https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/02/01/feature-01
Россиянинг Сурия ҳудуди бўйлаб юришлари аҳоли томонидан совуқ қарши олинмоқда
| Терроризм

ИД жангариси деб гумон қилинган ўзбекистонлик Сурияда қўлга олинишидан аввалги очлик ва умидсизликни тасвирлаб берди

Карвонсарой ва AFP

image

Сурия демократик кучлари (СДК) томонидан хорижлик жиҳодчи деган даъволар билан қўлга олинган Александр Бекмирзаев ва яна тўрт нафар шахс, 11 январь куни Суриянинг Ҳасаке шаҳрида AFP нашрига интервью бермоқда. (Делил Сулейман/AFP)

ҲАСАКЕ, Сурия – «Ислом давлати» (ИД) гуруҳига аъзоликда гумонланиб қўлга олинган, келиб чиқиши Ўзбекистонга алоқадор шахс гуруҳ «халифалигининг» сўнгги бўлинмалари устига ракеталар ёғилган пайтда ўзи ҳис қилган очлик ва қўрқувни тасвирлаб берди.

45 яшар Александр Бекмирзаев асли Беларусдан, 2010 йилда Ирландия фуқаролигини олган деб хабар берган «The Irish Times» нашри.

Онаси беларуслик, отаси ўзбек бўлган гумондор биродари ўз жонига суиқасд қилганидан кейин «оғир ичкилик ва гиёҳвандликдан» азият чеккан вақтида 20 ёшларида Ўзбекистонда ислом динини қабул қилган.

2013 йил сентябрь ойида Бекмирзаев мусулмонларга «ёрдам бериш учун» Ирландиядан Сурияга жўнаб кетади. Тўрт ой ўтиб, унинг беларус аёли ва Ирландияда туғилган ўғли ҳам унинг ортидан йўл олади. Бу ҳақда у AFP нашрига Суриянинг Ҳасаке шаҳрида ҳибсда бўлган чоғида маълум қилган.

image

13 декабрь куни ИД томонидан Телеграм тармоғида чоп этилган суратда Сурияда смартфонга тикилиб турган бир гуруҳ жангарилар тасвирланган. (Файл)

Очлик

Уни сўроқ учун ҳибсда ушлаб турган Курд халқ мудофаа бўлинмалари (YPG) интервьюга олиб келганлар. Гумондор унинг кўз ўнгида ИД таянчининг қандай қулаганини сўзлаб берган.

«Очликдан ўлиб кетамиз деб ўйлаган эдим», деди у AFP нашрига.

АҚШ раҳбарлигидаги коалициянинг ҳаво ҳужумлари билан қўллаб-қувватланган Сурия демократия кучлари (СДК) сентябрь ойидан бери Ироқ чегарасида жойлашган ИДнинг сўнгги бўлинмасини ҳам йўқ қилди .

Ёздан бери деярли ҳар куни «бомба ҳужумлари ва портлашлар» содир бўлар эди, деди Бекмирзаев.

«Хажин дараси» СДК томонидан қуршовга олинганидан кейин бозорда ун тугади, гўшт эса ҳаддан ташқари қимматлашиб кетди, деди у.

Бекмирзаевнинг сўзларига кўра, унинг аёли ва беш яшар ўғли кепакли нон, қўшнилар улашган емак ва ўт-ўланларни ейишга мажбур бўлишган.

«Сабзавот дейсизми? Қанийди. Ҳеч нима, умуман ҳеч нима йўқ эди. Ўт-ўлан еганмиз», деди у.

Хорижлик жангарилар қўлга олинди

У декабрь ойида муҳожирларга қўшилиб қочишга уринган вақтда СДК томонидан ИД жангариси эканликда гумон қилиниб қўлга олинган. Иддаоларга кўра, унинг мақсади қочқиндан сўнг келажакда ҳужумлар уюштириш учун ИДнинг уйқудаги бўлинмаларини тузиш бўлган.

Бекмирзаевнинг ўзи эса ҳеч қачон ИД сафида жанг қилиш мақсади бўлмагани ва 2014-2015 йил оралиғида тез ёрдам ходими сифатида ишлаганини даъво қилмоқда. Аммо бундан кейин нима қилгани аниқ эмас.

У ИД учун қўлига қурол олмаганини таъкидламоқда, аммо унинг даъвоси AFP томонидан тасдиқланмаган.

Унинг сўзларига кўра, ИД қўмондони унинг паспортини тортиб олган ва 2015 йилдан бери у ўз оиласи билан қочишга уриниб келган.

АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган аскарлар қишлоқларни бирма-бир эгаллар экан, у ҳам ИД назорати остидаги ҳудудга тобора кириб борган.

Курд кучлари назоратидаги ҳудудга қочганидан сўнг, ўтган ой охирларида уни ва яна тўрт нафар жангариликда гумон қилинган шахсларни қўлга олишган.

Кишме қишлоғида «СДК 800 метр масофага яқинлашгани сабабли мен ўз уйимдан қочишга мажбур бўлганман», деди Бекмирзаев.

У ўз оиласи билан Фрот дарёсининг шарқий қирғоғи бўйлаб жанубга ал-Шафа қишлоғига қочгани, у ерда масжидда тунаганини айтган.

У ердан аёл ва болалар бўлган катта гуруҳ билан яна қочишда давом этган. Уларга миналаштирилган ҳудудлардан ўтиб олишга бир йигит ёрдамлашган.

Бекмирзаев: «Агар катта гуруҳга қўшилиб олсак, хавфсизроқ бўлади, чунки улар кўпчиликни, айниқса ёш болаларни, уларнинг йиғлаётганини кўрадилар», деб ўйлаганини айтди.

Тушкунликка тушган ва «жинларни» эшитишни бошлаган

Бекмирзаев Ирландияда ўзини «Смит» деб чақиришни сўраган дўстига WhatsApp иловаси орқали хабар юборар экан, у Сурияда ўтказган беш ярим йиллик умрини айрилиқ, қўрқув ва умидсизлик билан тасвирлайди.

«The Irish Times» нашри гувоҳ бўлган, 3 декабрь куни юборилган хабарда у «Аллоҳ вазиятни ўзгартиришига умид қиламиз, аммо ҳаммамиз бу ерда ўлиб керак керак», деб ёзган.

Собиқ ИД тарафдори бўлган Смит дўстини таслим бўлишга чақирган.

«У ерда қандай вазиятда ёки қаерда эканлигингни билмайман, аммо европалик ёки америкаликларга таслим бўлгин, асло шиалар ёки русларга эмас», деган Смит. «Биринчилари сенга босим ўтказса-да тирик қолдиради, кейингилари эса ундай эмас.»

«Биродарим, мен бора олмайман. Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум бўлишдан қўрқаман. Кўпчилик қамоққа тушади», деб айтган Бекмирзаев.

Шу билан бирга, Бекмирзаевнинг ИД етакчиларига нисбатан ишончи ҳам йўқола бошлаган.

«Булар ҳеч нима бермайди», деб ёзган у 16 декабрь куни. «Мен буни кеч тушундим, аммо ҳечдан кўра кеч яхши.»

«Менимча, улар яқинда ўзлари мағлубиятга учраган жойда, худди Мосулдагидек сотқинлик қилиб, ўз уйларига жўнаб кетишса керак», деган у.

Бекмирзаев дўстига «касалланганини» ва аллақандай овозларни эшитаётганини айтган. «Бу жинлар бўлса керак», деган у.

Смит Бекмирзаевнинг руҳий ҳолати уни «радикаллашувга мойил қилиб қўйганини» ва «онги радикал заҳарлаш қурбонига» айланганини айтган.

Ҳозир Бекмирзаев Сурияга кетиш ҳақидаги қарори «хато» бўлганини айтади.

У тушкунлик ҳолатида гуруҳнинг қўлга тушмас етакчиси қаерда эканлигини сўраган.

«Абу Бакр ал-Бағдодий қани? Қани у? Бу менинг саволим», деган у AFP нашрига.

Сизга мақола ёқдими?
10
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha