ОЛМАОТА – Россиянинг иқтисодий мажбурлов чоралари Қозоғистонда жиддий шакар танқислигини келтириб чиқарди – бу маҳаллий корхоналарга таҳдид солмоқда ва мамлакат аҳолисини ҳам қийнаб қўйган.
Шу йил аввалида Қозоғистон Москва билан келишувлардан сўнг, Евроосиё Божхона Иттифоқига (ЕОБИ) кирмайдиган давлатлардан шакар импортига божларни оширишга рози бўлган эди, деди Қозоғистонда озиқ-овқат конгломерати бўлган Raimbek Group гуруҳининг таъминот бўйича менежери, олмаоталик Сурен Абибулаев 13 сентябрь куни.
Натижада Қозоғистон ҳукумати 1 августдан кучга кирган қарорни имзолади, унга кўра 1 тонна шакар учун 340 АҚШ доллари (122951 тенге) бож тўланади, деди у.
Лондон биржасида бир тонна шакарнинг нархи 330 АҚШ доллари (119335 тенге), деди Абибулаев. Бу божхона тўловлари шакарнинг ўзидан қимматга тушади деганидир.
Бунинг устига, Қозоғистоннинг ўзида шакар ишлаб чиқариш номаълум сабабларга кўра тўхтаб қолган.
Қозоғистонда йилига 550 минг тонна шакар истеъмол қилинади. Яқин вақтга қадар Олмаотада жойлашган Марказий Осиё шакар корпорацияси (ЦАСК) бу миқдорнинг 70-80 фоизини ишлаб чиқарар эди, деди Абибулаев.
Аммо, янги қарор кучга кирганидан бери – 1 августдан бошлаб ЦАСКга қарашли учта завод «муайян сабабларга кўра ўз фаолиятини тўхтатди», деди у.
Ишлаб чиқариш нима сабабдан тўхтатилгани ҳақида расмий баёнот берилмаган, бироқ бунинг натижасида Қозоғистонда кенг кўламли шакар танқислиги юзага келди ва уни Россиядан импорт қилишдан бошқа чора қолмаган.
Заводларнинг ёпилиши фаолияти шакар билан боғлиқ маҳаллий компанияларни хавф остида қолдирмоқда, деди Абибулаев.
«Икки ҳафта ичида савдо тармоқларимиздаги шакар тугайди», деди у.
«Шакар қимматлади», деди фамилиясини очиқлашни истамаган Олмаота бозорида ишловчи Алия 17 сентябрь, душанба куни Карвонсарой билан суҳбатда. «Ўтган ҳафта шакарнинг бир килограмини 250 тенгедан (0,67 АҚШ доллари) сотаётган эдик. Энди эса уни 350 тенгедан (1 АҚШ доллари) сотиб олишимиз керак, бу дегани биз уни янаям қимматроққа сотишга мажбурмиз. Бу фойда келтирмайди, шу сабаб шакар сотиб олмаяпмиз.»
Мажбурлаш сиёсати
Импорт ва маҳаллий ишлаб чиқаришнинг тўхтагани боис Қозоғистон учун шакарни Россиядан сотиб олишдан бошқа чора қолмаган.
Лекин, бу йилги ноқулай иқлим шароитлари сабаб Россияда шакар хомашёси ҳисобланган қанд лавлагисининг ҳосили камайиб кетган.
Натижада, Россиядаги йирик шакар ишлаб чиқарувчилари экспортни тўхтатиб қўйишган ва қозоғистонлик ҳамкорлар билан суҳбатда нарх ошишини кутаётганларини айтганлар.
Бу заводлар экспортни тўхтатишдан аввал ҳам шакарнинг бир тоннасини 500 АҚШ доллардан (180810 тенге) пуллаётган эдилар, дейди Абибулаев.
Қиммат эканига қарамай Россия шакарининг сифати паст ва қандолатчилик соҳасида ишловчи йирик харидорлар ундан фойдалана олмайдилар, дейди Олмаотада жойлашган Қозоғистондаги машҳур Rakhat Co. корхонаси бош директори Константин Федорец.
«Бизга юқори сифатли маҳсулот керак – Россия уни ишлаб чиқаришга қодир эмас ва яқин орада уддалолмайди ҳам», деди у 13 сентябрь куни ўтказилган матбуот анжумани чоғида.
Аммо бу ягона муаммо эмас, деб огоҳлантирди у.
Россиянинг қандолатчилик корхоналари учун шакар нархи ошмайди, қозоқ компаниялари эса уни қимматроққа сотиб олишади. Бу ички бозорда Россия ва қозоқ маҳсулотлари ўртасида шундоқ ҳам кучли бўлган рақобатни янада оширади ва маҳаллий компаниялар бундан ютқазади, деди у.
Бозорларни эгаллаш
Муаммо – Қозоғистоннинг Россия раҳбарлигидаги ЕОБИ аъзоси эканлигида – унинг иттифоқ аъзоси бўлмаган давлатлардан хомашё импорт қилиш имконияти чекланган.
ЕОБИга 2010 йилнинг январь ойида Беларусь, Қозоғистон ва Россия томонидан асос солинган эди. 2015 йилда унга Арманистон ва Қирғизистон ҳам қўшилган. У Евроосиё Иқтисодий Иттифоқининг барча аъзоларини ўз ичига олади.
Иттифоқ аъзолари ўртасидаги ўзаро товар алмашинуви божхона тўловларисиз амалга оширилади. Аммо иттифоққа кириб келувчи товарлар учун ягона тариф қўлланилиши керак.
Шу тариқа, айрим таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда, Россиянинг мазкур иттифоқни тузишдан мақсади – аъзо давлатлар, шу жумладан, Қозоғистоннинг ҳам Россиядан бошқа давлатлардан хомашё импорт қилишига йўл қўймаслик.
Қозоғистон иттифоққа аъзо бўлишидан аввал, кўпгина иқтисодчилар бу ҳаракат давлат учун зарарли бўлиши ҳақида огоҳлантирган эдилар, деди олмаоталик сиёсатшунос ва иқтисодчи Расул Жумали Карвонсарой нашрига.
Аслида, бу интеграция эмасди. Аввал-бошдан, мақсад – Россия тарафидан қўшни давлатлар бозорининг эгаллаб олиниши бўлган, деди у.
«Қозоғистон Россия маҳсулотлари ва корхоналарининг бозоримизга бостириб кириши учун ўз эшикларни очиб берди», деб тушунтирди у.
«Озиқ-овқат саноатимизда рақобатбардош йўналишлар саноқли, булар қандолатчилик, алкоголсиз ичимликлар ва чорвачилик маҳсулотлари. Умуман олганда, биз Россияга бундан бошқа нарса экспорт қилмаймиз», деди Жумали.
Савдо чоралари – сиёсий босим сифатида
Жумалининг сўзига кўра, Россия Қозоғистонга босим ўтказиш учун савдо чораларидан фойдаланмоқда.
«Эслатиб ўтиш керак, Қозоғистон апрель ойида БМТ Хавфсизлик кенгашида Россиянинг Сурияга оид резолюциясига овоз бериш чоғида бетараф қолган эди», деди Жумали.
«Бунга жавобан, Россия телеканалларида Қозоғистон раҳбарияти танқид остига олинди », деди у. Кремль Грузия ва Украинага нисбатан ҳам худди шундай чорани қўллаган эди, деб қўшимча қилди у.
«2006 йилда Роспотребнадзор гўёки санитария меъёрларига мувофиқ бўлмагани учун Грузиядан боржоми минерал сувини импорт қилишни тақиқлаганди», деди у. Лекин бунинг асл сабаби ўша вақтда Грузиянинг аксил-Россия позицияси кучайиб бораётгани бўлган.
«Украина маҳсулотлари билан ҳам худди шундай ҳолат юз берган. Роспотребнадзор (2013 йилда) «Рошен» ширинликларининг импортини тақиқлаган», деди Жумали. Гап ўша вақтда президентликка номзодини қўйган ва Европа Иттифоқи билан савдо келишувини қўллаб-қувватлаган Украинанинг амалдаги президенти Петр Порошенко раҳбарлик қилган украин компанияси ҳақида кетмоқда.
«Россия турли давлатларга босим ўтказиш учун ўз ихтиёридаги барча воситаларни ишга соладиган мамлакатдир», деди у.
Шакар – илк йўқотиш
Россиянинг Қозоғистонда шакар танқислигини юзага келтириши – мамлакатдаги маҳаллий бизнесни йўқотишга бўлган уринишларидан биридир, дейди таҳлилчи ва ишбилармонлар.
Шакар – Қозоғистон учун биринчи огоҳлантирувчи қўнғироқ, дейди Қозоғистоннинг алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқарувчи компаниялари уюшмаси раҳбари, олмаоталик Алия Мамитбаева.
«Яқинда махсус инвестициявий шартномалар бўйича олиб кирилаётган хомашё маҳсулотларининг рўйхати қайта кўриб чиқилади. Шакар хариди билан боғлиқ масалани ҳал қилмасак, Қозоғистоннинг алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқарувчи компаниялари ҳам бозордаги ўрнини йўқотади», деди у.
Россия иқтисодий босимга доир сўнгги чоралардан бирини қўллаш арафасида – Москва 1 октябрьдан бошлаб Қозоғистондан чорвачилик маҳсулотлари импортини тақиқламоқчи.
«Ҳозирги пайтда (Қозоғистондан) Россияга келиб чиқиши номаълум бўлган чорвачилик маҳсулотлари ҳам импорт қилинмоқда», деди «Россельхознадзор» (Россиянинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини назорат қилиш хизмати) матбуот котиби Юлия Мелано 13 сентябрь куни Москвада бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
«Бу россиялик истеъмолчиларнинг саломатлиги ва мамлакатдаги эпизоотик барқарорликка хавф туғдиради», деб баёнот берган Юлия Мелано.
Фикр-мулоҳазам мавзуга мос келмаса ҳам ёзаман... Мен Қозоғистонда яшайман, Қозоғистон фуқаросиман, аммо Қозоғистон ҳақида озми-кўпми ҳақиқатни ёзадиган ОАВ битта сизники бўлиб чиқди. Қозоғистондаги ҳамма ОАВ 01.01.2018 дан бери қаттиқ цензура остида. Нималар бўлаётганини билиб туришимиз учун Қозоғистондаги вазият ҳақида тез-тез ёзиб туришингизни сўраган бўлардим. Акс ҳолда қамаб қўйилган қўйлардекмиз: маърашдан бошқа нарсани эшитмаймиз.
Жавоб беришФикрлар 1