https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/03/15/feature-01
Қозоғистон тўлов шартларининг оғирлашиб кетгани сабабли Хитойнинг молиялаштирувидан воз кечди
| Жамият

Ўзбекистон–Қозоғистон муносабатлари янги автобус ва ҳаво йўналишлари билан янада ривожланмоқда

Айдар Ашимов

image

Қозоғистонда истиқомат қилувчи ўзбек диаспораси вакиллари томонидан тайёрланган миллий таомлар остоналиклар эътиборига ҳавола этилди, Остона, 8 сентябрь. [Айдар Ашимов]

ОСТОНА – Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида йўлга қўйилган янги автобус ва ҳаво қатновлари икки мамлакатнинг иқтисодий ва маданий ҳамкорлигини кенгайтиришга ёрдам беради.

«Хабар» телеканалига кўра, 11 март куни Ўзбекистон пойтахти Тошкент ва Қозоғистон пойтахти Остона шаҳри ўртасида автобус қатнай бошлади. Икки ўртадаги умумий масофа 1646 километрни ташкил этади, йўл 28 соатда босиб ўтилади.

Янги автобус қатнови Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида йўлга қўйилган еттинчи йўналиш бўлди. Бугунги кунда Тошкентдан Чимкент, Олмаота, Қизилўрда ва Туркистонга, Нукус ва Чирчиқдан эса Олмаота вилоятига автобуслар қатнамоқда.

Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида 17 йиллик танаффусдан сўнг илк автобус қатновлари 2018 йилнинг январь ойида йўлга қўйилган эди.

image

Йўловчи янги Остона–Тошкент автобусига чиқишга ҳозирланмоқда. 10 март, Остона. [Хабар ТВ вебсайтидан олинган скриншот]

Ўзбек ва қозоқ фуқароларининг сўзларига кўра, янги трансчегаравий транспорт йўналишлари икки қўшни мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада яхшилашга ёрдам беради. Ўзбекистон ва Қозоғистон узоқ йилларга чўзилган чегарадаги баҳсли ҳудудлар муаммоси 2017 йилда ҳал этилганидан бери иқтисодий ва дипломатик алоқаларни мустаҳкамлаш чораларини жадаллаштирдилар.

Автобус ва ҳаво қатновлари сони ошмоқда

21 февраль куни Қозоғистоннинг «Эйр Астана» авиакомпанияси 1 апрелдан Остона ва Олмаотадан Тошкентга бевосита рейслар сони оширилиши ҳақида эълон қилди. Олмаотадан Тошкентгача бўлган масофа 1 соату 35 дақиқада учиб ўтилади, Остона–Тошкент рейсининг вақти эса 2 соатга тенг.

«Эйр Астана» Олмаота–Тошкент рейслари сонини ошириб, ҳафтасига 10 тага етказишини маълум қилган, душанба, пайшанба ва шанба кунлари кечки пайт амалга ошириладиган янги рейслар шулар жумласидандир.

Остона ва Тошкент ўртасидаги авиарейслар сони ҳам ҳафтасига 4 тадан 6 тага етказилади – душанба ва пайшанба кунлари янги қатновлар йўлга қўйилади.

«Эйр Астана» компанияси 2010 йил декабр ойидан Олмаотадан Тошкентга авиақатновларни амалга оширишни бошлаган, 2012 йил май ойидан эса Остона–Тошкент рейси йўлга қўйилган. Авиакомпания хабарига кўра, Тошкентга қатнов очилганидан бери авиакомпания 500 мингдан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатган ва 700 тонна юк ташиган.

Икки пойтахт орасида янги автобус йўналиши учун хизмат кўрсатаётган транспорт корхоналари қатновлар сонини бир кунда тўрт мартагача оширишлари мумкин. Айни дамда ҳар бир шаҳардан кунига битта автобус қатнамоқда.

Автобус Тошкентдан йўлга чиққанидан кейин сўнгги манзилга етиб олгунига қадар фақат Қозоғистоннинг Қарағанда шаҳрида тўхтаб ўтади.

Бир томонга чипта нархи Қозоғистонда 14300 тенге (38 АҚШ доллари), Тошкентда эса 320 минг сўмни (38 АҚШ доллари) ташкил қилади, деди Остонадаги автобус терминали ходими Карвонсарой нашрига. Йўловчиларни ташиш Қозоғистоннинг «КазАвтоТранс» ва Ўзбекистоннинг «Ўзавтотранс» корхоналарига тегишли автобусларда амалга оширилади.

«Хизмат жуда қулай», деди тошкентлик 38 яшар Акмал Муксимов. У Карвонсаройга Остонада қурувчи бўлиб ишлашини айтган. «Март охирида Тошкентга оиламнинг олдига бораман ва шу автобус йўналишидан фойдаланаман.»

«Унинг афзаллиги арзонлигида, тўхташларсиз амалга оширилишида. Компаниялар ҳам чегараларда кечикишлар бўлмаслигига ваъда бермоқда», деди у. «Мен Остонада 2014 йилдан бери ишлайман, давлатларимиз ўртасида самолётлар ва автобуслар қатнай бошлаганидан хурсандман.»

«Биз қўшнилармиз, орамизда қардошлик ва бизнес ришталари мавжуд», деди Муксимов.

«Самимий ва меҳмондўст»

Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқаролари бир-бирларининг юртларида меҳмон бўлганларидан кейин, саёҳатларини фақат илиқ сўзлар билан эслашади.

Тошкентлик фотограф Баҳодир Мурадов Остонадаги семинарда иштирок этди, бизнес сафаридан бўш вақтида эса сайёҳлик масканларини кўздан кечирган.

«Қозоғистонда биринчи марта бўлишим», деди Мурадов Карвонсарой нашрига. «Остона архитектураси кишини ҳайратга солади. Мен Бойтеракда бўлдим, Тинчлик ва аҳиллик саройига бордим.»

«Остонадаги аёзли совуқ об-ҳавога қарамай, у ерда яшовчи одамларнинг қалблари илиқ, улар жуда самимий ва меҳмондўст», деб қўшимча қилди у.

Мурадов Олмаотадаги «Медеу» қишки спорт мажмуаси ва Чимбулоқ тоғ-чанғи курортига саёҳат қилишни режалаштирганини айтди.

Бу орада остоналик Досаевлар оиласи яқинда Ўзбекистонда бўлиб қайтган.

«Биз қизиқарли сайёҳлик масканларига бордик, Ўзбекистондаги дўстларимизникида меҳмон бўлдик», дейди 46 яшар оила бошлиғи Айбек Досаев Карвонсарой нашрига.

«Биз Самарқанддаги Шоҳи Зинда меъморий мажмуасини, Бухородаги Мир Араб мадрасасини томоша қилдик. Музейларга бордик. Шаҳарларни, жумладан, Тошкентни ҳам айландик», деди у. «Илиқ ва чуқур таассуротларга эга бўлдик, болаларга ҳам саёҳатимиз ёқди.»

Сизга мақола ёқдими?
1
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha