https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2018/11/16/feature-01
Кремль Тожикистондаги ИД ҳужумидан минтақадаги манфаатларини илгари суриш йўлида фойдаланиши мумкин
| Оммавий ахборот воситалари

Қозоғистон Россиянинг «Қрим кўприги» номли ташвиқот фильмини намойиш этишдан бош тортмоқда

Канат Алтинбаев

image

Россиянинг «Қрим кўприги. Меҳр билан қурилган!» ташвиқий фильмининг постери.

ОЛМАОТА – Фильмнинг касса йиғимлари Қозоғистон 2014 йилда Россия Украинадан ноқонуний тарзда тортиб олган Қрим яримороли мақомини тан олмаслигини яна бир карра исботлади.

Қозоғистон кинотеатрлари Россиянинг «Қрим кўприги. Меҳр билан қурилган!» комедиясини намойиш этишдан бош тортганлар.

Фильм Керч бўғози узра қурилган икки параллел кўприк – Қрим кўприги ҳақида ҳикоя қилади. Унда Россия ва Қримни боғловчи кўприк ҳамда ёшларнинг у билан боғлиқ романтик саргузаштлари тасвирланган.

Фильмнинг Россиядаги намойишлари 1 ноябрь куни бошланган, шу ойнинг ўзида у Қозоғистонда намойиш этилиши режалаштирилган эди.

image

Олмаотадаги Kinoplexx кинотеатри, 2018 йил, апрел. Қозоғистон кинотеатрлари Россиянинг Қрим ҳақидаги фильмини намойиш этишдан бош тортмоқда. (Файл)

image

Скриншот: Россиянинг «Қрим кўприги. Меҳр билан қурилган!» ташвиқот фильмига онлайн-тақризчилар тарафидан кескин фикр-мулоҳазалар билдирилган.

Бироқ, қозоғистонлик кинопрокатчилар мамлакат кинотеатрларида бу фильмга талаб жуда пастлигини маълум қилганлар – у маҳаллий кино ихлосмандларида ҳеч қандай қизиқиш уйғотмаган.

Фильмнинг ташвиқий характерга эгалиги танқид остида қолган

Айрим томошабинлар ва кинотанқидчилар филмни «ташвиқий» деб баҳолаганлар.

Фильмнинг «Кинопоиск», ivi.ru каби Россия кинопорталларидаги рейтинги жуда паст бўлиб чиққан. Кинотеатрларда фильмни кўрган томошабинлар ғазабнок фикр-мулоҳазалар қолдирганлар.

«Путиннинг ташвиқотчилари пулларимизни совуриб, босар-тусарларини билмай қолишибди», деб ёзган Влад исмли фойдаланувчи. «Бўлмағур фильм, бир ярим соатлик умрингизни зое кетказманг», деб маслаҳат беради Владимир.

Фильм режиссёри – таниқли кремлпараст телебошловчи Тигран Кеосаян, сценарийни эса унинг рафиқаси, Russia Today телеканали бош муҳаррири Маргарита Симонян ёзган.

Билдирилган фикр-мулоҳазалардан шуни хулоса қилиш мумкинки, «Қрим кўприги» Олмаотада намойиш этилганида ҳам, маҳаллий томошабинлар эътиборини қозона олмаган бўларди.

«Бизга Россия ташвиқотининг нима кераги бор? Бунинг учун пул ҳам тўлаймизми ҳали? Керак эмас, раҳмат, яхшиси бирор қозоқ комедиясини ёки сифатли голливуд триллерини кўра қоламан», дейди олмаоталик талаба Арнур Мусин Карвонсарой билан суҳбатда.

Қозоғистоннинг позицияси қатъийлашмоқда

Халқаро муносабатлар бўйича остоналик мутахассис Руслан Назаровга кўра, Қозоғистонда «Қрим кўприги. Меҳр билан қурилган» фильмининг намойиш этилмаганига икки омил сабаб бўлган.

«Биринчидан, фильмнинг ўзи зерикарли – у Россиянинг ўзида совуққонлик билан қарши олинди, буни рейтинглар ва кинотеатрлардаги ташрифлар сони кўрсатиб турибди. Шундай экан, у бу ерда ҳам даромад келтира олмасди», деди у.

«Иккинчидан, бундай филмнинг намойиш этилиши Қозоғистон Москванинг Украинадаги сиёсатини қўллаб-қувватлайди, деган янглиш фикрни келтириб чиқариши мумкин эди», деди у.

Қозоғистон Россиянинг иттифоқчиси бўлса ҳам, кўп масалаларда Кремль сиёсатини ёқламайди, деди у.

Остона ҳеч қачон Қримни Россиянинг бир қисми сифатида тан олмаган, шунингдек, Россия қўллаб-қувватлаган Абхазия ва Жанубий Осетия ҳудудларининг Грузиядан ажраб чиқишини ҳам маъқулламаган, деди у.

Апрель ойида бўлиб ўтган БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Россия Суриядаги кимёвий ҳужумларни тергов қилишга қаратилган барча чораларни бекор қилишга уринди ва бу билан Кремлнинг Башар Асад режими томонидан Сурияда содир этилган уруш жиноятларига шерик эканлигини кўрсатиб қўйди.

Қозоғистон Россия позициясини эмас, аксинча, АҚШ тарафидан қўллаб-қувватланган Хавфсизлик кенгаши таклифини ёқлаб овоз берди. Унга кўра, ваколат муддати ўтган йили тугаган, Суриядаги кимёвий ҳужумларни тергов қиладиган ва айбдорларни аниқлаши керак бўлган БМТ ҳамкорлигидаги бирлашган тергов механизми – Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти қайта тикланиши лозим эди.

Сизга мақола ёқдими?
49
Йўқ
Фикрлар 3
Сиёсат
Captcha

Саша Коэн ўйнаган Борат қозоқлардан кўра кўпроқ жанублик русга ўхшайди ))

Жавоб бериш

Қўшнилар кинони ман қилишга ҳаққи бор. Рашка янкиларнинг «маҳоратли» «Борат: буюк Қозоғистон равнақи учун Америка маданиятини ўрганиш» филмини 12 йил олдин ман қилишига айнан шу нарса сабаб бўлган. Саша Барон Коэн бекорга Олтин Глобус олмагандир, ҳаҳаҳаҳа

Жавоб бериш

Россия каналларини Ўзбекистонда ёпиб ташлаш керак. Бизга иккинчи Украина керак эмас!

Жавоб бериш