ХЎЖАНД, СЎҒД ВИЛОЯТИ – Ўзбекистон ва Тожикистон аскарлари 18-21 сентябрь кунлари Сўғд вилоятида ўтказилган қўшма машқларда иштирок этдилар. Ҳарбий соҳа расмийлари буни Марказий Осиёнинг икки давлати ўртасидаги ривожланиб бораётган ҳамкорлик белгиси сифатида эътироф этмоқдалар.
Қўшма ҳарбий машқлар икки давлат 1991 йилда Совет Иттифоқидан мустақил бўлганидан сўнг илк маротаба ўтказилмоқда.
Хўжанддан 15 километр узоқликдаги Чорухдайрон ҳарбий полигонида бўлиб ўтган «Мустаҳкам биродарлик» машғулотларида 100 нафар ўзбек махсус кучлар аскарлари ва Сўғд вилоятидан 500 тожик аскари иштирок этди.
17 сентябрь кунги машғулотлар олдидан ҳарбий парад ўтказилди. Унда икки давлатнинг байроқлари кўтарилди ва миллий мадҳиялари ижро этилди.
Терроризмга қарши қўшма машқлар
«Фақат ҳамкорликда, мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлар орқалигина, ҳарбий таҳдидлар ва чақириқларга қарши курашни самарали ташкил этишимиз мумкин», деди икки давлат ҳарбийларига юзланган Тожикистон қуролли кучлари бош штаби раҳбари, генерал-лейтенант Эмомали Собирзода.
Машғулотларнинг дастлабки уч кунида икки давлатнинг аксилтеррор бўлинмалари мамлакатлардан бирининг ҳудудига кирган шартли террорчилик гуруҳини бартараф этишни машқ қилдилар.
Тожикистон мудофаа вазирлиги хабарига кўра, Тожикистон ва Ўзбекистон аскарлари дронлар, енгил қуроллар, учувчисиз учар қурилмалар, танклар, зирҳли машиналар, вертолёт ва миномётлардан фойдаландилар.
Ўтказилган машқлар «икки давлат ўртасида мудофаа соҳасида ҳақиқий ҳамкорлик бошланаётгани билан аҳамиятлидир», деди Сўғд вилоятининг ҳарбий комиссари ўринбосари Камол Ҳамдам Карвонсарой нашрига.
«Терроризмга қарши курашга қаратилган мазкур машқлар Ўзбекистон ва Тожикистон қуролли кучлари ўртасида ҳамкорликда ўтказилаётган илк муҳим ҳарбий машқлардир», деди у.
«Улар нафақат махсус бўлинмаларнинг аскар ва офицерлари жанговар тайёргарлигини ошириш, балки бошқа ҳарбий бўлинмалар билан қўшма операцияларни амалга оширишда ҳамжиҳатликни кучайтиришга хизмат қилади», деди у.
Ўзбекистон ҳарбийлари «Марказий Осиёдаги энг кучли, энг яхши қуролланган ва юқори жанговар тайёргарликка эга кучлардан ҳисобланади», деди Ҳамдам. «Тожикистон аскарлари ҳарбий амалиётлар, жумладан, тоғли ҳудудларда террорчилик гуруҳларини бартараф этиш бўйича катта тажрибага эга. Биз бир-биримиздан ўрганишимиз мумкин.»
«Мустаҳкам биродарлик»
Икки мамлакат ҳарбий маҳкамалари ушбу машғулотларни «Мустаҳкам биродарлик» деб номладилар, у ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларининг кучайиб бораётганини ифода этади, деди Ўзбекистон мудофаа вазирлигининг жанговар ва сиёсий тайёргарлик бўлими раҳбари, полковник Жаҳонгир Бекмуродов.
«Бир неча йил аввал биз қўшинларимиз ўртасида бу каби ҳамкорликни тасаввур ҳам қила олмас эдик», деди у Карвонсаройга. «Бу муносабатларимиздаги илиқлик ва Марказий Осиё минтақасида ўзгариб бораётган вазиятнинг натижасидир.»
«Биз учун нафақат саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, балки тажриба алмашиш ҳам муҳим», дейди Бекмуродов. «Ушбу машқлар жанговар тайёргарликни юқори даражада сақлаб туриши керак бўлган аксилтеррор кучлар ўртасида доимий тажриба алмашинувини бошлаб беради деган умиддамиз.»
«Биз ҳарбий соҳада Ўзбекистон ва Тожикистон учун таҳдид ва чақириқлар деярли бир хил эканини тахмин қиламиз... Бу икки дўст ва қардош мамлакат қўшинлари мазкур таҳдидларга қарши биргаликда курашишлари керак», дейди Ўзбекистон қуролли кучлари Бош штаби раҳбарининг ўринбосари, полковник Шуҳратжон Икромов.
У қўшма ҳарбий машғулотларнинг Ўзбекистонда ўтказилиши имконияти ҳақида сўзлади.
«Ўзбек томони фаол ҳарбий ҳамкорликка тайёр», деди у. «Тез орада бу каби машқлар бизнинг ҳудудда ҳам ўтказилишига умид қиламиз».
Қутқариб қолинган инсонлар ҳаёти учун раҳмат сизга, ўғлонлар
Жавоб беришФикрлар 1