ИССИҚКЎЛ, Қирғизистон – Қирғизистоннинг энг катта кўли жойлашган Иссиқкўл вилояти полицияси ёзги дам олиш мавсумида ҳудудда назоратни кучайтириб, жиноятчиларга қарши чоралар кўрмоқда.
Иссиқкўл – мамлакатдаги энг йирик туристик маскан ҳисобланади.
Хабарларга кўра, Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) ва Бишкек шаҳар полициясининг 3 мингдан ортиқ ходими сайёҳлик мавсумининг энг қизғин палласида вилоятга сафарбар этилган.
Полиция тиним билмаяпти
Полиция, асосан, Марказий Осиё ва Россиядан келган сайёҳларни «муттаҳамлар»дан ҳимоя қилиш билан банд.
ИИВнинг 17 июль кунги хабарига кўра, 14 июль куни россиялик аёл Бўзтери қишлоғидаги бозорда ҳамёнини ўғирлатган. Полиция бир эркак ва уч нафар аёлдан иборат киссавурлар тўдасини қўлга олди.
Тўрт нафар гумондордан учтаси аввал судлангани маълум бўлди.
ИИВга кўра, бир ҳафта аввал Иссиқкўлга сайёҳларни ўмариш мақсадида келганини тан олган шахс ушланган.
Бу орада, 5 июлдан бошлаб Чуй вилоятида Иссиқкўлга олиб борувчи йўлда кўчма назорат-ўтказиш пунктлари ишлай бошлади, деб хабар берди Kabar.kg нашри вилоят полициясига таяниб.
Вилоят полициясига кўра, кўчма назорат-ўтказиш пунктлари 2018 йилги сайёҳлик мавсуми давомида хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади. Улар йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун жарима ёзиш эмас, балки сайёҳларга ёрдам бериш билан шуғулланади.
Полиция сайёҳлар ва маҳаллий аҳолини ёрдам керак бўлганда ушбу пунктларга мурожаат қилишга чақирмоқда. Улар, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларининг қонунга хилоф ҳатти-ҳаракатлари устидан шикоятларни ҳам қабул қилади.
Осойишталикни таъминлаш
Хавфсизликнинг кучайтирилгани Қирғизистонга янада кўпроқ хорижлик туристларни жалб қилади, дейди бишкеклик сиёсий шарҳловчи Бек Ибралиев.
«Бу йили Иссиқкўлга хориждан дам олиш учун келадиган сайёҳлар сони 5 фоизга ошиши кутилмоқда», деди у Карвонсаройга. «Кузда эса Қирғизистон кўл бўйидаги тоғларда Бутунжаҳон кўчманчилик ўйинларига келадиган кўп сонли хорижлик меҳмонларни қабул қилади.»
Ўйинлар Чўлпон ота шаҳрида сентябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган.
Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон учун сайёҳларни Иссиқкўл табиатига жалб қилишгина эмас, балки яқинда ўтказилиши кутилаётган ўйинларда ўз аксини топадиган минтақа маданияти ва тарихига қизиқиштириш ҳам муҳим.
«Шундай экан, ҳуқуқ-тартибот идоралари бутун дунёда долзарб бўлиб бораётган террорчилик таҳдидларини ҳисобга олган ҳолда хавфсизлик чораларини кўрмоқдалар», деди у. «Бу каби йирик кўламдаги тадбирлар кучайтирилган хавфсизлик шароитида ўтказилиши керак».
Хавфсизлик – Иссиқкўлга ҳар йили келадиган қозоғистонлик туристлар учун энг муҳим масалалардан бири.
Олмаоталик 28 яшар Асан Салханов ҳар йили ёзда Бўзтери қишлоғидаги «Золотые пески» пансионатида дам олишни хуш кўради. Бу ерга кўплаб ёшлар келишади.
«Мен дискотекаларга боришни ва кечгача сайр қилишни ёқтираман, лекин ўғриларга йўлиқиш эҳтимоли сабабли тунда юриш хавфли бўлиши мумкин».
«Полиция патруллари сони кўпайтирилса, биз – дам олувчилар ўзимизни хавфсизроқ ҳис қиламиз», деди у Карвонсаройга.