БИШКЕК – Намойишчилар президент Владимир Путиннинг Қирғизистонга нисбатан олиб бораётган қаттиқ сиёсатидан норози эканликларини билдирдилар.
Намойишчилар чоршанба (27 март) куни, Путиннинг Қирғизистонга бир кунлик давлат ташрифи билан келишидан бир кун аввал Бишкекдаги Россия элчихонаси олдида тўпланганлар. Улар қўлларига «қотил» ва «босқинчи» деган плакатларни ушлаб олиб, Россияни Қирғизистоннинг Қантидаги ҳарбий базасини олиб чиқиб кетишга чақиришди.
Полиция намойишчиларга қарши чиқди ва эр-хотин Нурлан Каримшаков ва Гулзана Имаеваларни қўлга олди, деб хабар берди AFP.
Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органлари ҳибсларни тасдиқлаган, аммо бу ҳақда батафсил маълумот бермаган.

Россиянинг ҳужумчи самолётлари 2018 йил март ойида Қирғизистоннинг Қант шаҳри яқинидаги шартли нишонларга қарата ракеталар учирмоқда. (Россия мудофаа вазирлиги)

Россия президенти Владимир Путиннинг сиёсатига қарши намойиш ўтказишни режалаштирган фаоллар, 27 март, Бишкек – ташрифдан бир кун аввал олинган сурат. 27 март куни Қирғизистон полицияси икки намойишчини ҳисбга олди. (Afringrad/Twitter)
«Улар миллатлараро адоват қўзғашда айбландилар», деди Замир Жоошев. У мазкур айбловларни «ғирт бемаънилик», деб атади. Уларга 10 йилгача қамоқ жазоси белгиланиши мумкин.
Россиянинг Қирғизистондаги ҳозирлигининг кенгайиши
Россия 2003 йилдан бери Чуй вилоятидаги Қант ҳаво базасидан, шунингдек, 1940 йилдан бери Иссиқкўлдаги торпедо синовлари полигонидан фойдаланиб келмоқда.
Путиннинг ташрифи Қирғизистонда яна бир ҳарбий база очилиши истиқболини кучайтиради.
Россия Қирғизистонда иккинчи база очишни «муҳокама қилишга тайёр», деб айтган эди Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров феврал ойида Қирғизистонга ташрифи чоғида. Бу ҳақда Озод Европа/Озодлик (RFE) радиоси хабар берган.
Бир неча ойдан бери мамлакат жанубида иккинчи базанинг очилиши ҳақида гап-сўзлар юрган эди.
Қант масаласида эса, Россия ҳарбий база ҳудудини 60 гектарга кенгайтиришини эълон қилди.
Россия ҳарбий базаси борасидаги келишув Кремлнинг ресурсларга муҳтож Қирғизистоннинг иқтисодий қийинчиликларидан фойда кўраётганини англатади. Масалан, 2012 йилда Қирғизистон Москванинг Қант базасидан фойдаланишига оид ижара шартмомасини яна 15 йилга узайтирди, бунга жавобан Россия унинг қарийб 500 миллион долларлик (34,9 миллиард сўм) қарзидан воз кечган.
Кремль Марказий Осиёдан кетмоқчи эмас
Совет Иттифоқи 1991 йилда парчаланиб кетган бўлса-да, кўплаб постсовет республикалари, жумладан Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда ҳанузгача Россия қўшинлари бор. Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик борасида ваҳима уйғотиш ҳарбий ва сиёсий назорат ўрнатиш ҳамда ички муаммоларни ҳал этишдан қочиш усулларидан бири ҳисобланади, дейди маҳаллий таҳлилчилар.
Россиянинг Қирғизистондаги давомли ҳозирлиги аввал ҳам норозиликка сабаб бўлган.
Ўтган йили қирғизистонликлар мамлакатдаги асосий сайёҳлик маскани ҳисобланган Иссиқкўл яқинида Россия қўшинлари ўқув машғулотлари ўтказганига эътироз билдирган эдилар.
Россия ҳарбийлари Иссиқкўл яқинида жойлашган тоғлардаги шартли «душман позицияларини» яқин масофага учадиган «Искандер-М» баллистик ракеталаридан ўққа тутганлар.
Россия Тожикистонда 201-Ҳарбий базадан (Россиянинг хориждаги энг йирик ҳарбий обекти) фойдаланади. Россия ва ночор ҳолатда қолган Тожикистон 2012 йилда келишув имзолаган, унда база 2042 йилгача (Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг 51 йил давомида) фаолият юритиши кўзда тутилган эди.
Оддий фуқаролар норозилиги
Кўпчилик қирғизлар Путин учун тўшалган қизил гиламни ва унинг ташрифи чоғида норозилик уюштирган намойишчиларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлинганини танқид қилмоқдалар.
«Қирғизистон демократик тараққиёт йўлидаги давлат эканлигини таъкидлаб келади», дейди Қораболта шаҳридан бўлган тадбиркор Болот Искендеров Карвонсарой билан суҳбатда. «Биз доим ҳукуматимиз ва президентимизни танқид қила олганмиз… Нима учун энди биз Владимир Путин ва унинг режимини танқид қила олмаймиз?»
«Плакатга боқинг ва ундаги ёзувни ўқинг», деб ёзган украиналик ҳуқуқбон Дмитрий Кабак Facebookдаги «Мустақил Қирғизистон» гуруҳида. «Кимдир бу ерда нафрат ва адоват қўзғашга уриниш белгиларини кўряптими?»
«Бу ерда ҳеч қандай жиноят таркиби йўқ», деб ёзган ўша гуруҳда Бишкекда яшовчи Александр Тебенков. «Бу инсонлар ўзларининг сиёсий қарашларини ифода этишган ва жамоат тартибини бузишмаган.»
[Ушбу мақолани тайёрлашга Канат Алтинбаев ўз ҳиссасини қўшган.]
Путин расво, Россияни Хитойга сотиб юборди
Жавоб бериш