Карвонсарой
Таълим

Қозоғистон мактаблари лотин алифбосига ўтмоқда

Канат Алтинбаев

Истеъдодли қизлар учун мўлжалланган «Билим-инновация» лицейидаги дарс жараёни, Остона, март. Ушбу мактаб сентябрь ойидан лотин алифбосидаги қозоқ тилида таълим беришга ўтадиган ўқув муассасаларидан биридир. (Билим-Инновация сайти)

Истеъдодли қизлар учун мўлжалланган «Билим-инновация» лицейидаги дарс жараёни, Остона, март. Ушбу мактаб сентябрь ойидан лотин алифбосидаги қозоқ тилида таълим беришга ўтадиган ўқув муассасаларидан биридир. (Билим-Инновация сайти)

ОСТОНА – Қозоғистон пойтахтидаги 5 та ўрта мактаб ва 3 та касб-ҳунар коллежи қозоқ тилини ўқитишда кирилл алифбоси ўрнига лотин алифбосидан фойдалана бошлайди. Бу ҳақда Остона шаҳар таълим бошқармаси раҳбари Анвар Жангозин 23 август куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Бу 1991 йилда мустақилликка эришган Қозоғистонда Россиянинг таъсири тобора камайиб бораётганидан дарак бермоқда.

Жангозиннинг айтишича, ота-оналар ва ўқувчилар учун янги алифбодан фойдаланиш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқилган, деб хабар беради Элорда янгиликлар сайти.

Унинг таъкидлашича, шу тариқа ота-оналарнинг давлат тилига эътиборни кучайтириш ғоялари қўллаб-қувватланган ва ушбу мактабларда рус синфлари босқичма-босқич қозоқ тилида таълим бериладиган синфларга айлантирилиши кўзда тутилган.

«Режага кўра, биринчи синфларда таълим 70 фоиз рус, 30 фоиз давлат (қозоқ) тилида олиб борилса, бешинчи синфга бориб, барча фанлар 100 фоиз қозоқ тилида ўтиладиган бўлади», деди Жангозин.

Унинг айтишича, мактабларда таълимнинг янги модели Остона ҳокими Асет Исекешовнинг топшириғи асосида жорий этилмоқда.

Бутун мамлакат янги алифбога ўтиш арафасида

Яқин йилларда мамлакатдаги бошқа мактаблар ҳам лотин тилида таълим беришга ўтади. Олмаота мактабларидаги ота-оналар қўмиталари бу жараёнга тайёрланмоқда.

«Лотин алифбосига асосланган қозоқ тилида таълим беришга қанчалик тез ўтилса, шунча яхши», дейди Олмаотадаги 148-сонли мактаб-гимназияси ўқувчисининг онаси Сауле Турсунова Карвонсаройга. «Биз фарзандларимизнинг қийналишини, қозоқ тилини аввал кирилл ёзувида ўрганиб, кейин лотин алифбосига ўтишларини хоҳламаймиз.»

Қозоқ тили лотин ёзувида бўлса, Қозоғистондаги ёш авлоднинг хорижий тилларни ўрганиши ва глобал ҳамжамиятга интеграциялашуви осонлашади, деди у.

Ўтган йилнинг 27 октябрида президент Нурсултон Назарбоев лотин алифбосига ўтишни кўзда тутувчи фармонни имзолаганди. Мазкур кўп босқичли жараён 2025 йилда якунланиши кутилмоқда.

Инглиз тили Қозоғистоннинг барча мактабларида мажбурий фан ҳисобланади, шу сабабли ёшлар лотин алифбоси ўтишга қийналмайдилар, деб айтган Назарбоев ўз расмий сайтида.

Қозоғистонда алифбодан фойдаланиш масаласи мураккаб тарихга эга. Қозоқ тили илгари (худди турк тили Туркиянинг собиқ президенти Камол Отатурк ислоҳотига қадар бўлгани каби) араб ёзувида бўлган. 1929 йилдан 1940 йилга қадар Қозоғистонда лотин алифбосидан фойдаланилган, кейинчалик Иосиф Сталин бутун Совет Иттифоқи ҳудудида кирилл ёзувидан фойдаланишга буйруқ берган эди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Бу таълим соҳаси учун ҳалокатли бўлади. Бу телбанинг ғояларини амалга оширишга ҳожат йўқ. Унинг 30-ўрни қаерда қотиб қолганини ҳамма кўриб турибди. Қолган нарсалар ҳам худди шунақа бўлади.

Жавоб бериш