ТОШКЕНТ – Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятидан ташриф буюрган қирққа яқин фермер ва тадбиркор аёллар 12-17 декабр кунлари Вестминстер халқаро университети томонидан ташкиллаштирилган тренинг курсларида қатнашди.
Интенсив тренинг курси фермер ва тадбиркор аёлларнинг агробизнес ва боғдорчилик соҳасидаги билим ва кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган, деб хабар берди душанба (17 декабр) куни Жаҳон Банки.
Тадбир Жаҳон Банки томонидан ЕИнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Қўшма Штатлар ва Швейцария элчихоналари, Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмаси, Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги, Тошкентдаги Вестминстер университети ва «Оазис» қишлоқ хўжалиги тренинг маркази билан ҳамкорликда ташкиллаштирилди.
Олти кун давом этган тренинг аёллар яратган стартаплар, савдо-сотиқ, интенсив боғ ва иссиқхоналар, томчилаб суғориш, зараркунандалар назорати, қайта ишлаш саноати, озиқ-овқат хавфсизлиги, мева-сабзавотлар экспорти ҳамда агробизнеснинг бошқа йўналишларга қаратилган мавзуларни ҳам ўз ичига олди. Ўқув модуллари маҳаллий ва халқаро бизнес бошқаруви ҳамда қишлоқ хўжалигининг етакчи амалиётчилари ва мутахассислари томонидан олиб борилди.
Курс иштирокчилари Жаҳон Банки қўллаб-қувватлаган Боғдорчиликни ривожлантириш лойиҳаси доирасида маҳаллий банклардан кичик кредит олган қишлоқ хўжалиги корхоналарига ташриф буюриш имкониятига эга бўлдилар. Шу билан бирга, тренингда намойиш этилган видеолавҳалар орқали ўз агробизнес лойиҳалари ҳақида сўзлаб берган Америка ва европалик тадбиркор аёлларнинг тажрибаси билан танишдилар.
Ўқув машғулотларининг сўнгги куни фермер ва тадбиркор аёллар, қишлоқларда тадбиркорлик дастурларини қўллаб-қувватловчи маҳаллий ва халқаро ташкилотлар аъзолари, давлат ташкилотлари расмийларини жамлади.
Тадбир иштирокчилари тадбиркор аёллар томонидан амалга оширилаётган агробизнес лойиҳаларини молиялаштиришдаги муаммолар ва имкониятларни муҳокама қилдилар.
Аёллар имкониятларини кенгайтириш учун улкан салоҳият
«Ҳосилдорликни яхшилаш орқали миллионлаб одамларни иш билан таъминлаётган Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳаси иқтисодий ўсишни кучайтиришда ва чекка ҳудудларда бандликни таъминлаш бўйича муҳим манба сифатида улкан салоҳиятга эга», деди Жаҳон банкининг Ўзбекистон бўйича менежери Ҳидеки Мори курс якунида сертификатларни топшириш маросимида.
«Шу билан бирга, бу озиқ-овқат хавфсизлигини кучайтиради ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини оширади», деди у.
«Бу ўзгаришларни таъминлашда Жаҳон банки ҳукуматнинг қишлоқ хўжалигида пахта ва буғдой билан бир қаторда, мева-сабзавотлар ва чорвачилик каби жуда зарур маҳсулотларни диверсификациялашини фаол тарзда қўллаб-қувватлайди», деди Мори.
«Мамлакатнинг боғдорчилик соҳаси чекка ҳудудларда йил давомида бандликни таъминловчи муҳим манба ва аёллар учун кўплаб иш жойлари яратиб беради», деди у. «Жаҳон Банки мамлакат бўйлаб қишлоқлардаги аёлларга имконият яратиб бериш ва уларнинг тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантиришда ҳукумат билан яқиндан ҳамкорлик қилишда давом этади.»
Бу тренинг курси синов лойиҳаси бўлди – Жаҳон Банки ёрдамида Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам агробизнес ва боғдорчиликда фермер аёлларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантириш мақсадида худди шундай тадбирлар ўтказилади.
Жаҳон банкининг молиявий ёрдами
Жаҳон банки томонидан қўллаб-қувватланган чорвачилик соҳасини ривожлантириш лойиҳаси доирасида 20 нафар тадбиркор паррандачилик ва балиқчиликни ривожлантириш, сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш, чорва молларини кўпайтириш учун маҳаллий банклардан 9 миллион АҚШ доллари (74,8 миллиард сўм) миқдорида кичик кредитлар олишди.
Шу билан бирга, Жаҳон Банки кўмагидаги боғдорчиликни ривожлантириш лойиҳаси доирасида 16 нафар аёл маҳаллий банклардан жами 13 миллион АҚШ долларига (108 миллиард сўм) тенг кичик кредит олдилар. Бу маблағлар иссиқхоналар, интенсив боғлар, мева-сабзавот етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш каби ишларга инвестиция қилинди.
Жаҳон банки мамлакатнинг ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш учун умумий қиймати 3,3 миллиард АҚШ долларига (27,4 триллион сўм) тенг 18 та лойиҳани амалга оширмоқда.
Ушбу лойиҳалар муҳим макроиқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, қишлоқ ва сув ресурсларини бошқариш, соғлиқни сақлаш, таълим, сув таъминоти ва санитария, энергетика, транспорт ва шаҳарсозлик соҳаларини ривожлантиришга кўмаклашади. Улар мамлакатдаги иқтисодий ўсиш ва Ўзбекистон аҳолисининг турмуш даражасини оширишга ҳисса қўшмоқда.
(Жаҳон банки гуруҳи ўзининг http://www.worldbank.org/terms саҳифасида кўрсатилган шартлар асосида ушбу материалдан фойдаланишга рухсат беради)