Карвонсарой
Технология

Расмийлар: Astana Hub технопарки «Қозоғистоннинг Кремний водийсига» айланади

Айдар Ашимов

IT йўналишидаги ОТМ талабалари ва битирувчилари, шунингдек, IT-компаниялар ва стартаплар ходимлари Остонада 5 ноябрь куни бўлиб ўтган Digital Bridge форумида иштирок этдилар. (Айдар Ашимов)

IT йўналишидаги ОТМ талабалари ва битирувчилари, шунингдек, IT-компаниялар ва стартаплар ходимлари Остонада 5 ноябрь куни бўлиб ўтган Digital Bridge форумида иштирок этдилар. (Айдар Ашимов)

ОСТОНА – Расмийлар ва IT соҳадаги манфаатдор томонларнинг сўзларига кўра, «Astana Hub» халқаро стартаплар акселератори Қозоғистонда тадбиркорлик маданияти ва бизнес муҳитини ривожлантиришга тайёр.

Президент Нурсултон Назарбоев 6 ноябрь, сешанба куни пойтахтдаги ЭКСПО павильонида жойлашган «Astana Hub» марказини очиб берди.

«Дунё шиддат билан ўзгариб бормоқда», деди у очилиш маросимидаги нутқида. «Сунъий идрок ва блокчейн технологиялари барча соҳаларга фаол татбиқ этилмоқда. Бугунги кунда рақамлаштириш ҳар қандай давлатнинг ривожланиши ва рақобатбардошлигини оширишнинг асосий омилларидан бирига айланди».

«Дунёнинг етакчи давлатлари ҳамда G20 ва Европа Иттифоқи каби бирлашмалар аллақачон ўзларининг рақамлаштиришга оид стратегик ҳужжатларини қабул қилганлар», деди у.

Президент Нурсултон Назарбоев 6-ноябрь куни «Astana Hub» очилишида нутқ сўзламоқда. (Айдар Ашимов)

Президент Нурсултон Назарбоев 6-ноябрь куни «Astana Hub» очилишида нутқ сўзламоқда. (Айдар Ашимов)

Қозоғистоннинг электрон ҳукумат тизими ходими 5 ноябрь куни интернет орқали кўрсатиладиган янги хизмат турлари билан таништирмоқда. (Айдар Ашимов)

Қозоғистоннинг электрон ҳукумат тизими ходими 5 ноябрь куни интернет орқали кўрсатиладиган янги хизмат турлари билан таништирмоқда. (Айдар Ашимов)

«Astana Hub иштирокчилари солиқ ва бошқа имтиёзларга эга бўладилар», деди Назарбоев. «Ҳукумат ва жамғармалар уларни молиявий ва бошқа турдаги кўмак билан таъминлайди.»

Қозоғистон иқтисодиётини кучайтириш

Марказнинг асосий вазифаси – Қозоғистонда стартап маданиятини ривожлантириш ва иқтисодиётни мустаҳкамлаш учун юқори технологик лойиҳаларни қўллаб-қувватлашдир.

Ҳукумат технопаркнинг халқаро миқёсда тан олинган технологик бизнесни ривожлантириш марказига айланишига умид қилмоқда ва уни «Қозоғистоннинг Кремний водийси» деб номлаган. 2022 йилга қадар инвесторлар томонидан Astana Hub дастурлари битирувчиларининг стартаплари учун жами 67 млрд. тенге (180 млн. доллар) сармоя ажратилиши мўлжалланган.

«IT бизнеси жадаллик билан ривожланиб бормоқда», дейди қарағандалик стартап асосчиси, «Astana Hub» дастури битирувчиси Айдос Искаков Карвонсарой билан суҳбатда.

«Мен бўлажак лойиҳа ғоясини акам билан узоқ вақт муҳокама қилиб, Қозоғистонда ўхшаши йўқ лойиҳани яратишга қарор қилдим: бу озиқ-овқат маҳсулотларини сотувчи ва уларни бепул етказиб берувчи онлайн-дўкон», деди у.

«Жамоамиз 5 кишидан иборат», деди у. «Қарағандаликлар исталган вақтда маҳсулотларга буюртма беришлари мумкин ва улар тезлик билан айтилган жойга етказиб берилади».

Очилиш маросимида маълум қилинганидек, айни пайтда Қозоғистонда IT-стартапларни қўллаб-қувватлаш учун QazAngels бизнес клуби, венчур сармоядорлари уюшмаси ва қўшма инвестициялаш жамғармаси фаолият кўрсатмоқда.

Технологиялар соҳасидаги етакчилар эътирофи

«Astana Hub»нинг очилишидан бир кун аввал Остона «Digital Bridge» халқаро инновацион форумига мезбонлик қилди. Тадбир Ахборот ва коммуникациялар вазирлиги ҳамда маҳаллий ва халқаро компаниялар, жумладан, Американинг Cisco ва Dell компаниялари ҳамкорлигида ташкил этилди.

«Жорий йилдан бошлаб, Қозоғистон кенг миқёсли «Рақамли Қозоғистон» дастурини амалга оширишни бошлади», деди ахборот вазири Даурен Абаев форум давомида. «Бу иқтисодиётни модернизация қилиши мумкин бўлган давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир.»

«Astana Hub»нинг очилиши мамлакатимизнинг технологик ривожланишида муҳим босқич бўлади», деди у.

Форумда чет эллик иштирокчилар тадбиркорлик, инновация ва стартапларни йўлга қўйиш борасида ўз тақдимотларини ўтказишди. Қозоғистоннинг энг яхши IT-компанияларига совринлар топширилди.

Дастур ишлаб чиқарувчилари эса потенциал инвесторлар билан учрашиш имконига эга бўлдилар.

Тадбирда ONAI лойиҳаси энг яхши рақамли ташаббус деб тан олинди. ONAI – бу жамоат транспорти фойдаланувчилари учун электрон тўлов тизими. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий хизматларни рақамлаштиришда энг илғор деб тан олинган бўлса, бизнес учун иш жараёнларини автоматлаштирувчи «Documentolog» компанияси энг яхши IT компания деб эътироф этилди.

IT-стартаплар учун қулай шарт-шароитлар

«Digital Bridge» форуми ҳар йили ўтказиладиган тадбир бўлиб, Европа ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида рақамли трансформация, электрон ҳукумат, технологик тадбиркорлик ва тўртинчи саноат инқилоби ғоялари учун мулоқот майдонига айланади», дейилади Ахборот ва коммуникациялар вазирлиги хабарида.

Форумда блокчейн технологиялари, ижтимоий хизматларни рақамлаштириш, космик саноатдаги инновациялар ва кўпгина бошқа мавзуларда параллел муҳокамалар ўтказилди.

«Қозоғистонда аввал бу каби тадбир ўтказилмаган», дейди форум иштирокчиларидан бири, «Sunrise Startup» ижодий дастурчилар гуруҳи раҳбари, олмаоталик Евгений Скворцов. «Иштирокчиларнинг кўзлари чақнаб турибди. Улар сўзга чиққанларни диққат билан тинглаб, ўзлари ҳам ўз ғоя ва ишланмаларини баҳам кўришга тайёр турибдилар.»

«Бу IT ҳамжамияти, янги стартап операторлари ва рақамли технологиялар соҳасидаги муваффақиятли тадбиркорларни бирлаштирган энг катта форум», деди у Карвонсарой нашрига. «Бу ерда рақамлаштиришдаги энг илғор трендлар ва муваффақиятли бизнес моделлари намойиш этилади ва тушунтириб берилади.»

Скворцовнинг сўзларига кўра, Қозоғистон «IT стартап компаниялар ва катта эҳтимол билан жаҳонда машҳур бўладиган стартапларни ихтиро қилувчи ва ишга туширувчи истеъдодли шахслар учун» қулай шарт-шароитлар яратиб бермоқда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500