http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/01/03/feature-01
| Жиноят ва адолат

Янги сиёсат Ўзбекистонда муқаддам судланган аёлларга енгиллик яратади

Максим Енисеев


Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоеванинг нутқи ортидан қарсак чалаётган қўмита аъзолари, 22 декабр, Тошкент. Янги стратегия муқаддам судланган аёлларга кўмаклашишдан ташқари, ҳукумат идоралари ва хусусий сектордаги раҳбарлик лавозимларида аёллар сонини оширишни кўзда тутади. (Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси)

Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоеванинг нутқи ортидан қарсак чалаётган қўмита аъзолари, 22 декабр, Тошкент. Янги стратегия муқаддам судланган аёлларга кўмаклашишдан ташқари, ҳукумат идоралари ва хусусий сектордаги раҳбарлик лавозимларида аёллар сонини оширишни кўзда тутади. (Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси)

ТОШКЕНТ – 2019 йилда амалга ошириладиган янги стратегия жиноят содир этган аёлларнинг жамиятга мошлашувига кўмаклашиш ва давлат идораларида хотин-қизлар учун иш ўринлар яратишга хизмат қилади.

Ўзбекистонда 2018 йилги криминал вазиятни сарҳисоб қилган депутатлар мамлакат аёллар орасида жиноятчиликнинг ошгани билан боғлиқ муаммони эътироф этганлар.

2018 йилнинг 11 ойи давомида турли жиноятлар содир этган 6015 аёл жиноий жавобгарликка тортилган, дея хабар берди Ички ишлар вазирлиги 14 декабр куни парламент мажлисида.


Туристик полициянинг аёл ходимлари, Самарқанд, 2018 йилнинг ёзи (Самарқанд шаҳар ички ишлар бошқармаси)

Туристик полициянинг аёл ходимлари, Самарқанд, 2018 йилнинг ёзи (Самарқанд шаҳар ички ишлар бошқармаси)


Ўтган йилнинг декабр ойида Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси томонидан ташкил этилган веломусобақа иштирокчилари. (Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси)

Ўтган йилнинг декабр ойида Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси томонидан ташкил этилган веломусобақа иштирокчилари. (Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси)

Вазирликнинг огоҳлантиришича, аёллар тарафидан содир этилган қотиллик ва бошқа турдаги жиноятлар сони ортган.

Айни вақтда 2018 йилда Ўзбекистонда аёллар томонидан содир этилган жиноятлар сони 2017 йилга нисбатан 34,9 фоизга камайди.

Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоевага кўра, бу борадаги профиклактик чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда.

Йиллар ҳисобидаги бу пасайиш 2016 ва 2017 йилларда қайд этилган рақамлардан кескин фарқ қилади, деди у 22 декабр куни Хотин-қизлар қўмитаси анжуманида.

Унинг айтишича, 2019 йилги янги стратегия жиноят содир этган аёлларга иш топиш ва жамиятга қайта мошлашишга ёрдам берадиган дастурларни ўз ичига олади.

Ушбу саъй-ҳаракатлар доирасида ўтган йили ҳукумат 3 мингдан зиёд ўзбек аёлини экстремистик ташкилотларга аъзоликда гумон қилинганларнинг «қора рўйхатидан» ўчириб ташлаган, деб хабар берди Gazeta.uz 22 декабр куни.

Ўтган икки йил ичида 20 мингдан зиёд шахс ҳукуматнинг «қора рўйхати»дан чиқарилган, деб хабар берган эди ТИВ ўтган йил декабрда.

Экстремизм таъсирига тушган аёллар

Ўзбек аёлининг «Ислом давлатига» (ИД) гуруҳига аъзоликда айблангани билан боғлиқ энг камида битта воқеа маълум.

Ўтган йилнинг 3 май куни Ироқ марказий жиноий суди ўзбек аёлини умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган эди. Унинг исми ва нима сабабдан ИД сафига қўшилгани номаълумлигича қолган.

Аёл Сурия ёки Ироққа ноқонуний йўл билан кетган бўлиши керак, сабаби ўзбек ҳукумати унинг шахси ҳақида маълумотга эга эмас, деб хабар берган Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидаги манба.

«Ўзбек жамияти патриархал жамият бўлиб, кўпчилик оилаларда аёл итоат қилувчи шахс саналади», дейди тошкентлик социолог Темур Саидхўжаев.

«Шу сабаб, агар эркак динда радикал қарашларни қабул қилишни бошласа, одатга кўра аёли ҳам унинг йўлидан боради», деди у Карвонсарой нашрига. «Аёл бу жиноят эканлигини англаши мумкин, аммо эрига қарши бориш номақбул ҳисобланади. Ўз истаги билан экстремистларга қўшилган аёллар сони жуда кам.»

Таассубларни енгиш ва рецидивизмнинг олдини олиш

«Қамоқ муддатини ўтаганлар янада кўпроқ жиноятларга қўл уради», деди Карвонсарой нашри билан суҳбатда жиноий рецидивизм ҳақида сўз юритган тошкентлик ижтимоий соҳа ходими Александра Кафанова.

«Ўзбекистонда тўлалигича сақланиб қолган совет даврининг жазони ижро этиш тизими маҳбусни психолигик тарафдан синдиради», деди у. «Қамоқдан чиққанларни эса жамият тамғалайди, улар иш топиши, ижарага уй топиши жуда мушкул. Улар бутун ҳаётлари давомида «ўтириб чиққан» деган ном билан қолишади.»

2019 йилда Хотин-қизлар қўмитаси жиноий рецидивизмнинг олдини олиш мақсадида жазони ўташ муассасаларидан озод этилган 3961 нафар аёлга иш топиш ва жамиятга мослашувига кўмаклашишга қаратилган дастурни амалга оширади, деди қўмита раиси Норбоева.

«Шу билан бирга, қамоқдаги аёллар учун маданий тадбирларни ташкиллаштиришимиз ва уларни турли мутахассисликларга ўқитишимиз зарур», деди у.

Аёлларни ҳукумат ва ҳуқуқ-тартибот органларига жалб қилиш

Янги стратегияда олий маълумотга эга, малакали аёлларни ҳукумат ташкилотлари, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига жалб қилиш кўзда тутилган.

Давлат статистика қўмитасига кўра, бандлик бўйича икки жинс эгаларининг кўрсаткичлари деярли тенг бўлса-да (эркаклар 54.3% ва 45.7% аёллар), нуфузли ҳукумат лавозимларида аёлларнинг иштироки анча кам.

Декабр ойида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳукумат лавозимларида аёлларнинг улуши озчиликни ташкил этишини танқид қилганди.

Бундай «дискриминацияга» барҳам бериш учун Давлат бошқаруви академияси ва Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) милиция академиясида ўқиш учун кўпроқ аёллар жалб қилиниши лозим, деди Арипов.

«ИИВ милиция академиясига аёлларни қабул қилиш квотасини оширишимиз зарур», деди у 22 декабр куни Хотин-қизлар қўмитасида ўтган мажлис чоғида. Бу билан у аёллар учун 5 фоизлик квота жуда оз эканлигини назарда тутган.

Сизга мақола ёқдими?
7
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha