https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/04/03/feature-01
| Хавфсизлик

Мағлуб этилган ИД жангариларининг аёллари ва фарзандлари фуқароликсиз қолиши мумкин

Карвонсарой ва AFP

image

«Ислом давлати» (ИД) ихтиёрида қолган сўнгги ҳудуд – Суриядаги Боғуз қишлоғидан эвакуация қилинган фуқаролар АҚШ қўлловидаги Курдлар раҳбарлик қиладиган Сурия демократик кучлари (СДК) текширувидан ўтиш учун навбатда турибдилар, 5 март куни олинган сурат. Боғуз 23 март куни таслим бўлди. (Булент Килич/AFP)

ЛОНДОН – Дунё бўйлаб бир қанча давлатлар нафақат «Ислом давлати» (ИД) жангарилари, балки уларнинг аёллари ва фарзандларини ҳам фуқароликдан маҳрум қилмоқда. Оқибатда ёшлардан иборат бутун бир авлод келажакда фуқароликсиз қолиб кетиши мумкин.

Ўтган ой Сурияда «халифалик» қулатилганидан сўнг минглаб жангарилар, аёллар ва ёш болалар бир нечта лагерларга жойлаштирилган эдилар. Ҳозирда улар келгуси тақдирларини кутмоқдалар.

Масалан, ўтган ойда Буюк Британия 2013 йил Лондондан Сурияга жўнаб кетган икки аёл – 30 яшар Рима Иқбол ва унинг синглиси 28 яшар Заранинг фуқаролигини бекор қилди. Иккала аёлнинг ёши 8 дан кичик бўлган жами 5 нафар фарзанди бор, деб ёзади «The Sunday Times» нашри.

Нашр ҳуқуқий манбаларга таяниб, аёлларнинг Британия фуқаролигидан маҳрум қилинганини таъкидлаган.

image

Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратда шарқий Сурияда ИДга қарши олиб борилган жангдан сўнг АҚШ қўлловидаги кучлар томонидан қўлга олинган бир гуруҳ шахслар акс этган. (Файл)

Асли покистонлик бўлган бу икки аёл террорчи шахслар билан турмуш қурган. Уларнинг турмуш ўртоқлари гаровга олинган европаликларнинг ўлдирилишига алоқадор бўлган.

Фуқаросизлик

Март ойида Суриядаги лагерда янги туғилган чақалоғидан айрилган лондонлик ёш аёл Шамима Бегумга нисбатан ҳам шундай чора кўрилган.

Журналистлар голландиялик ИД жангарисига турмушга чиққан Бегумни қочоқлар лагеридан топишган, у бу ерга АҚШ қўлловидаги кучлар ва террорчи гуруҳ ўртасидаги жангдан қочиб келган.

У 2015 йилда мактаб ўқувчиси бўлган икки қиз билан Лондондан Сурияга жўнаб кетганида 15 ёшда эди.

19 яшар Бегум Суриядаги қочқинлар легерида февраль ойида ўғил фарзандли бўлган, у ватанига қайтиш истагини билдирган, аммо Лондон унга рад жавобини берди. Бу орада унинг ўғли – уч ҳафталик Жарроҳ зотилжам сабабли дунёдан кўз юмди.

Унинг яна икки фарзанди Сурияда ИД ҳукмронлиги даврида гўдаклигидаёқ ҳалок бўлган. Бу ҳақда у Британия оммавий ахборот воситаларига сўзлаб берган.

Мамлакат ички ишлар вазири Сажид Жавид хавфсизлик важидан унинг фуқаролигини бекор қилган.

Бундан аввалроқ Жавид 100 дан ортиқ шахс фуқароликдан маҳрум қилингани ҳақида хабар берган эди.

Бегум оиласининг адвокати март ойида Жавидга ариза юборган, унда «раҳм-шафқат чораси сифатида» Британия фуқаролигидан маҳрум қилишни кўзда тутувчи 19 февралдаги қарорни бекор қилиш сўралган.

Оқибатлар

Гўдакнинг ўлимидан сўнг ташқи ишлар вазири Жереми Хант расмийлар қочқинликда дунёга келган британиялик болалар ҳаётини қай тарзда сақлаб қолиш устида бош қотираётганини айтди.

Бегумнинг учинчи фарзандидан айрилиши «жуда ачинарли ва қайғули», аммо қайноқ нуқталарга расмийларни юбориш ўта хавфли, деди Хант.

«Шамима ИД сафига қўшилишга қарор қилган вақтида, элчихона ва консуллик кўмаги мавжуд бўлмаган давлатга кетаётганини билган», деган эди у март ойида BBC телеканалига.

«Бу қарорлар қанчайин мудҳиш бўлмасин, маълум оқибатларга олиб келади.»

Европа ва Шимолий Америкада яшовчи мигрантлар ҳамжамиятидан бўлган болалар, айниқса қизлар кўпинча шахсият инқирози ва тушкунликка дуч келадилар, дейди аввал Буюк Британияда яшаган карачилик журналист Ибод Аҳмед.

ИД каби жангари гуруҳлар уларнинг тушкун ҳолатидан фойдаланиб, ижтимоий тармоқлар орқали ўз таъсирлари остига олганларидан сўнг, улардан турли мақсадларда фойдаланадилар, деб айтган эди у «Pakistan Forward» нашрига.

«ИД кўпинча бундай ёшлардан нафақат ижтимоий тармоқлар орқали ва ҳамжамият орасида бошқа аъзоларни ёллаш учун, балки жангарилар учун «келин» сифатида ҳам фойдаланади», деди Аҳмед.

Мақолага Карачидан Зиа Ур-Раҳмон ўз ҳиссасини қўшди.

Сизга мақола ёқдими?
2
Йўқ
Фикрлар 1
Сиёсат
Captcha

Шўрлик болалар

Жавоб бериш