Карвонсарой
Дин

Ўзбекистонда ноқонуний диний мактаблар фаолиятига барҳам берилмоқда

Максим Енисеев

Ноқонуний диний мактабда дарс ўтаётган муаллим, Ўзбекистон давлат телеканали эфиридан олинган кадр.

Ноқонуний диний мактабда дарс ўтаётган муаллим, Ўзбекистон давлат телеканали эфиридан олинган кадр.

ТОШКЕНТ – Ўзбекистон ҳукумати 2018 йилнинг биринчи ярмида 116 та ноқонуний ҳужра фаолиятига чек қўйди. Ўтган йили уларнинг сони 33 тани ташкил этган.

14 август куни «Ўзбекистон-24» телеканалида эфирга узатилган «Ҳужрадаги зулмат» кўрсатувида айтилишича, ўрта ва бошланғич мактаб ёшидаги болалар учун мўлжалланган бундай ҳужраларда муаллимлар Исломни бузиб талқин қилиб таълим берганлар.

Айрим ҳужралар болаларга таълим бериш ҳуқуқига ва диний илмга эга бўлмаган ўқитувчиларни ёллаб, қонунни бизганлар. Таълим берувчиларнинг кўпчилиги болаларни оч қолдириш ёки якка ҳолда қамаб қўйиш каби шафқатсиз ва ҳақоратомуз жазо чораларини қўллашда айбланмоқдалар.

Барча 116 ҳужра асосчилари жиноий жавобгарликка тортилган бўлиб, улар жамоатчилик учун хавф туғдирадиган материалларни тайёрлаш ва тан жароҳати етказишда айбланмоқдалар.

Ноқонуний диний мактабда Қуръон ўрганаётган ўқувчилар, Ўзбекистон давлат телеканали эфиридан олинган кадр.

Ноқонуний диний мактабда Қуръон ўрганаётган ўқувчилар, Ўзбекистон давлат телеканали эфиридан олинган кадр.

Болаларнинг калтакланиши ўзбек жамиятини ларзага солди

Сурхондарёлик 6 яшар Муҳаммадсодиқ Абдураҳмонов ўтган йилнинг декабр ойида ҳужрадаги ўқитувчиси Шерали Ибодов томонидан калтакланиши натижасида ҳаётдан кўз юмди. Суд Ибодовга етти йиллик қамоқ жазоси тайинлаган.

Озод Европа/Озодлик радиосининг ўзбек хизмати Муҳаммадсодиқнинг қариндошларидан бири билан боғланган. У Ибодов ўзининг ҳамма ўқувчиларини калтаклаганини айтган.

«Бундай мактабларда болаларга билим берилмайди», деди тошкентлик Камилла Нодирова Карвонсарой нашрига. «Биз дунёвий давлатда яшаймиз, ҳар бир бола диндан холи таълим олишга ҳақли.»

«Ҳар бир бола зўравонликдан ҳимояланиши керак», деб давом эттирди Нодирова. «Фикримча, ноқонуний мактабларга қарши янада қаттиқроқ курашиш зарур.»

Ўзбекистонда хусусий диний таълим таъқиқланган, дейди тошкентлик ҳуқуқшунос Муслима Ҳакимова Карвонсарой нашрига.

«Қонунга кўра, таълим тизими диндан бутунлай ажратилган», деб қўшимча қилди у. «Рўйхатдан ўтган диний ташкилотларгина диний мактабларни очишлари мумкин. Бундан ташқари, диний мактабларда (Ўзбекистоннинг) 11 йиллик мажбурий умумтаълим мактабини тамомлаган, вояга етган фуқароларгина таҳсил олиши мумкин.»

Шу тариқа диний мактаблар фақат ўрта таълим ёки университет сифатида фаолият юритиши мумкин (бошланғич таълим муассасаси ҳеч қачон диний бўла ўлмайди), деб таъкидлади у.

Ўзбекистон ҳукумати ноқонуний диний мактабларнинг таъсирига қарши кураш мақсадида мактаблар ва олий таълим муассасаларида исломий таълимни жадал ривожлантирмоқда ва ислом таълимотига имкон қадар кўпроқ ёшларни жалб қилишга интилмоқда.

Университет даражасидаги «Мир-и-Араб» мадрасаси 2017 йилнинг июнь ойида Бухорода очилган.

Бир вақтнинг ўзида Тошкентда ҳукумат Ислом Цивилизацияси Марказини барпо этишда давом этмоқда.

Экстремистларга ёрдам беришда диққат-эътибор зарур

Кузатувчиларнинг сўзларига кўра, ҳукумат тарафидан ёпилган кўп сонли ҳужралар ташвишланиш учун асосли сабабдир.

«Ҳужралар миллий хавфсизликка таҳдид солади», деди тошкентлик сиёсатшунос Умид Асатуллаев Карвонсарой нашрига.

Диний малакага эга бўлмаган одам – ўқувчилар онгини заҳарлаш истагидаги экстремист бўлиши мумкин, деб огоҳлантирди у.

«Уларга қарши туриш учун диний таълимга оид қонунларимиз бор», деб қўшимча қилди Асатуллаев ҳужралардан фойдаланаётган шахсларни назарда тутиб.

Ҳукумат ўтган йил радикалларни авф этиш билан шошма-шошарликка йўл қўйган бўлиши мумкин, деди Асатуллаев. Бу билан у президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон хавфсизлик кучлари томонидан экстремизмда айбланган ёки гумон қилинганларни қора рўйхатдан чиқарганини назарда тутган.

2017 йилда ҳукумат 18 минг кишини бу рўйхатдан ўчириб ташлаган , деб хабар берган эди Карвонсарой март ойида.

Ҳужраларни ташкил қилганларнинг айримлари экстремистларнинг расмий рўйхатида аввал ҳам бўлган, дейилади 14 август куни эфирга узатилган кўрсатувда.

Кўрсатувда 2002-2017 йилларда ушбу рўйхатда бўлган Ҳизб ут-Таҳрир аъзоси Муҳаббат Рўзиева билан боғлиқ ҳолатга эътибор қаратилади. Расмийларга кўра, у рўйхатдан олиб ташлангани заҳоти ноқонуний таълим беришни бошлаган.

Рўзиева сингари рецидивистлар учун амнистия «ҳар доим ҳам ўзини оқламаслиги мумкин», деди Асатуллаев. «Ҳукумат уларнинг номзодини кўриб чиқишда эътиборлироқ бўлиши ёки синов муддатини жорий этиши керак.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 4

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Болаларни уриш ҳаром, лекин тарбиясиз ўсмирни уриб тарбияласа бўлади

Жавоб бериш

Росдан хам болалар учун мадрасалар очилса яхши бўлар еди худди призидент мактаби темурийлар мактаби каби давлат томонидан ташкил қилинса ёки мактабларда диний тарбия каби фанлар киритилса хам бўлади

Жавоб бериш

Динни ёлғон қилиб кўрсатмаслик керак. Устози урган бўлса, яхши бўлсин, илмли бўлсин, деб урган. Бошқа фан устозлари ҳам мактабда ўқувчиларни урушади-ку, нега улар террористмас. Ўзимизни алдаб интернетга ҳам мана шундей бўрттириб ёзишдан Аллоҳдан қўрқайлик. Ислом дини тинчлик динидир. Ундан кўра, Ватанимиз Ўзбекистонга муносиб ҳисса қўшиб соғлом фикрли инсонлар бўлайлик.

Жавоб бериш

Давлатни узи дин эркинлигини таминлай олмайди ва болалар келажаги исломни ургатадиган мактабларни ташкил килмайди Давлат исломдан юз угиради ва алал окибат Давлат таназзулга юз тутиб барбод булади. Бу очик хакикат.

Жавоб бериш