БИШКЕК – Америка Қўшма Штатлари ва Қирғизистон алоқаларни кучайтириш ва қўшимча ёрдамга йўл очиш мақсадида янги ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришга интилмоқда.
«Айни вақтда биз бу йўналишда ишлаб, ҳамкорлик қилмоқдамиз. Муносабатларимиз янгиланади. Табиийки, биз фақат республика манфаатлари йўлида ҳамкорлик қиламиз», деган эди Қирғизистон президенти Сооронбай Жеенбеков чоршанба (19 декабрь) кунги нутқида.
Бу ҳақда Жеенбеков Қирғизистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Нурлан Абдрахманов ва АҚШ делегацияси ўртасида 14 декабрь кунги учрашувдан беш кун ўтиб маълум қилган.
Учрашувда АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси Дональд Лу, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) Осиё бўйича раҳбари ёрдамчисининг ўринбосари Хавер Пиедра ва АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг Марказий Осиё масалалари бўйича вакили Эрик Руденшолд иштирок этди.
Томонлар яқин ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштириб, иқтисодий ва техник ҳамкорлик, инсонпарварлик ёрдами ва USAIDнинг Қирғизистондаги потенциал лойиҳалари бўйича келишувни муҳокама қилганлар, деб хабар беради вазирлик.
Музокара қатнашчилари ҳам икки тарафлама, ҳам халқаро миқёсдаги манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш зарурлигини таъкидладилар.
Ҳамкорлик тарихи
Қўшма Штатлар Қирғизистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган ва кўп йиллардан бери мамлакатнинг демократик ислоҳотларни амалга ошириш саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб келади.
Қирғизистондаги АҚШ элчихонасининг 2015 йилги маълумотларига кўра, ушбу ҳамкорлик доирасида Вашингтон 1991 йилдан бери демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун Бишкекка қарийб 2 миллиард АҚШ долларига (139,7 миллиард қирғиз сўми) тенг молиявий ёрдам ажратган.
«Қирғизистон республикаси Марказий Осиёда энг юқори даражадаги кўмакни қабул қилади, сабаби у АҚШнинг демократик қадриятлар борасидаги қарашларини қўллаб-қувватлайди ва ўз фуқаролари учун иқтисодий имкониятлар яратиш, аҳолини сифатли тиббиёт ва таълим билан таъминлашга интилади», дейилади АҚШ элчихонасининг расмий баёнотида.
АҚШ кўмагининг мақсади қонун устуворлигини таъминлаш, тараққий этган фуқаролик жамияти яратиш, шу билан бирга, Қирғизистоннинг авиация, энергетика, қишлоқ хўжалиги, таълим, тиббиёт, инфратузилма ва хавфсизлик соҳаларини ривожлантиришдан иборат.
Қирғизистоннинг энг йирик онлайн бозори бўлган «Светофор» компаниясининг бош ижрочи директори ва «Қирғизтелеком» давлат телекоммуникация компаниясининг собиқ раиси, бишкеклик Азиз Солтобаев USAIDнинг Қирғизистондаги фаолияти, хусусан, бизнесни ривожлантириш ташаббуси лойиҳасини юқори баҳолади.
«Ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва экспортни йўлга қўйишда маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ушбу лойиҳа республика учун иқтисодий жиҳатдан жуда манфаатли», деди у Карвонсаройга.
Солтобаев USAIDнинг корхоналар рақобатбардошлигини ошириш лойиҳасини ва «Муваффақиятли аймак (туман)» жамоатчилик ва шаҳар бошқаруви ташаббусини алоҳида таъкидлаб ўтган.
«Бунда янгича ёндашув сезилмоқда», деди у бошқарув лойиҳаси жуда ижобий баҳоланганини таъкидлар экан.
Ахборот технологиялари ва журналистикани ривожлантириш
Қирғизистонлик кузатувчилар янгиланган ҳамкорлик турли соҳалар ривожига ижобий таъсир қилишидан умидвор.
USAID кўмаги Қирғизистоннинг чекка тоғли ҳудудларида интернет хизматини йўлга қўйишга ёрдам бериши мумкин, деди Чуй вилоятининг Новопокровка қишлоғи фуқароси, «Интернет жамияти» (ISOC) халқаро нодавлат ташкилотининг қирғиз шўъбаси фаоли Эржигит Имамов.
«Мамлакатимизнинг тўқсон фоизи тоғли ҳудуддан иборат бўлгани сабаб, баъзи қишлоқлар баланд қирлар ортида жойлашган», деди у Карвонсаройга. «У ердаги одамлар интернет, мобил алоқа ва телевидениедан айри яшайди.»
Бундай олис қишлоқларга интернет ўтказиш лойиҳалари жуда қиммат ва буларни молиялаштириш фақат «USAID каби йирик халқаро ташкилотлар» ёрдамида амалга оширилиши мумкин, деди у.
«Бундай муаммоларни ҳал этишда АҚШнинг молиявий ёрдами беқиёс», дейди у.
Кузатувчиларнинг фикрича, Қўшма Штатлар маҳаллий журналистларнинг касбий маҳоратини янада оширишга ҳам ёрдам бериши мумкин.
Американинг сўз эркинлигига оид дастурлари қирғиз журналистларининг дунёқарашларини ўзгартирди, деб ҳисоблайди Қирғизистон журналистларининг мустақил уюшмаси раҳбари, бишкеклик Азамат Касибеков.
«Бундай дастурлар сирасига нафақат ОАВ учун техник ёрдам ва таҳририят кенгашларининг институционал ривожланишига кўмак, балки журналистлар малакасини оширишга хизмат қилган кўплаб тренинглар ҳам киради», деди у Карвонсарой нашрига.
USAID лойиҳалари қирғиз журналистлари орасида шаклланган шахсий фикрни факт сифатида тақдим этиш одатини қайтаришга муваффақ бўлди, дейди Касибеков.
«Ҳозирда журналистлар ҳамжамияти янги муаммоларга дуч келмоқда ва биз, албатта халқаро ташкилотлардан келадиган ёрдамга муҳтожмиз», деди Касибеков.
Америкаликлар кўп мамлакатларга ёрдам беришди. Ливия, Ироқ, Югославия, Украина. У ерда одамлар тўкинликда яшаяпти. Ҳа, Америка билан дўстлашиш керак, балки бизга ҳам демократия олиб келишар. Худо сақласин.
Жавоб беришФикрлар 1