Карвонсарой
Таълим

Жаҳон банки ёрқин иқтисодий келажак учун инсон капиталига инвестиция киритишга чақирмоқда

Жаҳон банки

Қирғизистондаги мактабгача таълим муассасасида ўқитувчи ўқувчилар билан суҳбатлашмоқда, санасиз сурат. (Жаҳон банки)

Қирғизистондаги мактабгача таълим муассасасида ўқитувчи ўқувчилар билан суҳбатлашмоқда, санасиз сурат. (Жаҳон банки)

Жаҳон банки Марказий Осиё мамлакатларида ёрқинроқ келажакни таъминлаш мақсадида билим, истеъдод, кўникма ва қобилиятлар тўплами – инсон капиталига инвестиция киритишни рағбатлантириб келмоқда.

Инсон капитали ҳар қандай мамлакат бойлигининг асосий қисмидир, дейилади Жаҳон банкининг 2018 йилги «Мамлакатларнинг ўзгарувчан бойлиги» маърузасида. У ривожланган мамлакатлар бойлигининг 68 фоизини ташкил этса, ривожланаётган мамлакатларда бу кўрсаткич 41 фоизга тенг.

Марказий Осиё давлатлари инсон капиталини шакллантириш ва мустаҳкамлаш, бу соҳага инвестиция йўналтириш орқали ўз фаровонлигини ошириши ва яхшироқ ривожланиши мумкин.

Технологик инқилоб манзарасида таълимнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

«Этно-фест» фестивали чоғида арғимчоқ учиб ўйнаётган қирғиз болалари, Иссиқкўл яқинидаги Тон қишлоғи, 15 июль (Вячеслав Оселедко/AFP)

«Этно-фест» фестивали чоғида арғимчоқ учиб ўйнаётган қирғиз болалари, Иссиқкўл яқинидаги Тон қишлоғи, 15 июль (Вячеслав Оселедко/AFP)

Роботларнинг пайдо бўлиши, автоном транспорт, сунъий онг ва машинавий ўрганиш кундалик ҳаётга ва иш учун зарур бўлган кўникмаларга айланмоқда. Келажакда айрим касблар бутунлай йўқолиб кетади ва бугунги кунда мавжуд бўлмаган баъзи ишлар эса одатий ҳолга айланади.

Шубҳасиз, янги воқеликда муваффақиятга эришиш учун таълим ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.

Таълим соҳасидаги оқсаш

Афсуски, Марказий Осиёдаги аксар мамлакатлар талабалари танқидий фикрлаш, далиллаш ва муаммони ечиш каби бирламчи кўникмаларда анча ортда қолмоқда.

2010 йилда ўқувчиларни баҳолаш халқаро дастури (PISA) маълумотларига кўра, Қирғизистонда ўқувчиларнинг 80 фоизи ўқиш ва математика фанлари бўйича билимлари базавий даражадан пастроқ бўлиб чиққан.

Тожикистонда 2-синф ўқувчиларининг 77 фоизида матнни тушуниш ва ўқиш тезлиги кўрсаткичлари миллий меъёрларга мос эмаслиги аниқланди.

Қозоғистондаги кўрсаткичлар эса турлича.

2012 йилда ўтказилган PISA тадқиқотларига кўра, қозоғистонлик ўқувчилар мактаб таълими даражаси бўйича Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига аъзо мамлакатлардаги тенгдошларидан бир йилга орқада қолмоқда. Айни вақтда, математика ва табиий фанлар бўйича мактаб таълими сифатининг халқаро мониторинги (TIMMS) маълумотларига кўра, қозоғистонлик ўқувчилар математика ва табиий фанлар бўйича саводхонликнинг юқори даражасини намойиш этганлар.

Ўзбекистон ва Туркманистон таълим даражасини баҳолаш бўйича халқаро дастурларда иштирок этмагани боис, бу мамлакатларда таълим сифатини аниқлашнинг имкони бўлмаган.

Шунингдек, Марказий Осиёнинг аксар давлатларида болалар мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олинмаган – Қозоғистонда бу кўрсаткич 58, Тожикистонда эса 12 фоизга тенг.

Қирғизистон ва Ўзбекистонда мактабгача таълим соҳасига фаол равишда маблағ ажратилаётган бўлса-да, қишлоқ жойларда бу кўрсаткич ҳамон пастлигича қолмоқда.

Қанча эрта бўлса, шунча яхши

Жаҳон банки «Таълим истиқболларини рўёбга чиқаришни ўрганиш» деб номланган 2018 йилги маърузасида таълим соҳасидаги муаммоларга ҳал қилишга ёрдам берадиган муҳим йўналишларни белгилаган.

Таълим яхши кўрсаткичлар ва кучли инсон капиталига эришиш учун овқатланиш, соғлиқни сақлаш, ҳимоя ва таълимга барвақт инвестиция йўналтириш талаб этилади.

Болаларда бош миянинг асосий функциялари туғруққача бўлган даврдаёқ шаклланади ва 5 ёшигача давом этади. Бу даврда миянинг муайян кўникмаларни ўзлаштириш қобилияти энг юқори даражада бўлади, бу қобилият бола улғайиши билан пасайиб боради, дейилади маърузада.

Бу оралиқ ўтказиб юборилса, боланинг ўрганиши ва янги кўникмаларни ўзлаштириши қийинлашади.

Тўлақонли овқатланмайдиган, ўсишда ортда қолаётган, ота-онасининг эътибори ва рағбатига муҳтож 5 ёшгача бўлган болалар мактабда яхши ўқий олмайдилар ва улғайганларида ҳам кам пул ишлаб, авлодлар оша давом этувчи ночорлик халқасидан чиқиб кета олмайдилар.

Тадқиқотлардан маълум бўлишича, мактабгача таълим дастурлари ва овқатланиш сифатини оширишга йўналтирилган ҳар бир доллар, миллий иқтисодиёт учун 6 доллардан 17 долларгача даромад келтиради.

Шу боис ҳам бола ҳаётининг илк йилларида инсон капиталига йўналтирилган инвестициялар давлат тарафидан ажратилиши мумкин бўлган анг самарали ва адолатли сармоядир.

Ўқитувчиларнинг роли муҳим

Таълим натижаларини белгиловчи энг муҳим омил бу ўқитувчилар сифатидир. Масалан, АҚШда олиб борилган ҳисоб-китобларга кўра, малакаси паст ўқитувчини ўрта даражадаги ўқитувчига алмаштириш ўқувчиларнинг бутун умри давомидаги умумий даромадини 250 минг долларга оширишга имкон берган.

Марказий Осиёнинг аксар мамлакатларида педагогик кадрлар тақчиллиги муаммоси мавжуд.

Нисбатан паст маошлар ва профессионал жиҳатдан ўсиш истиқболларининг камлиги ўқитувчилик касбининг жозибадорлигини пасайтиради. Ўқитувчи кадрларни тайёрлашда уларнинг ўз эҳтиёҳлари ҳам, иқтисодиёт талаблари ҳам инобатга олинмайди.

Бундай камчиликлар таълим сифатининг ёмонлашувига ва натижада ўқувчилар билим даражасининг пасайишига олиб келмоқда.

Қирғизистонда дарс давомида педагогик жараёнларни кузатиш ва ўқитувчилар фаолиятида икки тарафлама алоқани йўлга қўйиш механизмларининг синов тариқасида жорий этилиши ўз самараларини бера бошлаган. Шунга қарамай, мамлакатда педагог кадрларнинг тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар ўтказиш талаб этилмоқда.

Натижаларни баҳолаш муҳим

Шу боис, ўқув жараёнини баҳолаш тизимлари ишлаб чиқилиши лозим. Улар педагоглар ва ўқувчилар учун мўлжал бўлиб хизмат қилади, таълимни бошқариш сифатини оширишга ва соҳадаги муаммоларга эътибор қаратишга ёрдам беради.

Марказий Осиёдаги таълим сифатини баҳолаш миллий тизимлари такомиллашувга муҳтож.

Қозоғистон ва Қирғизистондан фарқли ўлароқ, минтақанинг бошқа мамлакатлари PISA, TIMMS ва PIAAC ни халқаро баҳолаш дастурларида иштирок этаётгани йўқ.

Шу боис ҳам ушбу мамлакатлар таълимга оид натижаларни солиштириш ва ўз миллий тизимларини кучайтириш имкониятидан маҳрум.

Таълим натижаларини баҳолаш дастурларида иштирок этмасдан, таълимга сарфланган маблағ кутилган натижани бераётгани ёки йўқлигини текшириш деярли имконсиз бўлиб қолмоқда.

Натижаларга эътибор қаратиш

Марказий Осиё мамлакатларида давлат бюджетининг тахминан 15-20 фоизи таълимга сарфланади, бу Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига (ИҲТТ) аъзо давлатлар сарф-харажатлари билан деярли бир хил.

Бироқ, таълим кўрсаткичлари ИҲТТ мамлакатлариникига нисбатан сезиларли равишда паст ва бу таълимга ажратиладиган маблағларнинг янада самаралироқ сарфланиши кераклиги кўрсатмоқда.

Дунёнинг турли мамлакатларига оид тажриба шуни кўрсатмоқдаки, «барча учун таълим» масаласини миллий устувор вазифага айлантирибгина таълим стандартларини сезиларли яхшилаш мумкин.

Дунё мамлакатлари технологик тараққий этган ва рақамлаштирилган глобал иқтисодиётга тайёрланиб борар экан, бу жараён янгиликлар билан ишлаш кўникмаларини ва янада юқорироқ даражадаги инсон капиталини талаб қилади. Марказий Осиё мамлакатлари ўз таълим тизимларидаги муаммоларни ҳал эта олиши, Марказий Осиё мамлакатлари дунёнинг етакчи давлатлари билан ҳамқадам бўла олиши учун ўсиб келаётган ёш авлодга керакли билим ва кўникмаларни бера ола олиши зарур.

(Жаҳон банки гуруҳи ўзининг http://www.worldbank.org/terms саҳифасида кўрсатилган шартлар асосида ушбу материалдан фойдаланишга рухсат беради)

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500