Карвонсарой
Хавфсизлик

Ўзбекистон тарихидаги энг йирик ҳарбий машқлар армиянинг жанговар шайлигини намойиш этди

Максим Енисеев

Аскар машқларнинг биринчи кунида ҳарбийча юришда иштирок этмоқда, Тошкент вилояти, 26 ноябрь. (Ўзбекистон мудофаа вазирлиги)

Аскар машқларнинг биринчи кунида ҳарбийча юришда иштирок этмоқда, Тошкент вилояти, 26 ноябрь. (Ўзбекистон мудофаа вазирлиги)

Ўзбек аскарлари машқларнинг биринчи кунида ҳарбийча қадам ташламоқдалар, Тошкент вилояти, 26 ноябрь. (Ўзбекистон мудофаа вазирлиги)

Ўзбек аскарлари машқларнинг биринчи кунида ҳарбийча қадам ташламоқдалар, Тошкент вилояти, 26 ноябрь. (Ўзбекистон мудофаа вазирлиги)

Президент Шавкат Мирзиёев ва мудофаа вазири Абдусалом Азизов қурол-аслаҳаларни кўздан кечирмоқда, 28 ноябрь, Чирчиқ. (Ўзбекистон мудофаа вазирлиги)

Президент Шавкат Мирзиёев ва мудофаа вазири Абдусалом Азизов қурол-аслаҳаларни кўздан кечирмоқда, 28 ноябрь, Чирчиқ. (Ўзбекистон мудофаа вазирлиги)

Ўзбек десантчи аскарлари парашютда, Чирчиқ, 28 ноябрь. (Ўзбекистон мудофаа вазирлиги)

Ўзбек десантчи аскарлари парашютда, Чирчиқ, 28 ноябрь. (Ўзбекистон мудофаа вазирлиги)

АҚШ мудофаа вазирининг Афғонистон, Покистон ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари Колин Жексон 8 ноябрь куни Тошкентдаги Ўзбекистон Қуролли кучлар академияси музейига ташриф буюрди. (Ўзбекистон мудофаа вазирлиги)

АҚШ мудофаа вазирининг Афғонистон, Покистон ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари Колин Жексон 8 ноябрь куни Тошкентдаги Ўзбекистон Қуролли кучлар академияси музейига ташриф буюрди. (Ўзбекистон мудофаа вазирлиги)

ТОШКЕНТ – Ўзбекистон ўтган ойда ўтказилган энг йирик ҳарбий машқлар давомида аскарларнинг жанговар тайёргарлиги ва ўзининг ҳарбий салоҳиятини намойиш қилди.

26-30 ноябрь кунлари ўтган ҳарбий машқларда Ўзбекистон қуролли кучларининг минглаб аскарлари, ҳарбий самолётлар, вертолётлар, танк ва десантчи бўлинмалар иштирок этди.

«Армиянинг ҳарбий тайёргарлиги бундай кенг кўламда илк марта синалмоқда», деди Ўзбекистон мудофаа вазири машқларнинг бошланишини эълон қилган баёнотида.

«Машғулотларнинг асосий мақсади белгиланган муддатда аскарларнинг юқори даражада шай ҳолга келишга қодирлигини текшириш», деб хабар берди мудофаа вазирлиги. Шунингдек, «ҳарбий бўлинмаларнинг шахсий таркиб даражаси, қурол-яроғ, ҳарбий техника ва бошқа жиҳозлар таъминотини текшириш ҳам кўзланган», деб қўшимча қилди у.

Ўзбекистон ҳаво мудофааси кучлари шартли ҳужумни қайтармоқда, 28 ноябрь, Чирчиқ. (Ўзбекистон мудофаа вазирлиги)

Ўзбекистон ҳаво мудофааси кучлари шартли ҳужумни қайтармоқда, 28 ноябрь, Чирчиқ. (Ўзбекистон мудофаа вазирлиги)

Машқлар дастлабки огоҳлантиришларсиз бошлаб юборилди, «аммо аскарлар учун бу кутилмаган ҳолат бўлмади». Чунки улар йил давомида пухта ҳарбий тайёргарликдан ўтганлар, деб хабар берди Gazeta.uz нашри мудофаа вазирлиги матбуот марказига асосланиб.

Марказий Осиёдаги энг кучли армия

Ўқув машғулотларининг биринчи кунида аскарлар ҳарбий юк машиналари ва зирҳли техника воситалари иштирокида ҳарбий юришни амалга оширди.

Мудофаа вазирлиги ўқув машқларини ўтказиш учун «Шўрсу», «Ангрен», «Фориш», «Каттақўрғон», «Нуристон», «Термиз», «Нукус» ва «Чирчиқ» полигонларини танлади.

28 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев Чирчиқ дала ўқув майдонига ташриф буюриб, ҳарбий ҳаво кучлари, парашютчилар, артиллерия, мотоўқчилар, танкчилар ва махсус кучларнинг қўшма ҳаракатларини кузатди.

Машғулотлар «аскарларимизнинг маҳорати, жанговар шайлиги ва яхлит куч сифатида ҳаракат қила олишини намойиш этди», деб хабар берди президент ахборот хизмати.

Мамлакат мудофаа соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлардан мақсад, Ўзбекистон хавфсизлиги ва унинг халқи учун осойишта ҳаётни таъминлаш, деди Мирзиёев ўз ташрифи давомида.

Шу куннинг ўзида давлат хавфсизлик кенгашига мурожаат қилар экан, Мирзиёев жорий йилда ҳукумат ҳарбий қисмлар тузилмасини қайта кўриб чиққанини, бу эса қўшинларни таъминлаш харажатларини қисқартиришга олиб келганини таъкидлаб ўтди.

Озиқ-овқат етказиб беришни ташқи таъминотчи зиммасига юклаш жанговар шайликни оширди, деди у.

Ислоҳотлар натижасида жорий йилда Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги «Global Firepower» рейтингидаги ўрни юқорилади.

Рейтингга кўра, Ўзбекистон 9 поғона юқорилаб, дунёда 39-ўринни эгаллади ва Марказий Осиёда энг кучли армия бўлди.

Шу билан бирга, октябрь ойида Ўзбекистон разведкачилари Уельсда ўтган энг қатъий патруль синовлари – «Cambrian Patrol 2018»да олтин медалга сазовор бўлдилар.

«Ўзбекистонда олиб борилган ислоҳотлар самараси ўлароқ, давлатнинг иқтисодий салоҳияти ортиб бормоқда», деди тошкентлик сиёсатшунос Умид Асатуллаев Карвонсарой нашрига.

Бунинг натижасида «ҳарбий соҳа ҳукуматдан ҳарбий бюджетни оширишни, армияни ислоҳ қилиш ва қурол-яроғ таъминотини кутмоқда», деди у.

«Ўқув машқлари армия салоҳиятини намойиш этишнинг энг яхши йўли. Афтидан, президент унинг жанговар шайлигидан қониқиш ҳосил қилди», деди у.

Минтақавий ҳамкорликни кучайтириш

Ислоҳотлар фонида Ўзбекистон армияси минтақадаги бошқа мамлакатлар билан дўстона алоқаларни йўлга қўймоқда.

«Ишончим комилки, бу машқлар минтақага ҳеч қандай таҳдид солмайди», деди Асатуллаев. «Бугунги кунда Марказий Осиёда икки фаразий давлатнинг барча турдаги қўшинлари иштирокида кенг кўламли ҳарбиз низо юз беришини тасаввур қилиш мушкул».

«Мамлакат ҳудудига террорчиларнинг сизиб кириши, исёнлар, экстремистлар бўлинмаларининг ташкил этилиши хавфи бундан-да долзарброқ», дейди ўзбекистонлик сиёсатшунос Умид Асатуллаев Карвонсарой билан суҳбатда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистонни ўқув машқлари ўтказилиши ҳақида хабардор қилар экан, «машқлар режага мувофиқ ўтказилаётгани ва бошқа мамлакатлар манфаатларига қарши қаратилмаганини» таъкидлаган, деб хабар беради KGinform.

Июль ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон терроризмга қарши қўшма ҳарбий машқларни ўтказган эдилар.

«Дашт эрки» машғулотларининг биринчи босқичи 10-16 июль кунлари Қозоғистондаги «Матибулоқ» машғулотлар полигонида бўлиб ўтди. Иккинчи босқич эса 21 июль куни Ўзбекистондаги Фориш ўқув марказида ўтказилди.

Икки мамлакат бундай машқларни мунтазам равишда ўтказишни режалаштирмоқда, деб хабар беради Gazeta.uz нашри.

Шунингдек, сентябрь ойида 600 нафар тожик ва ўзбек аскарлари Тожикистоннинг Сўғд вилоятида қўшма ҳарбий машқларни ўтказдилар, улар олис тоғли ҳудудларда шартли террорчилик ташкилотларини йўқ қилишга қаратилди.

Халқаро дастак

Бу орада, Ўзбекистон АҚШ ва бошқа халқаро ҳамкорлар кўмагига таянган ҳолда ўз қуролли кучларини ислоҳ қилмоқда.

8 ноябрь куни Ўзбекистон мудофаа вазири Абдусалом Азизов АҚШ мудофаа вазирининг Афғонистон, Покистон ва Марказий Осиё бўйича ўринбосари Колин Жексон раҳбарлигидаги Америка ҳарбий делегациясини қабул қилди.

«Биз учун Қўшма штатлар - ишончли, вақт билан синалган ҳамкор, у билан дўстона алоқалар, ҳамкорлик ва ўзаро кўмак доимий аҳамият касб этган», деди Азизов учрашув чоғида.

«Шубҳасиз, дунёнинг энг илғор қуролли кучлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ҳарбийларимизнинг жанговар шайлиги ва оператив имкониятларини оширишга имкон беради», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Узбек зур

Жавоб бериш