ТОҒЛИ БАДАХШОН, Тожикистон – Жорий ҳафтада Россия ва Тожикистон Афғонистон тарафидаги жангарилар ҳужумига тайёргарлик ўлароқ иддао қилинган қўшма ҳарбий машғулотларни бошлади, бироқ, аслида бунинг бошқа сабаблари бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Асосан заҳирадаги кучлардан иборат 10 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчилар илк бор совет даврларидаги собиқ иттифоқчилари билан Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида ўтказиладиган машғулотларда қатнашадилар, дейилади Тожикистон мудофаа вазирлиги баёнотида.
Баёнотда айтилишича, бирлашган кучлар фаразий ҳужумларда Афғонистондан кириб келган «террорчиларни йўқ қилиш» амалиётларини ўтказади.
Машқлар 17 июль, сешанба куни бошланган ва 20 июль, жума куни якунланиши режалаштирилган эди.
Россиянинг Тожикистондаги 201-ҳарбий базасидан русларнинг 400 га яқин аскари ва 80 та ҳарбий ускунаси машқларда қатнашиш учун юборилган, деб хабар берган Россия армияси.
Мазкур база Россиянинг хориждаги энг катта ҳарбий базаси бўлиб, Тожикистондаги иккита алоҳида ҳудудда, Душанбе ва Хатлон вилоятининг Қўрғонтепа шаҳарларида жойлашган. У ерда тахминан 6000 дан 7000 гача аскарлар бор.
Базанинг жойлашуви сабабли икки давлат ҳарбийлари иштирокидаги аввалги машқлар Афғонистон билан чегарадош Хатлон вилоятида ўтказилган эди.
Аммо, жорий машғулотлар мамлакатнинг бошқа ҳудудида, Тожикистоннинг Хитой билан чегарадош ягона вилояти – Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида ўтказилмоқда.
Жойлашув, жойлашув ва яна бир бор жойлашув
Машғулотлар жойининг ўзгаришига сабаб – Хитой ва Россиянинг ўз «томорқасига» бошқаларни киритишни истамаётгани, дейди баъзи кузатувчилар.
Хитой сўнгги йилларда Тожикистонда хавфсизлик соҳасидаги кўмагини анча кучайтирди, жумладан, Тожикистон ва Афғонистоннинг 1300 километрлик чегарасида инфратузилма яратиб, 2016 йилдан бери Тожикистон билан ҳамкорликда ҳарбий машқларни ўтказиб келмоқда.
Бундай ҳамкорлик Тожикистон чегараларида ҳам амалга оширилмоқда. Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, Пекин вилоят чеккасида, Афғонистон ва Хитойнинг Шинжон вилояти чегараси яқинида хавфсизлик иншоотини барпо этди, дейилади Халқаро инқироз гуруҳи (ICG) томонидан март ойида эълон қилинган маърузада.
«Россиялик манбаларнинг таъкидлашича, Марказий Осиёда Хитойнинг ҳарбий ҳозирлиги Москва учун оғриқли масала», дейилади баёнотда.
Унда айтилишича, «бир неча йил аввал россиялик таҳлилчи ва расмийлар Марказий Осиёни Москванинг «томорқаси» деб тасвирлашга ўрганиб қолган эдилар, бу билан Пекин Марказий Осиёдаги ҳар қандай фаолиятини россиялик ҳамкорлар билан мувофиқлаштириши кераклигига ишора қилар эдилар».
«Тожикистонда катта тажрибага эга россиялик мутахассис Хитой расмийларининг Тоғли Бадахшонда барпо этилган хавфсизлик иншоотлари сони ҳақида Москвага хабар бермагани юзасидан ўз норозилигини билдирган.»
«Хитой минтақада Россиядан кўра кўпроқ устунликка эга, хусусан, маблағ ва Тожикистонга жуда зарур бўлган йирик инфратузилмалар ҳамда бошқа лойиҳаларни молиялаштиришга тайёрлиги билан», дейилади ҳисоботда.
18 июль, чоршанба куни Россиянинг давлат назоратидаги Газпром компанияси Тожикистонга нефт ва газ заҳираларини қазиб олишга ортиқ ёрдам бера олмаслигини эълон қилиши Россиянинг ўз қўшниларига ёрдам бера олмаслиги ёки буни истамаслигини кўрсатди.
Мамлакатнинг бу қисмида Хитойнинг хавфсизлик соҳасидаги ҳозирлиги «Россияни ғазаблантиради», дейилади баёнотда.
Терроризмга қарши кураш баҳонаси
Мустақил кузатувчиларга кўра, Россиянинг Марказий Осиёда ўз ҳарбий қудратини мустаҳкамлаши ва уни намойиш этишга уриниши – Москванинг ўз дўстларини душманлардан ҳимоя қилишдан кўра, кўпроқ бой берилган совет ҳудудлари устидан назоратни тиклашга қарор қилганидан дарак бермоқда.
Россия ҳарбийлари узоқ йиллар давомида тожик-афғон чегарасини қўриқлаб келган, бироқ 2005 йилда шармандалик билан Тожикистонни тарк этган эдилар. Ўшандан бери Россия ўз назоратини мустаҳкамлаш ҳаракатлари доирасида уларни қайтаришга уриниб келган.
Россия ва Тожикистон ўртасида 2012 йил октябрда имзоланган келишувга кўра, 201-ҳарбий база Тожикистонда 2042 йилгача мавжуд бўлади.
Кремлнинг даъвосига кўра, Марказий Осиёга Афғонистон тарафдан жангарилар кириб келиши хавфи мавжуд.
Масалан, январь ойида Россия расмийлари Афғонистондаги «Ислом давлати» (ИД) жангарилари сони 10 мингга яқин эканини баён қилган эдилар. Афғонистон расмийлари бу рақамга зудлик билан аниқлик киритиб, уларнинг «бир неча юз» эканлигини билдирганлар.
Москванинг ғазаб устида ўз қудратини кўрсатиб қўйишга уринишлари туфайли, Марказий Осиё мамлакатлари ўз йўлини белгилашни бошламоқда.
Жумладан, 6 март куни Қозоғистонлик қонун чиқарувчилар Каспийбўйидаги иккита денгиз портини фойдаланиш учун очиш ҳақидаги қонунни маъқулладилар. Ушбу портлар ноҳарбий юкларни АҚШдан Афғонистонга (Россияни четлаб ўтиб) етказиш учун транзит нуқтаси бўлиб хизмат қилиш кўзда тутилган.
Экспертларга кўра, Москва Марказий Осиёдаги таъсирини йўқотаётганидан норози эканлигини кўриниб турибди, Россиянинг «қўғирчоқ ОАВ»лари эса воқеалар ривожига «тизимли равишда» эътироз билдириб келмоқда.
Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳарбий ИТТИФОҚ ташкил этиши керак!!!
Жавоб беришФикрлар 1