Карвонсарой
Атроф-муҳит

Россиянинг «Союз» кемаси парвози қозоғистонлик экологларни хавотирга солмоқда

Канат Алтинбаев

Фаоллар қозоғистонликларни президент Нурсултон Назарбоев ва Владимир Путин номига петиция ёзиб, Бойқўнғир космодромини экологик ҳалокат ҳудуди деб эълон қилишга чақирмоқдалар. (NASA)

Фаоллар қозоғистонликларни президент Нурсултон Назарбоев ва Владимир Путин номига петиция ёзиб, Бойқўнғир космодромини экологик ҳалокат ҳудуди деб эълон қилишга чақирмоқдалар. (NASA)

ОЛМАОТА – 11 октябрь куни Қозоғистоннинг Бойқўнғир космодромидан фазога учирилган Россиянинг «Союз МC-10» кемасининг муваффақиятсиз парвози маҳаллий экологларни хавотирга солиб қўйди.

Видеолавҳадан маълум бўлишича, Халқаро космик станцияга парвоз қилиши керак бўлган «Союз» кемасида носозлик келиб чиққан.

«Кема ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай, бустерда юз берган носозлик парвознинг муваффақиятсиз якунланишига олиб келди. Қурилма баллистик қўнишни амалга оширди», деб хабар берди NASA. Экипаж аъзолари тирик қолганлар.

Фазогирлар Қарағанда вилоятининг Жезқозғон шаҳридан 25 километр узоқликда ерга қўнганлар, деб хабар берди Tengrinews.kz янгиликлар портали.

11 октябрь куни Қозоғистондаги Бойқўнғир космодромидан Россиянинг «Союз МC-10» кемаси учирилган эди. Унинг ерга қулаши экологларни хавотирга солиб қўйган. (NASA)

11 октябрь куни Қозоғистондаги Бойқўнғир космодромидан Россиянинг «Союз МC-10» кемаси учирилган эди. Унинг ерга қулаши экологларни хавотирга солиб қўйган. (NASA)

2015 йилда Қустанай, Ақмола ва Ақтўбе вилоятларида 200 мингдан зиёд сайғоқларнинг жасадлари топилган. Кўпчилик экологлар ушбу ҳодисага Бойқўнғир космодромининг фаолияти сабаб бўлган деб ҳисоблайдилар. (Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги)

2015 йилда Қустанай, Ақмола ва Ақтўбе вилоятларида 200 мингдан зиёд сайғоқларнинг жасадлари топилган. Кўпчилик экологлар ушбу ҳодисага Бойқўнғир космодромининг фаолияти сабаб бўлган деб ҳисоблайдилар. (Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги)

Муваффақиятсиз парвоз Марказий Осиёда Россиянинг атроф-муҳит учун ҳалокатли амалиётларидан бири бўлди. Қирғизистондаги Иссиқкўл яқинида ва бошқа давлатларда мунтазам равишда ўтказилувчи ҳарбий машқлар ва қурол-яроғ синовлари ҳам шулар жумласидандир.

Россия учун «Бойқўнғирни тарк этиш» вақти келган

Қозоғистонлик экологлар ва жамоатчилик фаоллари «Союз МC-10» кемасининг ҳалокати атроф-муҳитга жиддий зарар келтирганидан хавотир билдирмоқда. Асосий муаммо – ракета учиришда қўлланиладиган ёқилғи билан боғлиқ.

«Антигептил» экологик ҳаракати асосчиларидан бири, олмаоталик Улан Шамшетнинг Карвонсаройга маълум қилишича, «Союз» ракета ташувчиларини учиришда керосиндан ташқари, кимёвий таркиби сир тутиладиган ёқилғи тури ишлатилади.

Ёқилғи таркиби унинг атроф-муҳитга ўта юқора даражада хавф туғдириши сабаб сир сақланиши мумкин, деган хавотирлар бор.

Шамшет 2013 йил июль ойида Россиянинг «Протон-М» ракета ташувчиси бортида учта «Глонасс-М» сунъий йўлдоши билан ерга қулаганини эслатиб ўтган.

Ўшанда ракета режадаги йўналишдан чиқиб кетиб, бўлакларга бўлиниб кетган ва космодром яқинида ерга қулаган эди. Портлаш жуда кучли бўлган, сабаби қурилма бортида 600 тонна ёқилғи, жумладан гептил ҳам бор эди.

Расмий хабарларга кўра, «ракета қолдиқлари Россиядан топилган, аслида эса россиялик мутахассислар уларни Қозоғистон ҳудудидан топиб, ўз мамлакатларига олиб кетишган», деди у Карвонсаройга.

«Протон кемасининг ҳалокати Қозоғистон даштларида яшовчи сайғоқларнинг ўлимига сабаб бўлганди. «Союз» аварияга учраганидан сўнг эса навбатдаги экологик ҳалокат юз бериши мумкин», деб қўшимча қилди у.

Қозоғистон атроф-муҳит ва сув ресурслари вазирлиги маълумотларига кўра, 5 йил муқаддам «Протон» космик кемасининг портлаши туфайли атроф-муҳитга етган зарар 13 миллиард тенгега баҳоланган эди (85 миллион доллардан зиёдроқ).

Россия Қозоғистон экологиясига етказилган зарарни қопламаган.

Шамшетнинг айтишича, Қозоғистон ўз манфаатларини қатъиятлироқ ҳимоя қилиши ва муаммони узил-кесил ҳал этиши лозим.

«Биз Россиянинг Бойқўнғирдан кетиши тарафдоримиз. Россия аэрокосмик технологиялар соҳасида орқада қолиб кетган, унинг ракеталари мунтазам равишда ҳалокатга учрамоқда. Биз бу соҳада Москва билан алоқаларни узиб, АҚШ ёки Япония билан ҳамкорликдаги фазовий дастурларни муваффақиятли амалга оширишимиз мумкин», деди у.

Гептилнинг саломатликка зарарли таъсири

Россиянинг космик соҳасини назорат қилувчи «Роскосмос» давлат корпорацияси томонидан амалга ошириладиган ракета парвозлари кўп йиллардан бери жамоатчиликнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлиб келган.

Айниқса, Россия ўз ракеталарини учиришда қўллайдиган гептил маҳаллий экологларни чуқур ташвишга солмоқда. Гептил биринчи тоифадаги хавфли моддалар сирасига киради ва ғарб мамлакатларида ундан мазкур мақсадларда фойдаланиш тақиқланган.

Бойқўнғир яқинида яшовчи аҳоли ҳудуддан гептил олиб ўтилаётган вақтда нохуш ҳидни сезганлари ва ўзларини ёмон ҳис қилганликларини айтишган, деб хабар берган эди TengriNews 2016 йили.

«Роскосмос» ҳар ой «Протон» ракета ташувчисини учириш орқали атмосферага бир неча ўн тонналаб гептил моддасини тарқатиш билан чекланмай, Қозоғистон табиатни қўриқлаш хизматлари учун ёпиқ бўлган ҳудудларга токсик чиқиндиларни ҳам кўмади, деди «Бойқўнғир Эко Мониторинг» фонди раиси Марат Даулетбаев.

«Натижада болалар ва гўдаклар орасида саратон касаллигига чалиниш ва ўлим ҳолатлари кўпаймоқда», деди у Карвонсарой нашрига. «Кўп болалар жисмоний нуқсонлар билан туғилмоқда. Аммо бу ҳақдаги маълумотлар сир тутилади.»

«Роскосмос» ҳудудга ва аҳолига етказилаётган зарарни тан олмаяпти, деди у.

«Бойқўнғир мажмуасининг ижара шартномаси 2050 йилда тугайди, бу вақтга келиб маҳаллий аҳоли орасида оғир касалликлар авж олади, Роскосмос ҳам бу ердаги фаолиятига якун ясайди. Улар Қозоғистонга Семипалатинск полигони билан солиштирса бўладиган даражада улкан ҳажмли токсик чиқиндиларни қолдириб кетишади», деди у. Бу билан у шимоли-шарқий Қозоғистондаги собиқ совет иттифоқининг асосий ядровий қуролларни синаш майдонини назарда тутган.

Даулетбаев қозоғистонликларни мамлакат президент Нурсултон Назарбоев ва Россия президенти Владимир Путин номига петиция йўллаб, Бойқўнғир космодромини экологик фалокат ҳудуди деб эълон қилишга чақирган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия мисли кўрилмаган деградацияни бошдан кечирмоқда

Жавоб бериш

Россия АҚШ астронавтларини фазога чиқаришдан бош тортиши билан, Вашингтон Қозоғистон Россияни ўз ҳудудидан чиқариб юбориши керак, деб бақира бошлади. Шуни ёдда тутиш керакки, ракета парвозидан биргина Россия манфаатдор эмас. Қозоғистон Ғарб давлатларининг айтганини қилмайди.

Жавоб бериш