Карвонсарой
Иқтисодиёт

Минглаб қозоқлар янги ҳаёт орзусида шимолга кўчиб ўтмоқдалар

Айдар Ашимов

Қозоғистон даштларидаги чўпон. (Тогжан Ибраева/Wikimedia Commons)

Қозоғистон даштларидаги чўпон. (Тогжан Ибраева/Wikimedia Commons)

ОСТОНА – Таҳлилчиларнинг сўзларига кўра, қозоқларни мамлакат жанубидан шимолга ихтиёрий равишда кўчириш дастури ўз самарасини бера бошлаган.

2017-2021 йиллар учун самарали бандлик ва оммавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурининг бир қисми бўлган ҳукумат режаси аҳоли зичлиги ҳамда ишсизлик ва ишчи кучи тақчиллиги муаммоларини ҳал этишга қаратилган.

Дастур ёрдамида Қозоғистон эски демографик муаммони бартараф этишга уринмоқда – агар у ҳозир ҳал этилмаса, 2050 йилга бориб жанубда яшовчи аҳоли сонининг улуши 55 фоизга етади. Бу ҳақда 2016 йилда соғлиқни сақлаш вазири Тамара Дусейнова огоҳлантирган эди. Жанубий вилоятлар майдони нисбатан анча кичик экани ҳисобга олинса, жанубдаги аҳоли зичлиги шимолдагидан 4 марта каттароқ бўлиши англашилади.

Ушбу чора қисман Россия тарафидан юз бериши мумкин бўлган эҳтимолий агрессия билан ҳам боғлиқ. Кремль Грузия ва Украинада уруш олиб бориши натижасида сўнгги йилларда Остонада шундай гап-сўзлар тарқалган эди.

Ҳукумат иш таклиф қилиш ва жанубдан шимолга кўчиш афзалликларини тушунтириш учун меҳнат ярмаркалари ўтказиш орқали ушбу дастурни оммалаштирмоқда. 20 апрель куни Чимкентда бўлиб ўтган ана шундай ярмаркада 100 дан ортиқ бўш иш ўринлари таклиф этилди. (Шимолий Қозоғистон вилояти ҳокимияти)

Ҳукумат иш таклиф қилиш ва жанубдан шимолга кўчиш афзалликларини тушунтириш учун меҳнат ярмаркалари ўтказиш орқали ушбу дастурни оммалаштирмоқда. 20 апрель куни Чимкентда бўлиб ўтган ана шундай ярмаркада 100 дан ортиқ бўш иш ўринлари таклиф этилди. (Шимолий Қозоғистон вилояти ҳокимияти)

Жанубий Қозоғистондаги ишсизлик даражаси республикадаги ўртача кўрсаткичдан юқорироқ. Маҳаллий аҳоли кўпинча очиқ бозорларда олди-сотди қилиш ва устачилик каби вақтинчалик ишлар билан кун кўради. Суратда Чимкент бозорининг март ойидаги кўриниши акс этган. (Айдар Ашимов)

Жанубий Қозоғистондаги ишсизлик даражаси республикадаги ўртача кўрсаткичдан юқорироқ. Маҳаллий аҳоли кўпинча очиқ бозорларда олди-сотди қилиш ва устачилик каби вақтинчалик ишлар билан кун кўради. Суратда Чимкент бозорининг март ойидаги кўриниши акс этган. (Айдар Ашимов)

Кремль хориждаги этник руслардан иборат миллий озчиликларни ҳимоя қилишни бостириб кириш учун баҳонасифатида қўллаган.

Press-unity.com нашрининг ёзишича, аҳолини шимолга кўчириш ўша вилоятлардаги этник қозоқлар сонини ошириш мақсадига хизмат қилишини 2017 йилда Остонада PaperLab муҳокама гуруҳининг мажлисида қатнашган социолог ва сиёсатшунослар бир неча бор таъкидлаган эдилар.

Ўтган йили дастур доирасида 1600 қозоқ ёки 408 оила шимолга кўчиб ўтди. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги маълумотларига кўра, бу йил 9 мингдан зиёд қозоғистонлик аллақачон шимол тарафга отланган.

Дастурга мувофиқ, аҳоли Жанубий Қозоғистон, Олмаота, Жомбой, Қизилўрда ва Манғистов вилоятларидан Шарқий Қозоғистон, Шимолий Қозоғистон, Павлодар ва Қустанай вилоятларига кўчирилмоқда.

Янги ҳаётга йўлланма

Шимолга кўчиб борувчиларга иш, «оёққа туриб олиш учун» маблағ, тураржой ижараси учун субсидия, ер участкалари таклиф этилмоқда, янги касблар ўргатилмоқда ва ҳатто, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун кичик грантлар тақдим этилмоқда.

«Биз оиланинг меҳнатга лаёқатли барча аъзоларини иш билан таъминлай оламиз», дейди Шимолий Қозоғистон вилояти бандлик марказининг ходими Анвар Илёсов Карвонсаройга. «Кўчиб келган ҳар бир кишига 84 минг тенге (255 доллар) миқдорида моддий ёрдам берилади».

«Кўчиб келган оила тураржой ижарасини тўлаш учун бир йил давомида ёрдам пули олиб туради», дейди у. «Агар биратўла уй сотиб олмоқчи бўлсалар, уларга шу заҳотиёқ бир йиллик субсидия тўланади».

«Оила аъзоларининг сонига қараб, ижара ҳақи йилига 860 минг тенге (2600 доллар) бўлиши мумкин», деди у. «Бу пул битта квартира ёки уйни ижарага олиш учун етарли».

Ҳукумат томонидан, шунингдек, 240 минг тенге (730 АҚШ доллари) миқдорида грант олиш ҳуқуқига эга бўлган янги иш бошловчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш сиёсати ишлаб чиқилмоқда.

«Ушбу грантлар тадбиркор бўлишни истаганларни қўллаб-қувватлашга мўлжалланган», деди Ильясов. «Чорвачилик билан шуғулланиб, қишлоқ жойларда озиқ-овқат дўкони очаётган ва сутни қайта ишлаётган тадбиркорлар шулар жумласидандир.»

Иш берувчилар учун субсидиялар

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги маълумотларига кўра, шимолдаги иш берувчилар жанубдан келган камида беш нафар янги ишчини ёллаш учун уч йил давомида субсидия олади.

Иш берувчиларга ҳар бир ходим учун 1 млн. тенге (3000 АҚШ доллари) берилади.

Петропавловскдан бўлган тадбиркор Валерий Курпатов ўзининг мебель устахонаси учун бир нечта ишчини ёллашга тайёр эканини айтади.

«Бизга тажрибали ишчилар керак», деди у Карвонсаройга. «Шундай бўлса-да, биз иш ўрганувчиларни ҳам қабул қиламиз ва уларга иш ўргатамиз».

«Мен Жамбил ва Жанубий Қозоғистондан бўлган иккита номзод билан телефон орқали гаплашишга улгурдим», деди у.

Кўчириш дастури иш берувчиларга маъқул келмоқда, чунки бу ерда «ишчи кучи етишмаслиги яққол сезилади», деди у.

Кўчириш дастури барча учун фойдали

«Жанубий вилоятларда аҳоли ҳаддан ташқари кўп, шимолда эса жуда сийрак», дейди чимкентлик сиёсатшунос Рауан Дауталиев Карвонсаройга. «Дастур ушбу муаммоларни ҳал қилиши мумкин. Бу ихтиёрий равишда кўчиб боришни рағбатлантирувчи омилдир.»

Ҳукумат, энг аввало, ёшларни, касб-ҳунар билим юртлари битирувчиларини ва оралманларни (Қозоғистонга яқин мамлакатлардан кўчиб келган этник қозоқларни) рағбатлантиришга интилмоқда, деди у.

«Кўчириш дастури эндигина тўлиқ ҳажмда иш бошламоқда», деди у. «Айни пайтда расмийлар вилоятларда жамоатчиликни хабардор этиш ишлари билан бандлар».

«Маблағ етишмовчилиги ва тураржой муаммосига дуч келган оилани олайлик. «Улар ишчи кучига талаб бўлган жойга кўчиб, бу муаммоларига ечим топишлари мумкин. Шу боис дастур кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда.»

Шимолга кўчишдан «давлат ҳам, кўчиб борувчилар ҳам, аҳолининг кўчирилишидан дивиденд олувчи иш берувчилар ҳам бирдек манфаатдор », деди у.

«Бироқ кўчиб ўтувчи оилалар вазиятга реал кўз билан қарашлари керак», деб огоҳлантирди Дауталиев. «Муаммолар осон ҳал бўлмайди. Ишлаш керак. Шунда давлат ҳам ёрдам беради».

Яхшироқ ҳаёт умиди

Аҳолини кўчириш дастурининг иштирокчиларидан бўлган чимкентлик Дархан Амирханов хотини ҳамда 2, 4 ва 7 яшар учта фарзанди билан Шимолий Қозоғистон вилоятининг Акжар туманига кўчиб ўтишни режалаштирмоқда.

«Жанубда иш топиш мушкул, бунинг устига, ўз уйимиз ҳам йўқ,» деди у Карвонсаройга. «Бироқ, жамғарган пулларимиз бор, қўшимчасига «оёққа туриб олиш» учун давлат маблағини оламиз. Биз тоғли қишлоқда ўзимиз учун уй сотиб олмоқчимиз. Чорвачилик билан шуғулланиш ниятидамиз».

Амирханов автомеханик ёки ҳайдовчи бўлиб ишламоқчи эканини айтди. У Чимкентдалигидаёқ Акжар туманидан иш бўйича бир нечта таклифлар олган.

«Танишларимиздан айримлари аллақачон ушбу дастур доирасида янги жойларга кўчиб ўтдилар», дейди Амирхонов. «Менинг дўстим иш топди ва ваъда қилинган барча пулларни олди. Унинг ҳаёти яхшиланди. Умид қиламанки, бизда ҳам ҳаммаси яхши бўлади».

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Бу жуда ижобий қадам!

Жавоб бериш

Қандай қилиб иш топсам бўлади?

Жавоб бериш