Карвонсарой
Хавфсизлик

АҚШ ҳарбийлари қозоқ тинчликпарварларини Ливандаги хизматга тайёрламоқда

Айдар Ашимов

«Дашт бургути - 2018» машқларида АҚШ армиясига қарашли вертолёт экипажи тиббий эвакуация жараёнини олиб бормоқда, МакКрейди тренинг маркази, 17 август. (АҚШ армияси миллий гвардияси)

«Дашт бургути - 2018» машқларида АҚШ армиясига қарашли вертолёт экипажи тиббий эвакуация жараёнини олиб бормоқда, МакКрейди тренинг маркази, 17 август. (АҚШ армияси миллий гвардияси)

ОСТОНА – Октябрь ойида 120 нафар қозоғистонлик тинчликпарварлар гуруҳи Ливанга йўл олади, у ерда улар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) миссиясига қўшиладилар. Машғулотлар Қўшма Штатлар ва бошқа давлатлар кўмагида ўтказилмоқда.

Бунгача тинчликпарвар кучлар 5-26 август кунлари Жанубий Каролинадаги «МакКрейди» тренинг марказида ўтказилган «Дашт бургути - 2018» машқларида муваффақиятли иштирок этдилар, деб хабар берди Қозоғистон ҳарбий ҳаво кучлари матбуот маркази.

«Дашт бургути» машғулотлари ҳар йили ўтказиладиган кўп миллатли машғулотлар бўлиб, «унда иштирок этаётган давлатлар қуролли кучларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва АҚШ Марказий қўмондонлигининг масъулият ҳудудида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган», дейилади 23 август куни эълон қилинган Пентагон мудофаасининг визуал ахборот тарқатиш хизмати (ДВИДС) баёнотида.

Машғулотлар АҚШ армияси томонидан Британия қуролли кучлари, Тожикистон тинчликпарварлар кучлари, Туркия армияси ва ўзбекистонлик кузатувчилар кўмагида ўтказилди.

«Дашт бургути - 2018» машқлари давомида қозоғистонлик аскарлар «яраланган» шерикларини вертолётгача олиб бориш учун замбилга боғламоқда. (Аризона миллий гвардияси)

«Дашт бургути - 2018» машқлари давомида қозоғистонлик аскарлар «яраланган» шерикларини вертолётгача олиб бориш учун замбилга боғламоқда. (Аризона миллий гвардияси)

«Дашт бургути - 2018» машқларида қозоқ аскарлари симуляция қилинган душман ҳужумига жавоб қайтармоқда. (Аризона миллий гвардияси)

«Дашт бургути - 2018» машқларида қозоқ аскарлари симуляция қилинган душман ҳужумига жавоб қайтармоқда. (Аризона миллий гвардияси)

DVIDS хабарига кўра, «Дашт бургути» машғулотлари қозоғистонлик аскарларни БМТнинг тинчликпарвар операцияларини ўтказишга тайёрлайди, деди Буюк Британия армияси майори Стив Киер.

BNews.kz нашрининг 22 июнь кунги хабарига кўра, Қозоғистоннинг тинчликпарвар кучлар бўлинмаси батальон сифатида 2000 йилдан бери фаолият олиб борган ва жорий йилда полкка айлантирилди, деди Мудофаа вазири ўринбосари Талгат Мухтаров. Полк БМТ стандартларига мувофиқ тайёрланган ва бошқа давлатларнинг тинчликпарварлар кучлари фаолиятига мос келади, деб қўшимча қилди у.

Келаётган миссияга тайёргарлик

Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, расмийлар 24 август куни Остонада қозоқ тинчликпарвар кучларининг Ливанга юборилиши бўйича меморандумни имзолаганлар.

Остона телевидениесининг июнь ойида берган хабарига кўра, қозоғистонлик аскарлар Ливандаги хизматни ўташ жараёнида ўз ватанларидагидан уч баробар кўпроқ маош олишади. Бундан ташқари, БМТ ҳар бир қозоғистонликка ҳар ой 1410 АҚШ доллари (520 миллион тенге) маош тўлайди.

«Октябрь ойида Ливанга қозоғистонлик тинчликпарвар кучларнинг 120 кишидан иборат илк ротаси йўл олади. 6 ойдан сўнг, уларнинг ўрнини иккинчи гуруҳ эгаллайди, деди Қозоғистон тинчликпарварлари полки штаб бошлиғи Жонибек Нурланов.

«Биз «Дашт бургути - 2018» машқларининг Ливандаги вазиятга монанд ҳолатда ташкил этилишини сўраган эдик», дейди Нурланов.

«Илтимосимиз инобатга олинди – шароит ва тактик вазият биз сўраган шароитга максимал даражада мос бўлди. Биз бебаҳо билим ва тажрибага эга бўлдик. Улар мазкур мамлакатда ҳарбий хизматни ўташимизда бизга асқотиши шубҳасиз», деди у.

«Биз «МакКрейди» полигонида ўзимизга ажратилган ҳудудни эгалладик», деди у. «Машғулотлар сценарийсига кўра, тинчликпарварлик миссиямиз ўтаётган мамлакатнинг шартли номи «Лизар» эди. Биз патруль назорати олиб бориб, блок-постлар ташкил қилдик, маҳаллий аҳоли билан музокаралар ўтказиб, гуманитар юкларни манзилларига кузатдик».

Унинг сўзларига кўра, «Лизар»даги вазият нотинч эди.

Кўплаб террорчи гуруҳлар мамлакатнинг жанубий қисмини ажратиб олиш ва қонуний ҳукуматга ҳар томонлама қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилдилар, деди у.

Тинчликпарвар кучлар ўз вазифаларини доимий теракт хавфи остида бажардилар, деди у.

Тинчлик йўлидаги ҳамкорлик

Нурлановга кўра, тинчликпарварлик операцияларини ўтказиш тактикаси доимо ўзгариб туради, ҳар йилги машғулотлар эса илғор тажриба алмашиш ва янги тинчликпарварлик миссияларга тайёргарлик кўриш имконини беради.

«Дашт бургути» ҳарбий ўқув машғулотлари 2003 йилдан бери ҳар йили ўтказиб келинади. 2012 йилдан ушбу машқлар НАТОнинг «Тинчлик йўлидаги ҳамкорлик» дастурига киритилган.

Мудофаа вазирлигига кўра, 2015 йилда «Дашт бургути» машқлари Қозоғистонда ўтказилган.

Ўшанда компьютер симуляциясига асосланган жамоавий штаб машқлари ҳам ўтказилган, уларда низолар ва тактик моделлаштириш бўйича компьютер дастуридан фойдаланилган эди.

«Дашт бургути» ҳарбий ўқув машқлари Қозоғистонда 2017 йилда ҳам ўтказилган . Қозоғистон мудофаа вазирлигига кўра, машқларни НАТО экспертлари ва АҚШ, Британия, Туркия, Тожикистон ва қирғизистонлик ҳарбий зобитлар кузатганлар.

Америка ва британиялик йўриқчилар раҳбарлигида ўтган ўқув машғулотларида патруль назорати, транспорт магистралларини қўриқлаш, гуманитар юкларни кузатиб бориш, миналарни зарарсизлантириш ва бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш машқ қилинган эди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500