https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/02/27/feature-01
| Дипломатия

ЕИ Марказий Осиё билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган янги стратегияни тайёрламоқда

Айдар Ашимов

image

Суратда: Осиё - Европа форумида қатнашиш учун Европа кенгашига ташриф буюрган Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев. Брюссель, 2018 йил, 18 октябрь. [Эммануэль Дунанд/AFP]

ОСТОНА – Европа Иттифоқи (EИ) Марказий Осиё билан ҳамкорликни яхшилаш ва минтақадаги ўзгарувчан шароитларга мослашишга қаратилган янги стратегияни қабул қилиш арафасида. Истиқболда афғонистонлик аёлларга Ўзбекистон ва Қозоғистонда таълим бериш ҳам назарда тутилган.

ЕИнинг Марказий Осиёдаги махсус вакили Питер Буриан Кенгайтирилган ҳамкорлик ва шериклик битими стратегияси ва ратификациясини муҳокама қилиш учун 21-22 февраль кунлари Остонада қозоғистонлик расмийлар билан учрашди, дейилади Қозоғистондаги ЕИ делегацияси баёнотида.

Икки кунлик ташрифи давомида Буриан парламентда, Ташқи ишлар вазирлигида ҳамда ёшлар билан учрашувлар ўтказди. Уларда турли масалалар, жумладан «сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар, қонун устуворлиги, савдо ва иқтисодий муносабатлар» ва халқаро муаммолар муҳокама этилди, дейилади баёнотда.

«Биз ёзгача ЕИнинг Марказий Осиё учун янги стратегиясини қабул қиламиз, унда ЕИ-Марказий Осиё ҳамкорлигининг минтақадаги энг ижобий динамикага сабаб бўлган янги имкониятлари тилга олинади», деб айтган Буриан баёнотга кўра.

image

ЕИнинг Марказий Оисёдаги махсус вакили Питер Буриан 21-22 февраль кунлари Остонада қозоғистонлик расмийлар билан «ЕИнинг Марказий Осиё учун янги стратегиясини қабул қилиш ҳамда Узоқ муддатли ҳамкорлик ва шериклик шартномасини ратификация қилиш» борасида маслаҳат учрашувини ўтказди. (Қозоғистон парламенти)

image

ЕИнинг Марказий Оисёдаги махсус вакили Питер Буриан 21 февраль куни Остонада сенатнинг ташқи алоқалар, мудофаа ва хавфсизлик бўйича қўмитаси раиси Дариға Назарбоева билан учрашди. (Қозоғистон парламенти)

«Стратегияда Марказий Осиё билан янада мустаҳкамроқ ҳамкорликни йўлга қўйиш таклиф қилинган, бу эса ўз навбатида минтақанинг янада барқарор, гуллаб-яшнаётган ва чамбарчас боғланган иқтисодий-сиёсий муҳитга айланиши учун замин яратади», деган у.

Янги стратегия

ЕИнинг Марказий Осиё учун мўлжалланган янги стратегияси 2007 йилдан бери амалда бўлган ҳужжатнинг ўрнини эгаллайди ва минтақада содир бўлаётган ўзгаришларга мослашишга ёрдам беради.

Баёнотга кўра, «янги стратегияда Европа Иттифоқининг 2018 йил 18 октябрда қабул қилинган Европа ва Осиёни боғлаш стратегиясига мувофиқ, минтақа билан унинг ичида барқарор алоқа ўрнатишга кўмаклашиш борасидаги ёндашуви баён қилинган».

«Шу билан бирга, у Марказий Осиё ва Афғонистонга оид ЕИ сиёсатларининг ўзаро боғлиқлигини кучайтиришга кўмаклашади», дейилади хабарда. «Янги стратегия 2021-2027 йиллар давомида ЕИнинг ёрдам дастурларини тайёрлаш учун ҳам қўлланма бўлиб хизмат қилади.»

Баёнотда қайд этилишича, 2014-2020 йиллар давомида ЕИнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий кўп йиллик индикатив дастури доирасида барқарор ривожланиш ва ҳудудий хавфсизлик соҳаларига оид минтақавий ҳамкорлик учун 454,2 миллион евро (195 миллиард тенге) маблағ ажратилган.

Қозоғистон сенати хабарига кўра, сенатнинг ташқи алоқалар, мудофаа ва хавфсизлик бўйича қўмитаси раиси Дариға Назарбоева билан учрашувда Буриан «Қозоғистон билан ҳамкорликни рағбатлантиришни сифат жиҳатидан янги даражага кўтаришга тайёр эканлигини» айтиб ўтган.

«Назарбоева Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик Қозоғистон ташқи сиёсатидаги стратегик йўналишлардан бири эканлигини таъкидлаган», дейилади баёнотда.

Қозоғистонда «миллий қонунчиликни Европа меъёрларига мослаштириш» борасида турли чоралар қабул қилинган», дейилади ҳужжатда.

Назарбоева бошқа мавзулар билан бир қаторда, Қозоғистоннинг ЕИ билан ҳамкорлигида сув хавфсизлиги ва Афғонистонни барқарорлаштириш каби устувор йўналишларга диққат қаратди.

Манфаатли ҳамкорлик

«Ўтган йилнинг декабрь ойида Лондонда Марказий Осиё учун ЕИнинг янги стратегияси муҳокама қилинди, унда Қозоғистон расмийлари ҳам иштирок этишди», дейди остоналик сиёсатшунос Абди Исмаилов Карвонсарой нашрига.

«Ўшанда ЕИ вакиллари Қозоғистон Марказий Осиёда етакчи ролни ўйнаётгани ва келгуси йилларда турли соҳаларда кўпгина қўшма лойиҳалар амалга оширилишини таъкидлаган эдилар», деди у.

«ЕИ билан ҳамкорлик Қозоғистон учун манфаатли, у мамлакатимиз барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшади», деди Исмаилов Карвонсарой нашрига.

«Минтақадаги вазиятни мутлақо тинч дейиш қийин, шу сабабли Европанинг қўллаб-қувватлови биз учун муҳим», деди у.

«Европача қадриятлар бизга жуда яқин», деди Буюк Британияда таҳсил олган 26 яшар олмаоталик Ерлан Кулмаганбетов Карвонсарой нашрига.

«Ҳар бир фуқаромиз демократия, инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги, бағрикенгликка интилади», деди у. «Ҳозирги кунда темир парда йўқ, чегаралар очиқ, имкониятлар бисёр.»

«Мамлакатимизнинг Европа давлатларига очилаётганини тўлиқ қўллаб-қувватлайман», деди у.

Афғонистонга ёрдам

ЕИ билан ҳамкорликдаги истиқболли соҳалардан бири – афғонистонлик хотин-қизларга Қозоғистон ва Ўзбекистонда таълим бериш қўшма дастуридир, деб хабар берди Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги Атамкулов ва Буриан ўртасида бўлиб ўтган музокараларга якун ясаб.

Ушбу дастур амалга ошадиган бўлса, афғонистонликлар Марказий Осиёнинг икки давлатидаги университет ва коллежларда таҳсил оладилар. ЕИ уларнинг таълимига кетадиган сарф-харажатларни қоплайди. Таълим лойиҳаси Афғонистондаги аёллар ва болаларнинг ҳолатини яхшилайди ва мамлакатни барқарорлаштиришга ёрдам беради, деб келишди Қозоғистон ва ЕИ расмийлари ўтган ҳафта бўлиб ўтган музокара чоғида.

Сизга мақола ёқдими?
8
Йўқ
Фикрлар 5
Сиёсат
Captcha

Ҳатто овоз бериш натижалари ҳам Марказий Осиё аҳолиси Ғарб билан ҳамкорлик қилиш тарафдори эканини кўрсатмоқда. Бу нима учун Россияни бунчалик қўрқитаётгани тушунарсиз. Ахир бундан унга ҳеч қандай зиён етмайдику.

Жавоб бериш

ЕИ ва АҚШ бу технологиялар ва тараққиёт демакдир. Россия бу поплар, шамлар, ахлат ва қашшоқлик.

Жавоб бериш

Бугунги кунда дўстлар йўқ, ҳамма фақат ўз манфаатини кўзлайди ! Сармояга муҳтож мамлакатни ўзига қарам қилади! Алданманглар!

Жавоб бериш

Баракалла, Россияга ўхшаган ўра билан эмас, балки ривожланган мамлакатлар билан янада кўпроқ ҳамкорлик қилиш керак.

Жавоб бериш

Бу пулларни яна совуриб юборишади, қарзни эса халқ тўлайди. Текинхўрлар ЕИни лақиллатишяпти

Жавоб бериш