https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2018/11/15/feature-01
| Атроф-муҳит

ЕИ Россиядан қолган радиоактив чиқиндиларни бартараф этишда Марказий Осиёга ёрдам беради

Канат Алтинбаев

image

Тожикистондаги Деҳмой чиқиндихонаси. (М. Робертс/IAEA)

БИШКЕК – Европа мамлакатлари Марказий Осиёда Совет давридан қолган уран чиқиндихоналарини тозалашда ёрдам бераётган бир вақтда, Россия эскирган технологиялардан фойдаланиб, табиатга зарар етказишда давом этмоқда, дейди таҳлилчилар ва маҳаллий аҳоли.

Европа Иттифоқи (ЕИ) Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ муаммоларга қарши кураш учун 10 миллион евро ажратишни режалаштирмоқда. Ўтган йил баҳор ойларида ЕИ худди айни мақсадлар учун 16 миллион евро ажратган эди.

ЕИ ўз режасини 8 ноябрь куни Лондонда Марказий Осиёдаги уран чиқиндиларга бағишланган халқаро анжуман давомида эълон қилди, деб хабар берди Қирғизистондаги ЕИ делегацияси.

Халқаро атом энергияси агентлиги ва БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) Марказий Осиёнинг ушбу 3 мамлакатида 10 йилдан кўпроқ вақт давомида тадқиқотлар олиб борди ва уран чиқиндихоналарини тозалаш мақсадида 14 миллион евро ажратди.

image

Мазкур харитада Марказий Осиёдаги радиоактив чиқиндилар жойлашган жойлар кўрсатилган. (Қирғизистондаги ЕИ делегацияси)

image

Қурилма Мойлисойда ҳаводаги радиация даражасини 91 мкР/соат деб кўрсатмоқда. Хавфсиз кўрсаткич соатига 50 мкРга тенг. (Current Time теледастуридан олинган кадр)

image

Қирғизистоннинг Мойлисой шаҳри дунёнинг энг ифлосланган 10 шаҳарларидан бири, 2017 йилнинг май ойида олинган сурат. (Асхат Сакебаев)

Хавфли уран чиқиндилари

ЕИ хабарига кўра, Марказий Осиёда 1 миллиард тоннадан ортиқ уран чиқиндилари мавжуд.

Уч мамлакатдаги 7 та уран чиқиндиси кўмилган жой энг асосийлари ҳисобланади. Расмийлари уч мамлакат кесишган, аҳоли зич жойлашган Фарғона водийси ифлосланишининг олдини олиш чораларини кўрмоқда.

Булар – Қирғизистондаги Мойлисой, Шекафтар ва Мингқуш, Ўзбекистондаги Чоркесар ва Янгиобод, Тожикистондаги Истиқлол ва Деҳмой каби шаҳар ва қишлоқлардир.

Совет Иттифоқи Қирғизистон бўйлаб радиоактив чиқиндилар кўмилган кўплаб жойларни қолдирган, деди бишкеклик экология бўйича мутахассис ва «MoveGreen» экологик ҳаракати вакили Бактигул Стакеева Карвонсарой нашрига.

«Давлатимиз бундай чиқиндилар кўмилган жойлар хавфини бартараф қилишда хорижий ёрдамга муҳтож», деди у. «ЕИ кўмаги жуда муҳим, чунки муаммо ўта жиддий.»

2009 йилда БМТТД Совет давридан қолган чиқиндихоналар «Марказий Осиёнинг энг йирик сув ҳавзалари яқинидаги аҳоли зич жойлашган ва табиий офатларга мойил ҳудудларда жойлашгани» ҳақидаги огоҳлантирган эди.

Совет Иттифоқи даврида уран қазиб олиш 1944 йилда Тожикистонда бошланган, деган эди Тожикистоннинг ядровий ва радиоактив хавфсизлик бўйича агентлиги раҳбари Ўлмас Мирсаидов 2016 йилда Фарғона News нашрига.

Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг бу жойлар назорациз қолиб кетгач, ночор қолган тожикистонликлар бу ерлардан металлолом йиғишган ва ҳатто токсик заҳарли металларни қурилишда ишлатиш учун сотиб юборишган, деди у.

Чернобилдан олинган сабоқлар

Жалолобод вилоятида жойлашган Мойлисой Қирғизистон аҳолиси ва атроф-муҳити учун жиддий хавф туғдиради, деб огоҳлантирди бишкеклик эколог Улан Исмаилов.

Шаҳарда 23 та чиқинди кўмилган жой ва 2 миллион куб метр радиоактив чиқинди мавжуд, деди у Карвонсарой нашрига.

«Бу дунёдаги энг ифлосланган 10 та шаҳардан бири», деди у. «Одамлар бошқа жойга кўчиб кетишга иложсизлиги сабабли ҳалигача шу ерларда яшайдилар.»

Мойлисойдаги вазият Украинада 1986 йилда юз берган Чернобил фалокатига ўхшайди, деган эди Қирғизистон фанлар академияси ходими Раҳмат Тўйчиев 2017 йилда Current Time телеканалига.

«Чернобил фожиаси вақтида қалқонсимон без фаолиятини яхшилаш мақсадида одамларга таркибида ёд бўлган препаратлар берилган. Мойлисойда ҳам худди шу аҳвол: чиқиндихоналар атрофида яшовчи аҳолининг 98 фоизида қалқонсимон без ва жигар касалликлари қайд этилган», деди у.

Москванинг масъулиятсиз муносабати

«Қирғизистондаги уран чиқиндихоналари – Москванинг Марказий Осиё давлатларига нисбатан совет давридаги бепарво муносабати оқибатидир», дейди Жалолобод шаҳрида яшочи 42 яшар Эрнис Суюкбаев.

«Москва коммунистик мафкура ниқоби остида Марказий Осиёдан ўз мақсадлари йўлида фойдаланган», деди у.

Европа мамлакатлари совет даври амалиётлари туфайли етган зарарни бартараф этишга кўмаклашаётган бир пайтда, Россия ўзининг ҳарбий режаларини амалга ошириш асносида эскирган технологияларни қўллаб, Марказий Осиё экологиясига зарар етказишда давом этмоқда, деди Суюкбаев.

Қирғизистонлик экологлар узоқ йиллар давомида Россия Иссиқкўл соҳилларида ҳарбий машғулотлар ўтказиб, унинг нозик табиатига зиён етказаётганига норозилик билдириб келаётган эдилар.

Бундан ташқари, маҳаллий аҳоли Иссиқкўл сувларида Россия флоти томонидан узоқ йиллар давомида торпедо синовлари ўтказилганидан шикоят қилган.

Бу орада Қозоғистонда Россиянинг Бойқўнғир космодромидан фойдаланиши билан боғлиқ норозиликлар тўхтагани йўқ.

Қозоғистонликлар Россиянинг космик агентлиги – Роскосмос хавфли гептил моддасини ракета ёқилғиси сифатида қўллаётганига норозилик билдирмоқдалар. Ғарб мамлакатларида бу моддани ёқилғи сифатида қўллаш тақиқланган.

Экспертлар «Роскосмос» заҳарли чиқиндиларни экологик ташкилотлар учун ёпиқ бўлган ҳудудларда кўмаётганидан хавотирланмоқдалар.

Сизга мақола ёқдими?
44
Йўқ
Фикрлар 7
Сиёсат
Captcha

Ушбу мақолада хатога йўл қўйилган, бу атайин қилинганми ёки йўқ, буни билмайман.
Радиометр 0,91 ни кўрсатмоқда. Мен жиҳозни кўрмаяпман, лекин бу кўрсаткич 91 мкР/соатга тўғри келаётган бўлса бўлса, у 0,91 мкЗв/соат бўлиши керак. Бу жуда паст кўрсаткич бўлиб, хавфли деб ҳисобланмайди. Хавф уран қолдиқларининг радиологик ва кимёвий токсиклиги мавжудлигидан келиб чиқади. Тупроқ ва сувнинг ифлосланиши аҳоли учун ҳақиқий хавф ҳисобланади.
Қолаверса, саноат компанияси ишлаб чиқариш майдончаси ёпилганидан кейин уни демонтаж қилиши ва зарарсизлантирганини қаерда кўргансиз? Йўқ, фақат атом станциялари бундан мустасно бўлиши мумкин, улар ҳам асосан яқинда бўлган, аниқ 50-йилларда эмас...

Жавоб бериш

«Қурилма май ойида радиация даражасини соатига 91 микрорентген деб кўрсатмоқда.» Расмни катталаштирсангиз, 0,091 эканлиги шундоққина кўриниб турибди... Қизиқ, фотошоп қилишни унутишганми?

Жавоб бериш

Россиянинг бунга нима дахли бор?
Бу СССРнинг мероси

Жавоб бериш

Бу веб-сайт одамни карахт қилади. Тушунарсиз манбаларга ҳаволалар берилган. Ўзбошимча талқин. Ким ўқийди ўзи буни? Баландпарвоз гаплар. Ҳурматли муҳаррирлар, сизларга ким ҳақ тўлайди?

Жавоб бериш

Ёрдам учун раҳмат

Жавоб бериш

Марказий Осиё мамлакатлари минтақа учун манфаатли бўлган сиёсатларда бирлашишлари керак... бу ҳолатда АҚШ ва Россия бир ўринда туради..

Жавоб бериш

Европа ва Америка сизга ёрдам беради... жуда ёрдам беради-да! Америкослар Украинага ёрдам бериб бўлди. Чернобилда ўзларининг чиқиндилари учун катта ва Европа учун кичикроқ қабристон яратишди.

Жавоб бериш