Карвонсарой
Иқтисодиёт

Россиянинг Украина экспортига нисбатан чекловлари Марказий Осиёда кескин норозиликка сабаб бўлди

Арман Калиев

Россия президенти Владимир Путин (чапда) ва Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 2018 йил май ойида Сочида учрашдилар. Украина маҳсулотларининг Россия ҳудудидан ўтишига нисбатан Кремль томонидан қўлланган чеклов муддатининг узайтирилиши Марказий Осиёдаги бизнес раҳбарларини ғазаблантирди. (Қозоғистон президенти веб-саҳифаси)

Россия президенти Владимир Путин (чапда) ва Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 2018 йил май ойида Сочида учрашдилар. Украина маҳсулотларининг Россия ҳудудидан ўтишига нисбатан Кремль томонидан қўлланган чеклов муддатининг узайтирилиши Марказий Осиёдаги бизнес раҳбарларини ғазаблантирди. (Қозоғистон президенти веб-саҳифаси)

ОЛМАОТА – Яқинда Москва томонидан Украина маҳсулотларининг Марказий Осиёга экспорти учун чеклов муддатининг узайтирилгани қўшничилик муносабатларига хилоф бўлиб, маҳаллий бизнесга зарар келтирмоқда, дейди минтақавий кузатувчилар.

29 июнь куни Россия президенти Владимир Путин Украина маҳсулотларининг Қозоғистон ва Қирғизистонга Россия ҳудудидан олиб ўтилишига нисбатан чекловларни узайтирган эди. Янги муддат 2019 йилнинг 1 январигача этиб белгиланган.

Дастлабки чеклов Украина Европа Иттифоқи назоратидаги эркин савдо ҳудудига қўшилганлигига қарши ўч сифатида 2016 йил 1 январда жорий қилинган эди. Чеклов муддати 30 июнь куни тугаши керак эди.

Путиннинг фармони украиналик экспортчиларнинг Марказий Осиёга товарлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб ўтишига нисбатан сезиларли логистик ва бюрократик чекловларни жорий этди. Россия орқали ўтадиган йўл юкларнинг Марказий Осиёга ортиқча қайта юклашларсиз етиб олишига имкон берар эди.

Украинада ишлаб чиқарилган Рошен ширинликлари Магнум супермаркетида, 7 июль, Олмаота. (Арман Калиев)

Украинада ишлаб чиқарилган Рошен ширинликлари Магнум супермаркетида, 7 июль, Олмаота. (Арман Калиев)

Россиянинг Қозоғистон ва Украина ўртасида пайдо қилган тўсиқлари энг аввало икки давлат тадбиркорлари, қолаверса, Қозоғистонда ноёб бўлган товарларнинг истеъмолчиларига зарар етказмоқда, деди остоналик тадбиркор Беибит Кебекбаев Карвонсарой нашрига.

Кебекбаевнинг такидлашича, Украина конфетлари, шоколадлари ва юқори сифатли мебеллари Қозоғистонда доим харидоргир бўлган. Унинг айтишича, муқобил ва мураккаб йўналишлар бу маҳсулотлар нархини оширади.

«Бу чеклов маҳсулотлар рақобатбардошлиги камайиб бораётганлиги сабаб украиналик таъминотчиларга ҳам, талаб камайиб бораётганлиги туфайли даромади пасайиб кетаётган маҳаллий сотувчиларга ҳам зиён келтиради», деди у.

«Шу билан бирга, ўзларининг севимли маҳсулотларидан воз кечаётган, улар учун ортиқча нарх тўлаётган ёки танловларини чеклаётган истеъмолчиларни унутмаслигимиз керак», дейди Кебекбаев.

Бу мақбул чора эмаслиги аниқ, деди у.

Можарога бошқаларни аралаштириш

Россия яқинда амалга оширган хатти-ҳаракатлари билан биринчи марта ўз ҳамкорларини можарога тортиши эмас ва ўзининг геосиёсий ўйини учун Қозоғистон ва Қирғизистонни ўз ичига олган Москва назоратидаги Евроосиё Иқтисодий ҳамжамияти (ЕИҲ) каби иқтисодий ташкилотлардан ҳам фойдаланишга тайёрлигини кўрсатмоқда.

Масалан, 2011 йилнинг май ойида Россия соғлиқни сақлаш вазири Геннадий Онишченко Қозоғистонни Грузиядан вино ва спиртсиз ичимликлар импортини тақиқлашга чақирган. Унинг Қозоғистонга таъсир ўтказиш йўлидаги самарасиз ҳаракатлари Москва ва Тбилиси ўртасидаги низо даврида юз берган эди.

Онишченко грузин винолари ЕИҲдан аввалги Евроосиё божхона иттифоқи (EACU) томонидан белгиланган сифат меъёрларига жавоб бермаслигини даъво қилган.

Бу баёнотдан Қозоғистон ҳам, Грузия ҳам норози бўлди, кўпчилик қозоқ таҳлилчилари Онишченко таклифи сиёсий сабаблар билан боғлиқ эканини таъкиладилар, деб хабар берган эди 2014 йилда Қозоғистоннинг Kapital.kz сайти. Қозоғистон Иқтисодий тараққиёт ва савдо вазирлиги бу масалани фақат кўп томонлама музокаралар орқали муҳокама қилишга чақирган.

Қозоғистонлик тадбиркорлар Грузия маҳсулотларининг тақиқланишига қарши чиқдилар.

Россиянинг босими Қозоғистонинг иқтисодий манфаатларига зид эди, Грузия винолари ва минерал сувлари эса ЙБИ қоидаларини бузмас эди, деганди 2011 йилда Қозоғистон спиртли ичимликлар ишлаб чиқарувчилари миллий уюшмаси (КазАлко) раҳбари Амиржон Калиев.

2013 йилда ҳам Россия гўёки Украина шоколади таркибида органик бирикма – бензопирен топилгани сабаб, Қозоғистонга Украина ширинликларини импорт қилишдан тийилишни тавсия қилган.

Ўша пайтда босим остида қолган Рошен компаниясининг раҳбари сайловларда иштирок этаётган ва ЕИ савдо шартномаси тарафдори бўлган, Украинанинг амалдаги президенти Петр Порошенко эди.

Қозоғистон ва Қирғизистон кейинчалик ўз таҳлилларини ўтказдилар ва натижада Рошен конфетлари хавфсиз эканлиги аниқланди.

Қўшничиликка зид хатти-ҳаракатлар

Россия бундай фармонларни Қозоғистон билан муҳокама қилмайди ёки мувофиқлаштирмайди, деган эди олмаоталик иқтисодчи Магбат Спанов 365info.kz сайтида 4 июль куни чоп этилган мақолада.

У Россиянинг ўз иттифоқдошига нисбатан сиёсатига қарши ўз ғазаби ва норозилигини билдирди.

«Ҳамкорлар ва қўшнилар бундай қилишмайди. Шундай экан, биз америкаликлар билан қўшма лойиҳаларни бошлайдиган бўлсак биздан хафа бўлишмасин», деди у.

Россия ҳали ҳам Қозоғистонни «Рус дунёсининг» бир қисми деб билади ва Остона манфаатлари билан ҳисоблашишга ўрганмаган, деди Спанов.

Путиннинг яқинда Украина маҳсулотларини тақиқлашга оид фармони буни тасдиқлайди, деди у. Эксперт Россиянинг Украина билан муносабати ва Қозоғистоннинг Украина билан муносабати алоҳида масала эканлигини таъкидлади.

«Россия тақдирларни ҳал қилувчи ҳоким эмас. У муроса қилиши ва бошқа давлатлар манфаатларини ҳам ҳисобга олиш керак», деди Спанов.

Қирғиз бизнес раҳбарларининг ғазаби

Россия Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги меъёрлари доирасида бошқа давлатлар билан қўшничилик алоқалари ўрнатишни истар экан, у муаммоларга муқобил ечимларни таклиф этиши керак, деди қирғиз таълим лойиҳаси – «EducationStandard» раҳбари, бишкеклик Дониёр Эмилов.

«Акс ҳолда Қирғизистон ва Қозоғистон Жаҳон савдо ташкилоти орқали ўз ҳуқуқларини ҳимоя қила олади. Россия эса шунчаки ўз ҳамкорларидан узоқлашади», деди у Карвонсарой нашрига.

Москванинг бир томонлама аксил санкциалари ва Киевни иқтисодий томондан яккалашга қилаётган ҳаракатлари EEU ҳамкорларига таъсир этди, деди Қирғизистонинг савдо-саноат палатасининг саноат сиёсати, экспорт ва инфратузилма қўмитаси раиси Кубат Раҳимов.

«Иттифоқдош эканмиз, бундай қарорлар мувофиқлаштирилгани маъқул, эҳтимолий оқибатлар эса ҳисобга олиниб, зарарсизлантирилиши лозим», деди Раҳимов Карвонсарой нашрига.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия билан тузилган битим у ёзилган қоғозга арзимайди.

Жавоб бериш