ОСТОНА – 25-26 август кунлари Остонада ўтказилган фестивал қозоқ маданиятининг чинакам намойишига айланди.
«Қозоғистон – буюк дашт мамлакати» фестивалидан кўзланган мақсад, қозоқ маданиятининг замонавий ҳаётга интеграциясини кўрсатиш, ёшларнинг тарихий қадриятларга қизиқишини ошириш ва халқ ҳунармандларининг маҳсулотларини намойиш этишдир», деб хабар беради шаҳар ҳокимлиги.
Тадбир маданият ва спорт вазирлиги томонидан ташкил этилган.
Томошабинлар «Тарих карвони» театрлаштирилган спектакли ва анъанавий спорт турлари мусобақаларини томоша қилдилар. Улар мазали таомлардан тотиб кўриш, болалар ва катталар учун мўлжалланган миллий либослар танловида қатнашиш имкониятига эга бўлдилар. Замонавий матолардан оқилона ва ижодий ёндашув билан тикилган кийимлар ҳакамлар томонидан баҳоланди.

Болалар Остонада 25-26 август кунлари бўлиб ўтган «Қозоғистон – буюк дашт мамлакати» фестивалида миллий либослар мусобақасида қатнашмоқдалар. Ҳеч бир иштирокчи совғасиз қолмади. (Айдар Ашимов)
Биз фестивалга бутун оиламиз билан Қарағандадан келдик», дейди 23 яшар Асем Сатилганова Карвонсарой билан суҳбатда. «Бу ерда катталар учун ҳам, болалар учун ҳам бирдек қизиқарли. Бу ерда севимли таомларимизни тановул қилиш, арғимчоқ учиш ва танловларда иштирок этиш мумкин.»
У фестивалда Қозоғистонни кўриш ва унинг маданий мероси билан яқиндан танишиш мақсадида бошқа мамлакатлардан келган меҳмонларни кўришдан мамнун эканлигини айтди.