ТОШКЕНТ – Ўзбекистоннинг терроризмга қарши чоралари Марказий Осиё ва бошқа давлатлар учун модел сифатида хизмат қилмоқда, дейди таҳлилчилар.
Ёшларнинг ҳуқуқий ва диний билимини кучайтириш орқали улар орасида эктремистик ғоялар тарқалишининг олдини олишга асосланган радикаллашувга қарши курашнинг ўзбек модели ўз самарасини берди, деди Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) раҳбари Владимир Норов.
«Экстремизм ва терроризм таҳдидларига қарши кураш бўйича Ўзбекистон тажрибаси кўпгина хорижий мутахассисларнинг эътиборини жалб қилмоқда», деди Норов 1 ноябрь куни Халқ сўзи нашрига. У 2006-2010 йилларда ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган.
«Мутахассисларнинг баҳолашича, Ўзбекистоннинг бу сиёсий йўли Ислом дунёсидаги «маърифатли Ислом» ғояси учун янги муҳим йўналишга асос бўлиб хизмат қилади», деди у.
Қалблар ва ғоялар учун кураш
Ўзбек модели қонунларга ҳурматни ривожлантириш ҳамда руҳий ва диний таълим орқали халқнинг, айниқса ёшларнинг «қалби ва онги учун курашга» эътибор қаратади, деди Норов.
«Бундан ташқари, биз экстремистик ғоялар таъсирида қолган ва ўз хатосини англаб етганларни ижтимоий реабилитация қилиш, уларни нормал ҳаётга қайтариш устида мунтазам равишда ишлаймиз», деди у.
Мисол учун, 1 ноябрдан бошлаб, Ўзбекистонда махсус комиссия Сурия, Ироқ ва Афғонистонга кетган фуқароларни тергов қилишни бошлади.
Жиддий жиноятларни содир этмаган, қўлига қурол олмаган шахслар ҳамкорлик қилиб, чин кўнгилдан тавба қилсалар жиноий жавобгарликка тортилмайдилар.
2017 йилда Ўзбекистон ҳукумати экстремистлар таъсирида тушиб қолган фуқароларнинг 10 минг нафар фарзандларини иш билан таъминлади, деди Норов.
Ёшларнинг радикаллашуви кўплаб мамлакатлардаги энг хавфли ва муҳим муаммолардан, деб таъкидлади у.
СМТИнинг халқаро таҳлилчилар тадқиқотларига асосланган маълумотларига кўра, дунё бўйлаб 18 ёшгача бўлган ёшларнинг 300 мингга яқини экстремистик ташкилотларга алоқадор.
Тажриба алмашиш
Ўзбекистонлик мутахассислар хорижлик ҳамкасблари билан мамлакат тажрибасини бўлишиш учун аксилтеррор стратегиялар бўйича китоб нашр қилишлари керак, деди тошкентлик сиёсатшунос Валерий Хон.
«Мамлакатда хавфсизликнинг энг юқори кўрсаткичи шу ерда сақлангани сабабли бошқа давлатлар Ўзбекистондан кўп нарсани ўрганиши мумкин», деди Хон Карвонсарой нашрига.
«Менимча, тажриба алмашиш учун сиёсий тавсиялар китоб ёки брошюра шаклида чоп этилиши керак. Террорга қарши кураш бўйича ўзбек модели ҳақида муносиб китоб ҳамон чиқмаган, зеро бу жуда фойдали бўлар эди», деди у.
Кўпроқ далиллар ёки статистик маълумотлар қўшсангиз ва кенгроқ ёритсангиз янаям зўр бўлади
Жавоб беришФикрлар 1