ТОШКЕНТ – Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида АҚШнинг «ExxonMobil» ва Ўзбекистоннинг «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси билан ҳамкорликда умумий қиймати 150 миллион АҚШ долларига (1,2 триллион сўм) тенг лойиҳа амалга оширилади.
25 сентябрь куни Тошкентда икки компания вакиллари ўртасида базавий мойлар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича шартнома имзоланди. Базавий мойлар мотор мойлари ва лубрикантлар ишлаб чиқаришда қўлланилади, дейилади «Ўзбекнефтгаз» матбуот хизмати хабарида.
Лойиҳа 2021 йилга қадар тугалланади.
«Ўзбекнефтгаз» Ўзбекистон ҳудудида ЯИМнинг 15 фоизига тенг маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга 125 та нефть ва 210 та газ конларини назорат қилади. Шу билан бирга, корхона углеводородларни қайта ишлаш билан ҳам шуғулланади.
«ExxonMobil» АҚШнинг Техас штатида жойлашган бўлиб, у жаҳондаги энг йирик нефть ширкати ҳисобланади.
Ўзбекистон иқтисодиёти учун афзалликлар
Келишув Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 16 май куни АҚШга расмий ташрифидан сўнг имзоланди. Учрашувда Мирзиёев ва АҚШ президенти Доналд Трамп стратегик ҳамкорликнинг янги «тарихий» босқичи бошланганини эълон қилганэдилар, дейилади хабарда.
Сентябрь ойида Тошкентга ташриф буюрган «ExxonMobil» мутахассислари бу лойиҳа Марказий Осиёда ягона бўлишини таъкидлаганлар.
«Ушбу узоқ муддатли лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилиши учун «ExxonMobil» ўз тажрибаси ва технологиялари билан бўлишишга тайёр. Ўзбекистон нефть ва газ саноати бунга ишонч ҳосил қилиши мумкин», деди «ExxonMobil» вице-президенти Шон Смит Тошкентда бўлиб ўтган учрашув чоғида.
Базавий мойлар мотор мойларини ишлаб чиқаришда асосий хомашё ҳисобланади, деди «Ўзбекнефтгаз» ходими Абдумўмин Ҳақназаров Карвонсарой нашрига.
«Агар лойиҳа муваффақиятли амалга ошса, у Марказий Осиёда ягона бўлади», деди у. Айни пайтда минтақада бу каби маҳсулотга бўлган талаб 100 фоиз импорт ҳисобига қондирилмоқда.
«Мотор мойи каби илғор маҳсулотлар иқтисодиётимизга катта фойда келтиради», деди у.
Янги иш жойлари яратиш ва хавфсизликни таъминлаш
«Ўзбекнефтгаз» компанияси Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидаги янги лойиҳа неча кишини иш билан таъминлаши ҳақида маълумот бермаган. Айни пайтда корхонада 125 мингдан ортиқ ходим меҳнат қилмоқда. У мамлакатдаги энг йирик иш берувчилардан биридир.
Мутахассислар янги лойиҳа вилоят иқтисодиётини ривожлантириши ва Фарғона водийсида хавфсизликни мустаҳкамлашига ишонмоқдалар. Ўзбекистоннинг энг зич аҳолига эга вилоятида ишсизлик долзарб муаммо ҳисобланади.
«Вилоятда яшовчи одамларнинг аксарияти консерватив, экстремистлар ўз сафларига одам ёллаш учун шундай жойларга эътибор қаратадилар», дейди тошкентлик сиёсий таҳлилчи Умид Асатуллаев.
«Барқарор иш жойи ва хавфсиз келажак одамлар орасида радикаллашувнинг олдини олишда бошқа чора-тадбирлардан кўра яхшироқ самара беради», деди у Карвонсарой нашрига.
«ExxonMobil» Ўзбекистонда нефть ва газ соҳасида ишлаб чиқариш корхонасини яратган биринчи Америка компанияси бўлади.
Бунгача Россиянинг «Газпром» ва «Лукойл» каби корхоналари бозорда яккаҳокимлик ўрнатган эди. Улар асосан табиий ресурсларни қазиб олиш ва ташиш билан шуғулланган.
Ўзбекистондаги АҚШ сармоялари
Май ойида Мирзиёев ва Трамп ўртасидаги учрашувдан сўнг Америка компаниялари Ўзбекистон бозорига инвестиция кирита бошладилар. Бу билан улар минтақада ўз бизнесларини кенгайтириб, Россия ва Хитой корхоналарига таъсир ўтказа бошлаган.
«ExxonMobil» Ўзбекистонга қизиқиш билдирган нефть-газ соҳасидаги ягона Америка компанияси эмас.
Иллинойс штатида жойлашган «Honeywell UOP» корпорацияси ҳам Ўзбекистонда ўз корхонасини очишни режалаштирмоқда. 11-12 сентябрь кунлари компания вакиллари «Ўзбекнефтгаз» МХК вакиллари билан табиий газдан олефинлар ишлаб чиқаришга оид лойиҳани амалга ошириш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоладилар.
Бу орада 6 август куни «Halliburton» компаниясининг шарқий яримшар бўйича президенти Жо Рейни Ўзбекистонга ташриф буюриб, компаниянинг Тошкентдаги доимий ваколатхонасини очиш режалари ҳақида маълум қилган, деб хабар беради «Ўзбекнефтгаз».
Рейли «Halliburton» компаниясининг анчадан бери Ўзбекистон бозорига кириш ниятида бўлганини таъкидлар экан, ҳозир мамлакатда рўй бераётган ижобий ўзгаришларга ҳисса қўшиш учун энг яхши вақт эканига умид билдирган.
Ассаломалекум, биза скотч махсулотларини ишлаб чиқарамиз, шу махсулотга силада талаб борми ва шу келишувдан кейин ишлаб чиқариладиган мой махсулотлари бўйича ҳамкорлик қилса бўладими ?
Жавоб беришФикрлар 1