ОСТОНА – АҚШ кинематография санъати ва фани академиясига кўра, қозоқ режиссёри Сергей Дворцевойнинг «Айка» фильми 2019 йилги Оскар мукофотига даъвогарлик қилаётган 9 хорижий фильм рўйхатига киритилди.
Шорт-лист академия томонидан 17 декабр куни эълон қилинган.
«91-Оскар мукофотининг «Энг яхши хорижий фильм» номинацияси учун кейинги босқичда 9 та фильм кураш олиб боради. Улар жами 87 фильм орасидан саралаб олинди», дейилади академия баёнотида.
«Академиянинг овоз беришда қатнашиш ҳуқуқига эга аъзолари овоз беришдан олдин барча 9 та фильмни кўриб чиқадилар», дейилади хабарда.
Оскар мукофотини топшириш маросими 24 февраль куни Лос-Анжелес шаҳрида бўлиб ўтади.
Қозоғистонлик режиссёр Сергей Дворцевой Москвада киночиликка ўқиган бўлиб, «Айка» (2018), «Лола» (2008) ва «Жаннат» (1995) фильмлари билан машҳур. Қозоқ даштларида яшовчи чўпонлар ҳақида ҳикоя қилувчи «Лола» («Тюльпан») кинофильми 2008 йилда Канн кинофестивалининг «Ўзгача нигоҳ» махсус совринига лойиқ кўрилган эди.
«Айка»
«Айка» фильмида қирғизистонлик ишсиз ёлғиз онанинг Москвадаги ҳаёт-мамот кураши тасвирланади. Бош мавзу – меҳнат мигрантларининг оғир ҳаёти ва оналик машаққатлари.
Қозоғистонлик Самал Еслямова роль ижро этган фильмда бош қаҳрамон ҳаётидаги воқеалар қишда содир бўлади.
«Лола» («Тюльпан») фильмида ҳам бош ролни ижро этган Еслямова ўтган йилнинг май ойида «Айка»даги роли учун Канн кинофестивалининг «Энг яхши актриса» мукофотига сазовор бўлган эди.
«Айка» 6 йил давомида, асосан Москвада ва қиш фаслида суратга олинган.
«Айка»да қирғизистонлик ёш меҳнат мигрантининг ҳаёти акс эттирилган, дейди остоналик кинотанқидчи Артур Ермолаев. «Қиз Москвада ноқонуний равишда ишлайди ва Россиядаги меҳнат мигрантлари тўқнаш келадиган барча муаммолардан азият чекади. У иш излайди, пулсиз қолади ва зўравонликлардан жабр кўради».
«У ҳомиладор бўлиб қолади, бола туғади, бироқ уни туғруқхонада ташлаб кетади. Кейинроқ, ўз хатосини англаб етиб, фарзандини қидириб топиш учун қўлидан келган барча ишни қилади».
Фильм қайғули воқеликка асосланган, дейди Дворцевой.
«Интернетда ўқиб қолдим – биргина 2012 йилнинг ўзида Москва туғруқхоналарида 248 та қирғизистонлик она ўз фарзандларини ташлаб кетган», деди Дворцевой BBC билан суҳбатда.
«Бу менга жуда ғалати туюлди: улар нега бундай қилишади?» дейди у. «Москвага келган мигрант аёллар ва ёш қизлар фарзандларини боқа олмаганликлари сабабли улардан воз кечишган ва эҳтимол, ҳозир ҳам шундай қилмоқдалар.»
Фильм илиқ қарши олинди
Қозоғистонликлар «Айка» фильмини ўтган йилнинг сентябрь ойида Олмаота фестивали чоғида томоша қилиш имконига эга бўлдилар.
Шу билан бир вақтда, Еслямова 2018 йилда ўз мамлакатида «Халқ севган санъаткор» унвонига сазовор бўлган. Бу ҳақда Tengri News сайти 23 декабрь куни ушбу мукофот ҳақидаги пресс-релизга таяниб хабар қилди.
«Фильм оғир, аммо кўнгилга яқин», дейди «Айка»нинг премьерасида иштирок этган олмаоталик томошабинлардан бири Сабина Базарбаева.
«Бу оддийгина қиз сизга танишларингиз – дугоналарингиз, сингилларингизни ёдга солиши мумкин – уларнинг ҳар бири шундай мураккаб ҳаётий вазиятларга тушиб қолиши мумкин эди.»
«Мамлакатимизда бу каби сифатли фильмлар суратга олинаётганидан мамнунман», дейди у.
Айка филмида фақат ҳақиқат тасвирга олинган
Жавоб беришФикрлар 1