ОСТОНА – Қозоғистоннинг яқинда кибертаҳдидларга қарши кураш бўйича Россия билан келишув имзолаши буни янглиш қарор сифатида кўраётган кўплаб қозоқ таҳлилчиларини ажаблантирмоқда.
Vlast.kz сайтининг 8 июнь кунги хабарига кўра, Қозоғистон миллий банки ва Россия Марказий банки раислари Санкт-Петербургдаги халқаро конференция чоғида кибер-таҳдидларга қарши биргаликда кураш ва мунтазам равишда молиявий ахборот алмашиб туришга оид келишувни имзолаганлар.
Ушбу ҳужжатни имзолаш билан, Қозоғистон бамисоли товуқхонани қўриқлашни тулкига топширгандек бўлмоқда, дейди таҳлилчилар.
Уларнинг сўзларига кўра, Россия кибер-таҳдидларга қарши курашдан кўра, кўпроқ уларни юзага келтириш билан шуғулланади.
Ғарб мамлакатлари ва собиқ совет республикалари Россияни узоқ йиллар давомида давлат даражасидаги хакерлик ҳаракатларида айблаб келади. 2016 йилда АҚШдаги президент сайловларига аралашув, 2017 йилда NotPetya зарарли дастури орқали Украинага қилинган ҳужум, 2007 йилда Эстониядаги киберҳужумлар ҳафталиги ва бошқа кўплаб мисоллардан шуни хулоса қилиш мумкин: ушбу хакерлик ҳужумлари техник тарафдан шу даражада мураккабки, улар фақат ҳукумат томонидан амалга оширилган ёки молиялаштирилган бўлиши мумкин.
Халқаро ҳамжамиятнинг кескин танқидларига қарамай, Россиянинг киберҳужумлари тўхтагани йўқ. Германиянинг Маршалл жамғармаси тадқиқотига кўра, Кремл 2004 йилдан 2017 йилгача бўлган даврда 27 давлатнинг ички ишларига аралашган.
Россиянинг «имзоси»
Россия йиллар мобайнида Европа мамлакатларига қарши амалга оширилган турли хакерлик ҳужумлари ортида турганига шубҳа йўқ, дейди ахборот технологиялари бўйича остоналик мутахассис Одил Умаров.
2007, 2008 ва 2017 йилларда мос равишда Эстония, Грузия ва Украинада қайд этилган ҳужумлар жисмоний шахсларнинг банк ҳисобрақамларини ўмариш ёки шахсий маълумотларини ўғирлаш билан боғлиқ бўлган оддий ҳолат эмас эди, деди у Карвонсаройга.
«Бу ишни анча жиддий профессионаллар амалга оширган», деди у. «Катта эҳтимол билан, улар юқоридан келган топшириқни бажарганлар».
Умаровнинг сўзларига кўра, хакерликнинг бундай тури давлат муассаларига қаратилган бўлиб, уларда сақланувчи ҳужжатларни ўғирлашни мақсад қилади. Табиийки, хорижий давлатларнинг ички сир-асрорларидан бохабар бўлиш Россияга ҳар қандай қарама-қаршиликда яққол устунлик беради.
Россиянинг Европа ва АҚШга қарши кибернетик урушдаги тажрибаси тобора ортиб бормоқда. Тўпланган билимлар эса Россияни янада хавфлироқ қилади, деди у.
Таҳлилчиларинг фикрича, Россиянинг суверен давлатларга қарши киберуруш олиб борганига оид кўплаб мисоллар ушбу мамлакат билан киберхавфсизлик ва махфий маълумотлар алмашинуви соҳасида «ҳамкорлик» қилиш ўта хавфли эканини исботлайди.
Тбилисида жойлашган Грузия стратегик таҳлил марказининг асосчиси Нодар Харшиладзенинг фикрича, киберуруш ва ахборот уруши Россиянинг асосий тактикасидир.
Россия кимдир ёки нимадир унинг манфаатларига раҳна солади деб ҳисоблаши билан мунтазам равишда киберҳужумлар уюштириб туради, деди у Карвонсаройга.
Қозоғистондаги киберхавфсизлик: аралаш манзара
Кузатувчиларнинг фикрича, Қозоғистондаги киберхавфсизликка оид айрим манзаралар бошқаларига нисбатан ёрқинроқ.
2014 йилда Россиянинг Украинага қарши эҳтимолий «гибрид уруши»ни олиб боргани қозоқ ҳукуматининг тегишли хулосалар чиқариб, жавоб чораларини кўриб қўйишига олиб келди, дейди олмаоталик сиёсатшунос Руслан Жангази.
Унинг сўзларига кўра, ўтган йили кузда Қозоғистон қабул қилган янги ҳарбий доктринада «гибрид уруш усуллари» ва «киберҳужумлар» каби хавф турлари тилга олинган. «Бу (хавфлар) Россия таҳдидига ишора қилади».
«Хусусий сектор давлат секторидан кўра ҳимоясизроқ. Кўпгина қозоғистонлик фирмалар қароқчилик дастурлари, жумладан, эски версиядаги «Windows» операцион тизимларининг заиф ва ҳимоясиз нусхаларидан фойдаланадилар», деди Умаров.
«Алфабанк»нинг ахборот технологиялари бўйича мутахассиси, олмаоталик Евгений Новиковнинг сўзларига кўра, ҳукумат идораларининг ҳимояси мукаммалроқ.
«Масалан, Қозоғистон фуқароларининг шахсий маълумотлари сақланадиган egov.kz электрон ҳукумат сайти яхши ҳимояланган», деди у Карвонсарайга. «У ерда фавқулодда вазиятларда тезкорлик билан ҳаракат қиладиган мутахассислар бор».
Унинг сўзларига кўра, бошқа ҳукумат идоралари киберҳужумдан кейин эмас, балки у содир этилишидан аввал тизимдаги заифликларни мунтазам равишда аниқлаб боришлари керак.
«Бугунги кунда технологиялар шиддат билан ўзгармоқда», дейди у. «Эътиборсизлик бу соҳада жуда қимматга тушиши мумкин».