Карвонсарой
Оммавий ахборот воситалари

ИДнинг бир вақтлар қудратли бўлган ахборот воситалари ўз кучини йўқотмоқда

Қоҳирадан Волид Абу ал-Хайр

ИД томонидан 13 декабр куни Telegram тармоғида эълон қилинган суратда Сурияда смартфонга тикилиб турган бир гуруҳ жангарилар тасвирланган. (File)

ИД томонидан 13 декабр куни Telegram тармоғида эълон қилинган суратда Сурияда смартфонга тикилиб турган бир гуруҳ жангарилар тасвирланган. (File)

«Ислом Давлати»га қарши олиб борилаётган ҳарбий, мафкуравий ва кибер урушлар гуруҳнинг ахборот воситалари салоҳиятини анча заифлаштирди. Янги чиқарилган нашрларнинг ҳажми сезиларли даражада камайди.

«ИДнинг ахборот тарқатиш машинаси яққол сустлашган ва бу гуруҳ авваллари фойдаланган медиа-платформаларига таъсир этмоқда», деди Мисрнинг ал-Волид тадқиқотлар марказининг ОАВ бўлими раҳбари Мазен Закий.

Ижтимоий тармоқлар ва онлайн форумлар орқали тарқатилган аудио-визуал материаллар, ҳафталик ёки ойлик нашрлар шулар жумласидандир, деди у.

«Айрим нашрларнинг чоп этилмаётганига бир йилдан ошган, масалан «Дабиқ» журнали ва «ал-Баян» газетаси», деди у. Гуруҳнинг «Ал-Фурқан» ОАВ жамғармаси, «Амақ», «ал-Окаб» онлайн-форуми ва «Мунтадаят ал-Малаҳем вал Фитан» форумларидаги ахборий маҳсулотлари кўлами қисқарган.

12 декабр куни ИДнинг Telegram саҳифасида чоп этилган сифатсиз суратда Суриянинг Ҳажин шаҳрида қўлбола транспорт воситасидаги жангари акс эттирилган. Аввал гуруҳ жанг ифода этилган узун видеоларни чоп этган бўлса, эндиликда фақат сифатсиз суратлар тарқатиш билан кифояланмоқда. (File)

12 декабр куни ИДнинг Telegram саҳифасида чоп этилган сифатсиз суратда Суриянинг Ҳажин шаҳрида қўлбола транспорт воситасидаги жангари акс эттирилган. Аввал гуруҳ жанг ифода этилган узун видеоларни чоп этган бўлса, эндиликда фақат сифатсиз суратлар тарқатиш билан кифояланмоқда. (File)

Бу сайтлар ўчирилиш ва блокировка қилишни олдини олиш мақсадида доимий равишда IP манзилларини ўзгартириб туради, деди у. «Аммо халқаро босим туфайли энди бунинг уддасидан чиқиш осон эмас», деб қўшимча қилди у.

Закийнинг сўзларига кўра, онлайн контентни назорат қилишга оид аксилтеррор чоралари мунтазам равишда ИД ташвиқот материалларини тарқатган юз минглаб сохта ва ҳақиқий аккаунтларни ўчириб, блоклаб келган ижтимоий тармоқларнинг ҳамкорлиги сабабли самара берди.

«Бу ўз ўрнида ИД фойдаланган кенг миқёсли ёллаш тизимига салбий таъсир кўрсатди. Натижа ёллаш операциялари ва янги ёлланганлар сони кескин пасайишида акс этди», деди у.

«Буткул қулаш»

ИД 2015 йилда Ироқ ва Сурияда етти миллионга яқин одамни бошқараётган бир вақтда, гуруҳ ташвиқотчилари ғарбий Африкадан Афғонистонга қадар 38 та ОАВ офисларидан туриб, турли хил контентларни чоп этганлар, деган эди шу йил бошида узоқ йиллар давомида ИДнинг алоқа воситаларини ўрганган Лондоннинг «Kingʼs College» тадқиқотчиси Чарли Винтер.

Аммо ҳозир бу воситаларнинг кўпчилиги сустлашган.

ИД ахборот тарқатиш машинасининг заифлашувига турли омиллар сабаб бўлган, бу энг аввало Сурия ва Ироқда ИД назорати остидаги ҳудудларнинг қисқариши, деди Қоҳира университетининг ОАВ факултети профессори Ҳассан Афифий.

Бу эса гуруҳнинг ўз ютуқлари ва янги жангарилар ёллаётганини кўрсатиб мақтаниши учун хизмат қилган ва мунтазам янгиланувчи медиа-контентнинг камайишига сабаб бўлди, деди у.

ИДга қарши олиб борилган мафкуравий кураш ҳам ўз натижасини кўрсатди, деди Афифий. «Ижтимоий тармоқлар ва онлайн-форумлар гуруҳнинг ёлғонларини фош қилиб, ёшларнинг онгларини заҳарлаётган даъволарини инкор қиладиган маърифий материаллар билан тўлиб-тошмоқда», деб таъкидлади у.

Унинг сўзларига кўра, «сўнгги вақтда улар томонидан тарқатилаётган ахборот сифати ва тартиби» ИД ахборот тарқатиш машинаси сустлашганидан дарак бермоқда.

«Чоп этилган материалларни синчиклаб ўрганиш натижасида гуруҳ аввалги қудрати ва аниқлигини йўқотганини кўриш мумкин, чунки чиқарилаётган видеолар сони камайган, уларнинг сифати эса пасайган», деди у.

Шунингдек, террорчилик ҳужумлари учун маъсулиятни ўз зиммасига олиш кечикаётганлиги, баёнотларнинг араб ва инглиз тилидаги матнларда грамматик ва имловий хатолар пайдо бўлгани яққол кўзга ташланмоқда, деб қўшимча қилди у.

Бу ҳозирги кунда аввалги профессионаллар жамоаси ишламаётгани ва гуруҳ ўзининг медиа-маҳсулотларини тайёрлаш учун тажрибасиз шахсларни жалб қилаётганини кўрсатади, деди у.

ИД ташвиқот марказларининг йўқотилиши

Сурия ва Ироқда улкан ҳудудларнинг эгалланиши гуруҳга техниканинг сўнгги ютуқлари билан жиҳозланган медиа-марказлар яратиш имконини берди, деди Миср армиясининг истеъфодаги генерал-маёри, хавфсизлик бўйича мутахассис ва ҳарбий таҳлилчи Абдул Карим Аҳмад.

ИД «кибер-маконни ўз назорати остидаги ҳудудлар ва эришилган ғалабалари ҳақидаги ҳикоя қилувчи кўплаб ташвиқий материаллар билан тўлдириб ташлади», деди у.

Бу унга ўз таъсирини янада кенгроқ ёйиш ва бутун дунёдан ёшларни ўз сафига ёллаш имкониятини оширишга ёрдам берди, деди у.

«Бироқ ҳозирда вазият ўзгарган. 2015 йил билан таққослаганда, бугунги кунда гуруҳ ўша вақтда назорати остида бўлган ҳудуднинг 2 фоизигагина эгалик қилмоқда, холос», деди Аҳмад.

ИД ўз медиа-марказларидан маҳрум бўлди ва бу унинг техник имкониятларини сусайтирди, деди у.

«Халқаро ОАВ гуруҳнинг мағлубиятлари, гуруҳга мансуб жангариларнинг бир вақтлар унинг назоратида бўлган ҳудудлардан қочиши ва уларнинг бутун дунё бўйлаб таъқиб қилинаётгани ҳақида бонг урмоқда«, деди у.

«Буларнинг бари ИД қарши тура олмайдиган аксил-ташвиқий контентга айланган», деди Аҳмад.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

ИШИДни ким яратган? Англосос ва Америкослар, улар ИШИДга ишонишган ва улардан фойдаланишаётганини тушунмаганлар

Жавоб бериш