Карвонсарой
Фан ва технология

Қозоғистон IT соҳасини ривожлантириш йўлида илдам қадамлар ташламоқда

Айдар Ашимов

Остонадаги EXPO павильонида жойлашган Astana Hub, 3 июль. (Айдар Ашимов)

Остонадаги EXPO павильонида жойлашган Astana Hub, 3 июль. (Айдар Ашимов)

ОСТОНА – Қозоғистон ҳукумати ўз лойиҳаларини Astana Hub – халқаро IT ва стартап акселераторида амалга оширишга рози бўладиган истеъдодли хорижий ва маҳаллий IT-мутахассисларга молиявий кўмак таклиф этмоқда.

Пойтахтдаги EXPO павильонида жойлашган Astana Hub «Рақамли Қозоғистон» давлат дастури доирасида «Зерде» миллий инфокоммуникация холдинги ҳамда Ахборот ва коммуникациялар вазирлиги билан ҳамкорликда фаолият юритади.

3 июль куни Astana Hub қозоғистонлик ва хорижлик IT-мутахассисларни янги лойиҳавий имкониятлар билан таништирди, дейилади «Зерде» баёнотида.

«Инновацион экотизим ғояси амалиётда ўз ифодасини топмоқда», деди бош вазир ўринбосари Аскар Жумагалиев тадбир давомида.

3-5 июль кунлари Astana Finance Days тадбирлари доирасида иштирокчилар Astana Hub халқаро технопаркидаги имкониятлар билан танишмоқдалар. (Айдар Ашимов)

3-5 июль кунлари Astana Finance Days тадбирлари доирасида иштирокчилар Astana Hub халқаро технопаркидаги имкониятлар билан танишмоқдалар. (Айдар Ашимов)

Янги Astana Hub тақдимотининг ўтказилиши технопаркка диққат қаратиш, IT ҳамжамияти билан ҳамкорлик имкониятларини белгилаш ва Қозоғистоннинг асосий рақамли лойиҳаларини намойиш этишга хизмат қилади, деб хабар берди «Зерде».

«Astana Hub бутун дунёдан илғор технологиялар ва иқтидорли мутахассисларни жалб этувчи марказга айланади ва айланмоқда», деди Қозоғистон Ахборот ва коммуникациялар вазири Даурен Абаев тақдимот маросимида.

Асосий истеъдодларни жалб қилиш

TengriNews хабарига кўра, бош вазир Бакитжан Сагинтаев 3 июль куни бўлиб ўтган Қозоғистоннинг глобал инвестициялар бўйича давра суҳбатида «Технологиялар ўзгариб бормоқда ва бизга мана шу юқори технологиялар билан ишлай оладиган мутахассислар керак», деб айтган.

Қозоғистон ҳукумати ёш мутахасисларга грантлар, иш ва уй-жой ажратишга тайёр, деди у.

«Дунё бўйлаб иқтидорлар учун кураш кетаётган даврда ёпиқ эшиклар ортида ўтирсак, вазиятга нотўғри ёндашган бўламиз», деб қўшимча қилди у.

Astana Hub марказининг асосий мақсади – бутун дунёдан ёш IT-мутахассисларни бирлаштириш ва уларга ўз ғояларини Қозоғистонда амалга оширишга кўмаклашиш, деди Сагинтаев.

«Қисқа вақт ичида маҳаллий мутахассисларни етиштириш жуда мушкул, шу боис бизга юқори малакали мутахассислар керак ва бизнинг эшикларимиз улар учун доим очиқ», деди у.

«Кизилординские Вести» нашрининг ёзишича, бош вазир ҳозирда Astana Hub ёш, ишга чанқоқ ёшлар ўзларига офис очиб, ишлай олишлари учун барча шароитларга эга эканини таъкидлади.

Ёш IT мутахассислари Остонадан кўмак изламоқда

«Astana Hub стартап-лойиҳалар дастури иштирокчиларининг илк гуруҳини чиқаришга улгурди. Келажакда бизда акселерация дастурларидан ташқари бошқа кўмак лойиҳалари ҳам амалга оширилади», деди у Карвонсаройга.

Қозоғистон ахборот технологиялари соҳасини ҳам маҳаллий, ҳам хорижий мутахассисларни жалб этиш орқали ривожлантиришни режалаштирмоқда.

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳридан бўлган ахборот технологиялари мутахассиси Нурбек Кулбаев 3-5 июль кунлари Astana Finance Days тадбирларида иштирок этиш учун Остонага келган.

«Мен ва ҳамкасбларим ёрдамга муҳтожмиз ва бу ёрдамни Остонадан излаяпмиз. Айни дамда биз талабалар учун мўлжалланган, блокчейн технологияси асосида ишловчи мобил иловани ишлаб чиқмоқдамиз. Бизда яхши ғоя бор, аммо уни рўёбга чиқариш учун ташкилий ва молиявий кўмак зарур», деди у Карвонсаройга.

Остоналик 43 яшар дастурчи ва тадбиркор Вадим Буранов Қозоғистонда малакали IT-мутахассислар камлигини айтади.

«Келажак рақамли технологияларга боғлиқ», деди у Карвонсаройга. «Қозоғистон минтақада етакчи бўлишга ва замонавий технологиялар соҳасида олдинда юришга интилмоқда. Шу сабабли ҳам хориждан мутахассислар жалб этиш масаласи тилга олинмоқда», деди у.

«Мен бу қарорни қўллаб-қувватлайман, лекин ўзимизнинг IT мутахассисларимизни ҳам тайёрлашимиз керак», дейди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500