БИШКЕК – Қирғизистоннинг дин ишлари бўйича давлат комиссияси «Эътиқод эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди.
Янги қонун-қоидалардан кўзланган мақсад – дин ва давлат ўртасидаги муносабатларга путур етказиши мумкин бўлган хавфларни камайтириш, дейди таҳлилчилар.
Бишкекдаги Қирғизистон-Россия славян университетининг диншунослик бўйича эксперти Индира Асланованинг айтишича, бундан 10 йил аввал қабул қилинган динга оид қонун ҳозирда анча эскириб қолган.
Унинг айтишича, янги қонун лойиҳаси 2014 ва 2018 йиллардагига нисбатан мукаммалроқ.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Бишкек марказий масжидида намоз ўқиётган мусулмонлар. (Руслан Содиқов)
«Унда бир-бирига зид келувчи моддалар йўқ ва умуман, дин соҳасини тартибга солиш бўйича керакли чора-тадбирлар белгиланган», деди у Карвонсаройга.
Назоратнинг кучайиши
Расмийлар мамлакат бўйлаб диний соҳадаги фаолият устидан назоратни кучайтирмоқчи.
Дин ишлари бўйича давлат комиссияси раҳбари Зайирбек Эргешовнинг 3 июль куни «Интерфакс» агентлигига маълум қилишича, эндиликда барча намозгоҳлар, ибодатхоналар ва бошқа шу каби диний маросимлар ўтказиладиган жойлар давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт.
Унинг сўзларига кўра, намозгоҳлар ва ибодат учун мўлжалланган хоналар «ҳар ерда ва тўғри келган жойда»: кафелар, ресторанлар, бозорлар ва савдо уйларида очиб ташланган.
«Биз бу намозхоналар, ибодат хоналарининг деворлари ортида нималар бўлаётганидан бехабармиз. Биз ҳатто, улар кимга тегишли эканлигини, уларда нималарга даъват қилинишини ҳам билмаймиз. Қаердан биламиз, балки улар Қирғизистонда тақиқланган радикал диний оқимларни тарғиб қилишаётгандир?», дейди у.
Озод Европа/Озодлик радиоси лойиҳаси бўлган «Настоящее Время» телеканалининг 9 июль кунги хабарига кўра, қонунда вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари ҳам ҳимоя остига олинган.
Болаларга кўчаларда даъват билан шуғулланиши, шунингдек, уларнинг масжид ёки ибодатхоналарда ишлаши тақиқланади. Бугунги кунда болалар масжидда ҳақ тўланмайдиган ишларни бажарадилар, масалан, намозхонларнинг қўлларига обдастадан сув қуядилар.
Болалар диний маросимларда фақат ота-оналарининг рухсати ёки уларнинг ўзлари билан иштирок этишлари мумкин.
Жамоатчилик фикрини ўрганиш
Давлат шунингдек, Қирғизистон таълим ва фан вазирлиги томонидан диний таълим муассасаларига лицензия бериш ва уларни сертификатлашнинг янги тартибини жорий этмоқда.
Диний ўқув юртлари ўз таълим дастурига тарих, жамиятшунослик, тиллар каби дунёвий фанларни киритиши керак бўлади.
Асланованинг таъкидлашича, тилга олинган сўнгги чора ортиқчадир.
Унинг айтишича, диний таълим муассасаларини лицензиялаш чораси ортиқча, сабаби диний соҳа Таълим вазирлиги ваколатига кирмайди.
«Диний ташкилотлар ўз таълим услуби, қадриятлари, тарихига эга. Шу боис ҳам у ердаги таълим дунёвий таълимдан фарқ қилади», деди у Карвонсаройга.
«Бу борада ягона стандартни жорий қилиш имконсиз», деди у. «Рўйхатга олиш бўйича техник талабларни белгилаш мумкин, бу ишни эса дин ишлари бўйича давлат комиссияси уддалайди».
Айни пайтда ҳукумат таклиф этилаётган ислоҳотлар юзасидан жамоатчилик фикрини ўрганмоқда, бу қонуннинг якуний шаклига таъсир қилиши мумкин. Кузатувчиларга кўра, қонун лойиҳаси парламент аъзолари ёзги таътилдан қайтганидан сўнггина қабул қилинади.
Таълим вазирлиги ходимлари мактабга формасиз келадиган ўқувчилар масаласини тез-тез кўтариб туришади. Вазирлик ходимлари мактабларда ҳижобда юришга рухсат бериб, мактаб ўқувчиларининг формаси ҳақидаги низомни бузмоқдалар. Фақат низомни эмас, балки мамлакатнинг бош қонунини, дунёвий давлат конституциясини ҳам. Мактабларда формада юриш керак ёки ҳар кимга хоҳлаган кийимида юришга рухсат бериш керак.
Жавоб бериш