ДУШАНБЕ – 30 июль, душанба куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ҳужум натижасида хорижлик сайёҳларнинг қурбон бўлгани муносабати билан таъзия билдирди.
29 июль, якшанба куни Хатлон вилоятининг Данғара туманида қуролланган шахслар икки америкалик ҳамда бир швейцариялик ва данияликни ўлдириб, қолган икки нафар сайёҳни жароҳатлаган. Аввалроқ ушбу ҳужум автоҳалокат деб талқин қилинган эди, деб хабар беради Asia-Plus нашри.
Ҳалок бўлган ва жароҳатланганлар етти кишидан иборат велосаёҳатчилар гуруҳи бўлиб, улар орасида Франция фуқаролари ҳам бўлган.
«Гумондорларнинг пичоқ ва ўқотар қуроллари бўлган», деди ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода.
«Сайёҳлардан бири пичоқланган бўлиб, ҳозирда унга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Беморнинг ҳолати барқарор», деди Раҳимзода унинг фуқаролигига аниқлик киритмай.
Омон қолганлардан яна бири шифохонага етказилган, Франция фуқаросига эса ҳеч қандай зарар етмаган ва у ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан сўроқ қилинмоқда, деб қўшимча қилди вазир.
Вазирнинг айтишича, «қўлга олиш жараёнида қаршилик кўрсатган» икки гумондор ўлдирилган, кейинроқ яна тўрт киши ҳибсга олинган. Вазирлик душанба куни яна бир гумондор шахс ўлдирилгани ҳақида хабар берди.
Тергов жараёни ҳақида гапирган Раҳимзода «барча эҳтимолий вазиятлар кўриб чиқилаётганини» айтган. «Бу террорчилик ҳужуми эканлиги ҳақида бирор нарса дея олмаймиз», деди у.
Аммо, «фуқаролар ва сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида давлат ташкилотларини қўриқлаш кучайтирилган», деди вазир.
Душанбедаги АҚШ элчихонаси ҳалок бўлганларнинг икки нафари америкалик эканини тасдиқлади, аммо уларнинг исмларини ошкор қилмади.
Душанба куни Раҳмон ҳалок бўлганларни ёдга олиб, Қўшма Штатлар, Швейцария ва Нидерландия давлатларига таъзия билдирди. Тожикистон ҳуқуқ-тартибот органлари жиноятчиларни жавобгарликка тортиш учун барча чораларни кўрмоқда, деб таъкидлади у.
«Биз Данғарада юз берган воқеа юзасидан олиб борилаётган тергов ишида Тожикистон ҳукумати билан ҳамкорлик қилмоқдамиз», деди душанба куни АҚШ элчихонаси вакили Жефф Райднор Asia-Plus нашрига.