ОСТОНА – Остона аҳолиси ва меҳмонлари 8 сентябр куни шаҳар майдонида ўтказилган фестиваль давомида ўзбек миллий таомлари ва санъаткорларнинг чиқишларидан баҳраманд бўлдилар.
Фестиваль Қозоғистонда Ўзбекистон туризми йили муносабати билан ўтказилаётган туркум тадбирлардан бири бўлди.
Остона шаҳар ҳокимлигининг матбуот хизматига кўра, тадбир Қозоғистон маданият ва спорт вазирлиги кўмагида «ҚозоқТуризм» миллий компанияси томонидан ташкил этилди.
Юзлаб остоналиклар ва бошқа меҳмонлар ўзбек эстрадаси хонандаларини тинглаш ва турфа хил миллий таомларни татиб кўриш мақсадида тадбирга ташриф буюрдилар.
«Ўзбек биродарларимизга бугунги кун учун раҳмат», дейди остоналик 41 яшар Булат Байгелдинов. «Мазали палов, дилтортар мусиқа. Об-ҳаво ҳам ажойиб».
«Қозоғистонда жуда кўп ўзбеклар яшайди», деди у Карвонсаройга. « Биз улар билан аҳил қўшни бўлиб яшаймиз, байрамларда бир-биримизникига борамиз, оилавий алоқаларимиз ҳам дўстона. Ҳар доим шундай бўлишига тилакдошман.»