

«Милиция қотилликка алоқадор», деди Исмаилова. Юз берган ҳолатни оқлаб бўлмайди, деб қўшимча қилди у.

«Бурулай туман милиция идорасига кириши билан, терговчилар унинг хавфсизлигини таъминлашлари керак эди», деди у. «Аммо милиция ходимлари одатга кўра уни тажовузкор билан холи қолишига қўйиб берганлар.»

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари «қурбон жиноятчи билан қанча муддат бирга бўлгани ва милиция уларни қанча вақтга ёлғиз қолдирганини» ўрганиб чиқмоқда, деди Исмаилова.

«Биз ижтимоий тармоқларда ўз норозилигимизни билдирдик ва адвокатлар билан маслаҳатлашдик», деди у.

«Соҳада ислоҳотларни амалга ошириш учун катта маблағ олган ҳуқуқ-тартибот органлари нима учун ҳуқуқларимизни ҳимоя қилмаслигини» тушунишни истаймиз, деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органларида чинакам ислоҳотлар ўтказиш зарур, аёллар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши керак

Жавоб бериш

Бурулай фожиасини шоуга айлантириб юборишди! Мақола эмас, ташкилотчилар маломатга лойиқ. Кимнингдир фожиасидан шоу ясаш уят, вазир ойим Гулмира Каримовна!

Жавоб бериш