Карвонсарой
Иқтисодиёт

Ўзбекистон виночилик соҳасини ривожлантирмоқчи

AFP

Ўзбекистоннинг Заркент қишлоғи яқинида ҳосилни йиғиб олиш чоғида узум саралаётган ишчилар, 20 сентябрь. Марказий Осиё даштлари ўз виноси билан машҳур бўлмаса-да, ҳукуматнинг бу йўналишдаги режалари амалга ошгудек бўлса, кунлар келиб ўзбекча шардоне дунё мамлакатлари дастурхонларини безаши мумкин. (Станислав Ходжаев/AFP)

Ўзбекистоннинг Заркент қишлоғи яқинида ҳосилни йиғиб олиш чоғида узум саралаётган ишчилар, 20 сентябрь. Марказий Осиё даштлари ўз виноси билан машҳур бўлмаса-да, ҳукуматнинг бу йўналишдаги режалари амалга ошгудек бўлса, кунлар келиб ўзбекча шардоне дунё мамлакатлари дастурхонларини безаши мумкин. (Станислав Ходжаев/AFP)

ПАРКЕНТ, Ўзбекистон – Илиқ ва тўкин-сочин куз тобора узоқлашиб, қиш ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлаб борар экан, ўзбекистонлик узумчи Абдумутал Йўлдошев олган ҳосил шиша идишларга қуйилиб, Россия томонга йўл олмоқда.

Авваллари Йўлдошевнинг 15 гектарлик еридан олинган узумлар асосан дастурхонларни безаган бўлса, энди у ва унинг ишчиларидан иборат кичик гуруҳ давлат ташаббуси остидаги виночилик ҳаракатининг олдинги қаторидан ўрин эгаллаган.

Бу мавсум унинг жамоаси Баян Ширей ва Ркацители узум навлари ҳосилини йиғиб олди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг соҳани ислоҳ қилиш борасидаги режалари самара берадиган бўлса, кежалакда узумнинг шардоне ва каберне навларини етиштириш оддий ҳолга айланиши мумкин.

Ўзбекистон йилига 20 млн. литр вино ишлаб чиқаради. (Pexels)

Ўзбекистон йилига 20 млн. литр вино ишлаб чиқаради. (Pexels)

Февраль ойида президент маъмурияти томонидан эълон қилинган фармонга кўра, 2021 йил охирига қадар давлат виночилик компанияси экспортини ҳозиргига нисбатан 60 фоизга ошириш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, компанияга тегишли экин майдонларини ҳам икки баравар ошириш мўлжалланган.

Мирзиёев Ўзбекистоннинг ерларини қамраб олган сувга чанқоқ пахта каби хомашё маҳсулотларига қарамлигини камайтиришга ва шу билан бирга хорижий инвесторларни жалб қилишга ваъда берган.

Режада узумнинг Франция, Италия, Чили ва АҚШдан олиб келинган ноёб саноат навлари кўчатларини етиштириш кўзда тутилган.

Ортиб бораётган хавотирлар

Аммо, ўтган ойда Тошкентда ўтказилган вино фестивали омма эътиборини жалб қила олмади, шу билан бирга соҳа таҳлилчилари Ўзбекистоннинг маркали вино ишлаб чиқариш имконияти борасида ўз шубҳаларини билдирдилар.

Бироқ, бу 38 яшар хусусий фермер Йўлдошевни катта умидлардан тўхтата олмади.

«Мен мана шу ерларнинг баъзи қисмларини ижарага олиб, фаолиятимни кенгайтришни мақсад қилдим», деди у Тошкентдан 80 километр узоқликда жойлашган Паркент адирларидаги ерларни назарда тутиб.

«Афтидан, ҳали қилинадиган ишлар кўп», дейди у AFP нашри билан суҳбатда.

Ҳозирда маҳаллий виночилик бургунд шаробларидан анча орқада ва экспортнинг баъзи қисми эрта, тугатилмаган жараён маҳсулотларидан иборат.

Ўзбекистон йилига 20 млн. литр вино ишлаб чиқаради, айни вақтда Францияда бу рақам 4 миллиард литрга тенг.

Йўлдошевнинг фермаси яқинида жойлашган заводда асосан аёллардан иборат ишчилар конвеердан ўтаётган узум шарбатини назорат қилиб борадилар. Бу шарбатнинг ҳаммаси қайта ишлаш учун Россияга юборилади.

Завод раҳбари Ғайрат Ашуровнинг айтишича, заводга 180 та фермер, жумладан, Йўлдошев ҳам ўзи етиштирган узумларни олиб келади.

Аммо, президент фармонида назарда тутилган виночилик учун белгиланган солиқ ва бошқа имтиёзлар вино учун хомашё етказиб беришни қисқартириш ва уни тайёр ҳолда ишлаб чиқариш жараёнини кучайтиришга қаратилган.

Ўзбекистон собиқ Совет мамлакатларидан ташқари, Европа ва Хитой бозорларини ҳам кўзламоқда.

Ўзбеклар винодан кўра кўпроқ ароқни маъқул кўради

Совет Иттифоқининг парчаланганига 30 йилга яқин вақт ўтган бўлса-да, ўзбеклар ҳамон винодан кўра кўпроқ ароқ истеъмол қиладилар, айни вақтда жамиятда ислом дини аҳамиятининг ўсиб бориши уларнинг иккови учун ҳам хавф туғдиради.

Шунга қарамай, вино маҳсулотларининг ички тарғиботи экспортга оид режалари бўлган ҳар қандай мамлакат учун муҳимдир, дейди соҳа кузатувчилари.

«Бирор маҳсулотнинг ўз уйингизда машҳур эканлигини исботлай олмасангиз, уни хорижга сотишингиз қийин», дейди Австралиянинг Аделаида университетидаги вино иқтисодиёти тадқиқот маркази ижрочи директори Ким Андерсон.

Иқлим яна бир потенциал тўсиқ бўлади, деди у. Ўзбекистон анъанавий тарзда виночилик билан шуғулланиб келган мамлакатлар, жумладан, Совет иттифоқи даврининг энг машҳур вино ишлаб чиқарувчиси – Грузияга нисбатан кўпроқ иқлим ўзгаришларига дуч келади.

Йўлдошевнинг айтишича, ўтган йили у ток новдаларини кўмиб қўйишга мажбур бўлган, сабаби экин майдонлари муз билан қопланган. Андерсоннинг тажрибасига кўра, бундай ҳолларда ишчи кучи сарф-харажатлари ошиб, экинларга узоқ муддат давомида зарар етиши мумкин.

Ёзда, 40 даража иссиқда узумлар япроқлар қопламаси билан тўсиб қўйилмаса, уларга зиён етиши мумкин, деди у.

Виночиликнинг узун тарихи

Ўзбекистондаги виночиликнинг тарихи узун бўлса-да, у 19-асрда Россия империяси давридагина саноат кўламига етган.

Илк виночилик корхонасига 1868 йилда рус савдогари Дмитрий Филатов томонидан асос солинган эди.

Аммо, Совет даврида, асосан тўйинтирилган кўринишдаги вино ишлаб чиқариш иккита кучли зарбага дуч келди.

Биринчиси – Совет Иттифоқи бўйлаб спиртли ичимликларни ишлаб чиқаришга қарши 1980 йиллардаги Михаил Горбачевнинг ичкиликбозликка қарши сиёсати эди.

Ундан кейин мустақиллик йилларида ва Мирзиёевдан аввал узоқ вақт давомида Ўзбекистонда қатъий сиёсат олиб борган Ислом Каримов даврида бу борадаги вазият янада оғирлашди.

Таҳлилчилар шусиз ҳам тиғиз бўлган халқаро вино бозорида Ўзбекистон танлаган босқичли йўналиш куч сифатида шаклланишига шубҳа билан қарамоқдалар.

Лондондаги виночилик соҳасига ихтисослашган Cult Wines инвестицион компанияси вакили Том Уиттингтон мамлакат қайси бозорни эгаллаши мумкинлиги борасида фикр юритди.

«Ўзбек виноси яқин истиқболда Кўҳна ва Янги дунёдан бўлган олий нав вино билан рақобатлаша олмайди», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500