https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2018/07/24/feature-01
| Дин

Қозоғистонда аёлларни радикаллашувдан ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда

Ксения Бондаль

image

«Инобат» замонавий муслима аёллар клуби аъзолари Павлодар шаҳрида, ўтган йилнинг 10 ноябрь куни учрашдилар. Клубда ўтказиладиган тадбирлар аёлларни жамиятга қўшилиши ва радикаллашувга қарши туришга ёрдам беришга қаратилган. (Павлодар вилояти Динлараро муносабатлар таҳлили ва тараққиёт маркази)

ОЛМАОТА – Сўнгги ўн йил ичида Қозоғистонда экстремизмга қарши кураш асосан эркакларга қаратилгани натижасида аёллар ажралиб, радикал қарашларга мойил бўлиб қолган эди.

Экстремистларнинг қамоққа олиниши, хавфсизлик операциялари ёхуд террорчилик ҳужумлари натижасида ўлдирилишидан сўнг, уларнинг ҳамфикр аёллари ҳал этилмаган муаммолар билан юзма-юз қолиб кетмоқдалар.

Бугунги кунда аёллар орасида радикаллашувни бартараф этиш ва экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолган аёлларни реабилитация қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мисол учун, 2013 йилда ишга тушган Павлодар вилояти Динлараро муносабатлар таҳлили ва тараққиёт маркази Павлодар шаҳрида замонавий муслима аёллар учун «Инобат» клубини ташкил этди.

image

Павлодарда жойлашган Динлараро муносабатлар таҳлили ва тараққиёт марказига ташриф буюрган ниқобли аёл, сурат июль ойида олинган. (Гулназ Раздикова олган сурат)

Ўтган йилнинг октябрь ойидан бери 20 га яқин хотин-қиз ҳар ой икки маротаба клуб йиғилишларига қатнамоқда, дейди марказ раҳбари Гулназ Раздикова Карвонсарой нашрига.

Учрашувлар давомида аёллар турли йўналишлардаги машғулотларда иштирок этадилар, улар аёллар ижтимоийлашуви ва замонавий жамиятга мослашувига қаратилган.

«Бундан ташқари, биз уларга ҳукумат ташкилотлари, ҳомийлар, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя муассасалари кўмагида кундалик муаммоларини ҳал қилишга ёрдамлашамиз», деди у.

Реабилитация ишлари

Аёл экстремистлар билан ишлаш усуллари эркаклар билан ишлашдан фарқ қилади, деди Раздикова.

«Аёлларнинг идроки таъсирчан. Кучли хафагарчилик, оғриқ ёки тушкунлик каби салбий руҳий таъсирлар натижасида уларнинг дунёқараши торайиб, «туннель қараш» пайдо бўлади», деди Раздикова.

Бундай шароитларда аёллар танқидий фикрлашдан тўхтайдилар ва «қалб овчилари» деб аталувчи радикал даъватчилар таъсирига тушиб қоладилар, деб тушунтирди у.

Шу билан бирга, аёллар интернетда ҳам фаол бўлишади, у ерда эса террорчи гуруҳлар ва экстремистик ташкилотлар томонидан бошқариладиган «тузоқ сайтлар» ва ижтимоий тармоқлар саҳифалари мавжуд, дейди Раздикова. Бу сайтларда аёлларга «оловли нуқталарга» кетиб, у ерда «мужоҳидларнинг аёлларига» айланиш тарғиб қилинади, деди у.

Бундай аёллар билан ишлаш уларнинг ихтиёрий иштироки ва ўз-ўзига ёрдамига асосланади, яъни мажбурий реабилитация йўқ, деди у.

«Ҳамма ҳар хил, шу боис биз қўллайдиган усуллар ҳам индивидуаллаштирилган», деди Раздикова. «Инсон онги билан ишлашнинг ягона стандарти мавжуд эмас. Илм-фан ёхуд амалиётда текшириб кўрилган нарсаларнинг бари фақат тавсия сифатида қабул қилиниши мумкин».

«Ишнинг муваффақияти кўп жиҳатдан мутахассиснинг профессионал кўрсаткичлари, билими, маҳорати, бардоши ва журъатига боғлиқ», деди у.

Бундан ташқари, бу йўналишдаги ишлар тизимли ва давомли олиб борилиши, шунингдек, реабилитация жараёнининг махфийлиги таъминланиши керак.

Оилаларда радикаллашувга қарши кураш

«Эрлар содир этган жиноятлари учун чинакам пушаймонликни ҳис қилганларидан сўнг, улар ўз йўллари хато эканлиги ҳақидаги тушунчаларни рафиқаларига етказадилар ва радикаллашувни йўқотишда мультипликатив эффектни юзага келтирадилар», дейди экстремизм бўйича остоналик таҳлилчи Алибек Киманов.

«Эрлар йўлдан адашганликларини англаб етганларидан сўнг, бизга аёллари билан гаплашиб қўйишни сўраб мурожаат қилардилар», деди у тўғри йўлга қайтишига ёрдамлашган собиқ жангарилардан бирини назарда тутиб.

«Турмуш ўртоқларининг рухсати билан биз шундай аёллар билан учрашиб, улар билан суҳбат ўтказадиган аёллар гуруҳини ташкил этардик», деди Киманов.

Айрим аёллар эрларини радикал қарашлардан ҳимоя қилишга уринса, айримлари қаршилик қилмайди, деди у.

«Реабилитация ёрдамисиз радикал ғоялар йўқолмайди, яъни эр озодликка чиққач, оила яна Сурияга (жангарилар сафига) қайтиши эҳтимоли юқори», дейди Олмаотадаги «Акниет» информацион ташвиқот ва реабилитация маркази раҳбари Алим Шауметов.

Акниет аёлларни экстремистик фаолиятни давом эттиришдан тўсиш, турмуш ўртоқларининг вафоти ёки қамалишидан сўнг, уларга тасалли ва маслаҳатлар бериб, иш топишларига кўмаклашмоқда.

«Марказимизда уларга озроқ пул ишлаш имконини берувчи кичик тикувчилик корхоналари бор», деди у. «Биз улар билан ишлашга тайёрмиз.»

Сизга мақола ёқдими?
5
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha