https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/04/03/feature-02
Astana Club мажлиси иштирокчилари Қозоғистонни халқаро воситачи сифатида эътироф этдилар
| Иқтисодиёт

Минтақа аҳолиси янги электр узатиш линияси афзалликларидан баҳраманд бўлади

Жаҳон банки

image

«CASA-1000» Тожикистон ва Қирғизистонга ўз эҳтиёжидан ортиқ электроэнергияни Жанубий Осиёдаги қўшни бозорларга экспорт қилишга имкон беради. Тожикистон 2700 ГВт/с электр энергияси экспорт қилиш салоҳиятига эга ва бундан йилига 140 млн. АҚШ долларига тенг даромад олиши мумкин. [Жаҳон банки]

ВАШИНГТОН, КО – Жаҳон банки Марказий Осиё ва Жанубий Осиёда электр энергиясини сотиш ва етказиб беришга оид «CASA-1000» лойиҳаси учун қўшимча маблағ ажратди. Лойиҳа Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон ва Покистондаги электр узатиш линиялари бўйлаб электроэнергия етказиб бериш ва уни сотишга кўмаклашади.

Жаҳон банки ўтган ойда ушбу лойиҳа учун Халқаро тараққиёт уюшмасидан 24 млн. АҚШ доллари миқдорида грант маблағи ажратишни маъқуллаган эди. Шунингдек, «CASA-1000» донорларининг Кўп томонлама траст фондидан лойиҳа учун қўшимча 2 млн. АҚШ доллари ажратиладиган бўлди, улар Буюк Британия Халқаро тараққиёт департаменти ва АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) маблағларини ҳам ўз ичига олади.

Лойиҳа 2014 йилнинг март ойида тасдиқланган ва уни барпо этиш ишлари бошланган.

Линия 2020 йилда ишга туширилгач, у орқали Қирғизистон ва Тожикистондаги ортиқча 1300 МВт электр энергиясининг 1000 мегаватти Покистонга, 300 мегаватти Афғонистонга етказиб берилади.

Лойиҳа натижасида нафақат маҳаллий инфратузилма ва электр таъминотининг яхшиланиши, балки бошқа ижобий ўзгаришлар ҳам кутилмоқда. «CASA-1000» лойиҳаси замонавий ва самарадор электр узатиш тизими бўлиб, минтақани ислоҳ қилиш ва Афғонистонда барқарорликни таъминлашга кўмаклашади.

Лойиҳа натижасида, шунингдек, Афғонистонда юзлаб янги иш ўринлари ташкил этилади. У тугалланганидан сўнг, Афғонистон транзит тўловларидан йилига 40 миллион доллар даромад олади, деб хабар берган TOLOnews 2018 йилда.

Инфратузилмани яхшилаш

Электр узатиш линиясининг Тожикистондаги қисми шимолдаги Сўғд вилоятидан жанубдаги Хатлон вилоятигача чўзилади.

«Дастур маҳаллий ҳамжамиятларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириб, аҳолига инфратузилма билан боғлиқ энг долзарб муаммоларни аниқлашга ва уларни ҳал этишга кўмаклашади», дейди Жаҳон банкининг Тожикистондаги доимий вакили Ян Петер Олтерс.

Жаҳоннинг илғор тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, номонетар қашшоқлик билан боғлиқ энг асосий муаммолар – жумладан, ичимлик суви таъминоти, санитария, электр энергияси ва иситиш муаммоларини ҳал этишда аҳолини қўллаб-қувватлаш сармоявий лойиҳалардан умумий фойда олинишини таъминлашда ва энг асосийси, дастур қамровидаги уй хўжаликларининг турмуш даражасини яхшилашда ёрдам беради.

CASA-1000 лойиҳаси электр таъминоти хизматлари сифатини яхшилаш ва ишончлилигини ошириш учун қишлоқ жойларда инфратузилма ва жиҳозларни модернизация ва реконструкция қилиш орқали маҳаллий инфратузилма ва жамоавий хизматлар ҳолатини яхшилашга кўмаклашади.

Бундан ташқари, жамоаларнинг ўзлари танлаб оладиган объектлар ва кичик кўламли ижтимоий-иқтисодий инфратузилмаларни молиялаштириш учун қишлоқларга кичик грантлар ҳам ажратилади.

Умумий ҳисобда мазкур лойиҳа афзалликларидан Сўғд, Хатлон вилоятлари ва республика туманларида жойлашган 60 та қишлоқ ва 24 жамоатда истиқомат қилувчи жами 130 минг киши баҳраманд бўлиши кутилмоқда.

«Исфара-1» тақсимловчи тармоғи ва подстанцияси қурилишига доир ижтимоий-иқтисодий инвестициялар ва объектлардан Сўғд вилоятининг Исфара туманида яшовчи 73 минг киши манфаатдор бўлиши кутилмоқда.

[Жаҳон банки гуруҳи http://www.worldbank.org/terms манзилида кўрсатилган шартлар асосида ушбу материалдан фойдаланишга ижозат беради.]

Сизга мақола ёқдими?
0
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha