ОЛМАОТА – Яқинда YouTube тармоғида Суриядаги қозоғистонлик экани айтилган икки жангарининг қозоқ ҳукуматига таҳдид ўлароқ йўллаган видеомурожаати экстремизм муаммосини яна кун тартибига олиб чиқди.
8 сентябрь куни YouTube сайтида эълон қилинган видеомурожаатда ўзини қозоғистонлик деб таништирган шахслардан бири видеолавҳанинг 30 август куни Сурияда суратга олинганини айтар экан, Ақтўбе, Атирау ва Уралсклик «биродарлари» билан бирга эканини маълум қилган.
Рус тилида эркин сўзлаган жангари Қозоғистон расмийларининг мактабларда ҳижобни тақиқлагани учун «жавоб беришини» айтар экан, афтидан, 2016 йилнинг январида қабул қилинган қонунни назарда тутган.
Таълим ва фан вазирлиги томонидан қабул қилинган тегишли қарорда мактаб формаси дунёвий таълим турига мос бўлиши кераклиги айтиб ўтилган эди.
Видеолавҳа YouTube тармоғидан ўчириб ташланган.
Павлодар вилоятининг динлаларо муносабатларни ривожлантириш ва таҳлил қилиш маркази раҳбари, Гулназ Раздикова видеолавҳанинг бир қисмини ўзининг Facebook саҳифасига жойлаб, террорчиларнинг «асоссиз» баёнотларини қоралади.
«Ўзини «мусулмон биродарлар» деб атаётган бу кимсалар ёш қизларнинг шаънини ҳимоя қилаётганликларини айтмоқдалар. Унда нега улар ўзлари фоҳишага айлантирган хотин-қизларнинг шаънини ҳимоя қилмай, (Сурияда) уларни бир одамдан бошқасига бериб юборадилар?» деб ёзган Радзикова 9 сентябрь куни ўзининг Facebook саҳифасида.
Ўрганилиши керак бўлган ҳолат
Мазкур видеолавҳа билан боғлиқ асосий муаммо шундаки, жангариликка ёлловчилар ҳижобнинг тақиқланишидан норози бўлган диндорларнинг ҳиссиётларидан фойдаланиб, уларга таъсир этишга ҳаракат қилишлари мумкин, дейди Остонадаги геосиёсий тадқиқотлар институти директори Асилбек Избаиров Карвонсарой билан суҳбатда.
«Бу ҳолат Қозоғистонда эктремизмга қарши ташвиқотни яхшилаш кераклигини кўрсатмоқда. Одамларга фалсафий далиллар, қуруқ сафсата ёки мавҳумликдан иборат суҳбатлар керак эмас. Улар қандай қилиб дунёвий ҳаётни дин билан бирга олиб боришни тушунишни истайдилар», деди Избаиров.
Видеолавҳа мутахассислар тарафидан диққат билан ўрганилиши лозим бўлган экстремистик муносабат ва ғояларнинг акс эттиради, деди радикаллашувга қарши кураш бўйича остоналик мутахассис Алибек Муратули.
«Диндорлар радикал даъватчилар қурбонига айланаётганида фақат бир тарафни айблаб бўлмайди», деди у. «Бу умумий бепарволигимиз натижасидир.»
«Бунга сабаб бўлган омиллардан бири – ота-оналарнинг ўз фарзандларига етарлича аҳамият бермаётгани», деди у. «Айни вақтда Қозоғистонда ёшларни жамият доирасида тарбиялаш ва мураббийлик маданияти яхши шаклланмаган.»
Унинг фикрича, урбанизация ва одамларнинг мегаполисларга кўчиши жараёни ёшлар тарбияси масаласини янада оғир аҳволда қолдирган.
Жамиятдаги парчаланишлар сабабли, оддий инсонларнинг ҳаётлари вайрон бўлмоқда, улар турли сабабларга кўра ўзгарувчан воқеликларга мослаша олмаяптилар.
Шундан сўнг улар эктремистлар тарафидан тайёрланган тузоқларга тушмоқдалар, дейди у.
Суриядан қайтганлар
Қозоғистон терроризмга қарши кураш қўмитасининг Остона бўлими раҳбари, ҳуқуқшунос Аманжол Уразбаевнинг айтишича, мактабларда ҳижобни тақиқлаётган расмийларга қарши таҳдидлар мамлакат жиноят кодексига хилофдир.
Ҳуқуқ-тартибот органлари ва хавфсизлик хизматлари жангариликка ёлловчиларга қарши салмоқли кураш олиб бормоқдалар, деди у Карвонсаройга.
«Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ) маълумотларига кўра, сўнгги йилларда Сурия ва Ироққа 870 нафар қозоғистонлик кетган бўлиб, уларнинг оз сонигина қайтарилган».
Жами 60 киши қайтган бўлиб, шулардан 57 нафари қамоқда, деди у.
Унинг сўзларига кўра, «Ислом давлати»нинг (ИД) ташвиқот машинаси ўз аудиториясини қўрқинчли видеолар ёки уларни кутиб турган жаннат ҳаётини намойиш этиш орқали алдашда давом этмоқда.
Қозоғистон махсус хизматлари янги техногиялар билан қуролланишдан тўхтамаётган бўлса-да, ҳушёр фуқароларнинг ёрдамисиз терроризм ва зўравонлик экстремизмига қарши курашиб бўлмайди, деди у.