https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2018/10/17/feature-01
| Дипломатия

АҚШнинг Қозоғистондаги янги бош консули ҳамкорликни кенгайтиришга ваъда бермоқда

Ксения Бондал

image

Қозоғистонда иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш АҚШ янги бош консулининг устувор вазифаси бўлиши кутилмоқда. Чимкент транспорт ва логистика марказида контейнер олиб ўтилишини кузатаётган ишчи, май ойида олинган сурат. (TLC матбуот хизмати тақдим этган сурат)

ОЛМАОТА – Қозоғистон ва Қўшма Штатлар бошқа йўналишлар билан бир қаторда трансмиллий террорчилик ва экстремизмга қарши кураш йўлидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштирмоқдалар, деди 15 октябрь, душанба куни АҚШнинг Олмаотадаги янги бош консули Эрик Мейер Карвонсаройга берган интервьюсида.

Мейер ушбу лавозимга 3 октябрь куни тайинланган эди.

«Қозоғистон Марказий Осиёда муҳим етакчи рол ўйнайди», деди у. «Мен АҚШнинг Олмаотадаги бош консули сифатида Қозоғистоннинг минтақадаги иқтисодий ўсиш, аҳоли саломатлиги, хавфсизлик ва ўзаро тушунишни мустаҳкамлашдаги марказий ролини қўллаб-қувватлашга оид саъй-ҳаракатларимизга етакчилик қиламан.»

Қозоғистон Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликнинг кафолати сифатида Қўшма Штатларнинг янги миллий хавфсизлик стратегиясида муҳим ўрин тутади, деди Мейер.

image

«Мен АҚШнинг Олмаотадаги бош консули сифатида Қозоғистоннинг минтақадаги иқтисодий ўсиш, аҳоли саломатлиги, хавфсизлик ва ўзаро тушунишни мустаҳкамлашдаги марказий ролини қўллаб-қувватлашга оид саъй-ҳаракатларимизга етакчилик қиламан», деди Эрик Мейер Карвонсарой нашрига. (Олмаотадаги АҚШ бош консуллиги)

Шу билан бир вақтда, Қозоғистон Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни кафолатлаш устида ишламоқда, деди у.

Терроризмга қарши кураш ва хавфсизликни кучайтириш

«Трансмиллий террорчилик ва зўравонлик экстремизми моҳиятан умумий таҳдид ҳисобланади ва биз Қозоғистон билан биргаликда уларга қарши курашамиз», деди Мейер.

«Айни дамда биз мустаҳкам алоқаларга эгамиз ва уларни келажакдаги тадбирлар ва ҳамжиҳатлик орқали янада кучайтиришни режалаштирмоқдамиз.»

Қўшма Штатлар ва Қозоғистоннинг тегишли адлия ҳамда ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари зўравонлик терроризмига қарши кураш ва террорчилик ҳаракатларини олдини олиш каби умумий мақсадларга эришиш учун биргаликда ишламоқдалар, деди у.

Мисол учун, АҚШ Тинчлик институти томонидан ташкиллаштирилган C5+1 аксилтеррор лойиҳаси энг яхши амалиёт ва минтақавий ёндашувларни қўллаб-қувватлаш учун сиёсатчи ва мутахассислар билан фаолият юритади, деди Мейер.

Шу билан бирга, Қўшма Штатлар ҳуқуқ-тартибот соҳасидаги Марказий Осиёлик ҳамкорлар учун мўлжалланган Террорга қарши кураш кўмаги (АТА) дастурини олиб бормоқда, деди у. Бу курс чегаравий хавфсизлик ва террорчиларнинг чегаралараро ҳаракатланишига қарши кураш бўйича малака оширишга ёрдам беради.

«Келаси йил биз қўшма машғулотлар ўтказиш учун Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистон хавфсизлик кучларини жамлашни режалаштирмоқдамиз», деди у.

«Ўтган ойнинг ўзида Қозоғистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари АҚШнинг террорчиларни аниқлаш ва кузатиш бўйича ўқув курсини тамомладилар», деди Мейер.

Бу орада «Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари минтақавий ўқув курсларида қатнашиш учун Душанбега йўл оладилар. У ерда уларга хорижлик террорчи жангариларни аниқлаш ва таҳлил қилиш ҳамда улар содир этган жиноятларни тергов қилиш бўйича тренинг ўтказилади», деди Мейер.

АҚШ ҳукумати, шунингдек, потенциал мигрантларни чет элдаги радикаллашув хавфлари ҳақида хабардор қилиш бўйича Халқаро миграция ташкилоти билан бирга иш олиб боради. Бу эса уларнинг террорчилар тузоғига илиниш эҳтимолини камайтиришга ёрдам беради, деди Мейер.

Бизнес ривожига кўмаклашиш

Мейер Қозоғистондаги хавфсизликни қўллаб-қувватлашгагина эмас, балки иқтисодий ўсиш билан боғлиқ масалаларга ҳам эътибор қаратишни режалаштирмоқда.

1991 йилдан буён Америка компаниялари Қозоғистонга 27 миллиард доллардан ортиқ (9,8 триллион тенге) сармоя киритган бўлиб, у Қозоғистон учун иккинчи энг йирик хорижий инвестор ҳисобланади, деди Меер.

Октябрь ойи охирида АҚШ савдо вазири Уилбур Росс Қозоғистонга илк бор амалга ошириладиган савдо миссиясига раҳбарлик қилади, деди у. Унда АҚШнинг қишлоқ хўжалиги, энергетика ва инфратузилма соҳаларидаги 16 та компанияси иштирок этиши кутилмоқда.

«Биз Америка компанияларини Қозоғистон бозорининг имкониятлари билан таништирамиз ва уларга маҳаллий компаниялар билан ҳамкорлик ўрнатишга кўмаклашамиз», деди Мейер. «Биз шунингдек, Қозоғистон делегацияларини Қўшма Штатлардаги савдо ярмаркаларига таклиф қиламиз ва уларнинг Америка компаниялари билан учрашувларини ташкиллаштирамиз».

«Мен америкалик тадбиркорлар билан учрашувларимда Қўшма Штатлар ва Қозоғистон ўртасидаги мустаҳкам муносабатлар ҳамда Американинг инновацион технологиялари ва ғоялари қозоқларни қандай илҳомлантираётгани ҳақида сўзлаб бераман», деди у.

Соғлиқни сақлаш ва таълим

Мейер соғлиқни сақлаш ва таълим ҳам Бош консул масъул бўлган соҳалардан бири эканлиги, шу сабабли қозоқ ёшлари учун таълим имкониятлари ва алмашув дастурларини кенгайтириш устида иш олиб боришини айтди.

Инглиз тилини рекорд даражада кўп Қозоғистон ёшлари ўрганмоқда. Бу уларга бутун дунё бўйлаб бизнесни ўрганиш ва юритишга имкон беради, деди у.

«Бу Қозоғистон ҳукумати учун жуда муҳим ва биз уни қўллаб-қувватлаётганимиздан мамнунмиз», деди Мейер. «Биз буни қатор тадбирлар орқали амалга оширамиз – талабаларга АҚШ университетларига ариза топшириш бўйича маслаҳатлар беришдан тортиб, бизнинг American Spaces марказларимизда инглиз тилидаги тадбирларни ўтказишгача».

Унинг сўзларига кўра, Америка таълим дастурларининг аксарияти қизлар учун имкониятларни оширишга қаратилган бўлади. STEM (фан, технология, муҳандислик ва математика) ёзги лагери шулар жумласидандир.

«Мен жанубий Қозоғистон университетларга ташриф буюриб, АҚШ ва Қозоғистоннинг академик соҳадаги ҳамкорлигини муҳокама қилиш истагидаман», деди Мейер.

Сизга мақола ёқдими?
0
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha