НУР-СУЛТОН -- Ўтган ойда Қозоғистон мудофаа вазирлиги мамлакат махсус кучларининг ҳарбий тайёргарлигини синаш мақсадида кенг кўламли ҳарбий машқлар ўтказди.
12-30 март кунлари ўтган Алтын Жебе (Олтин ёй) машқларини ўтказишдан мақсад, «махсус кучлар бўлинмаларининг жанговар самарадорлигини ва белгиланган вақт ичида жанговар миссияни амалга ошириш қобилиятини текшириш» ҳамда «барча тоифадаги хизматчиларнинг профессионал тайёргарлиги ва ҳарбий дала тайёргарлиги даражасини яхшилашдир», дейилади Мудофаа вазирлигининг 12 март кунги баёнотида.
Машқлар давомида мудофаа вазири Нурлан Ермекбаев икки ҳафта ичида Оқмола ва Олмаотадаги гарнизонларга тегишли ҳарбий бўлинмалар ва иншоотларни кўздан кечирган.
Шунингдек, у жанговар техникани сақлаш шароитлари билан танишди, жанговар машиналарни текширди ва ҳарбий бўлинмалар қўмондонлари билан суҳбатлашди.
Вазирлик хабарига кўра, машқларда ҳарбий ҳаво кучлари ҳам иштирок этди ва узоқ масофаларга ҳаво қўшинларини жойлаштирди. Машқларда иштирок этган жами аскарлар сони очиқланмаган.
Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, машғулотлар тунда олиб борилди, унда махсус кучлар парашютлар ёрдамида тоғли ҳудудларга тушганлар.
Махсус кучлар уларга белгиланган тепаликларга жойлашишган ва разведка, қидирув миссияларини олиб боришган, бу вақтда дронлар уларнинг миссияларини кузатиб борган, деб қўшимча қилинади баёнотда.
«Тест дастури мураккаб бўлиб, шахсий таркибнинг мукаммал тайёргарлиги, жумладан, жисмоний тайёргарлигини талаб қилади», деди Остона минтақавий қўмондонлиги аскари Аскар Нургалиев Карвосарой нашрига. «Машқлар тоғли ҳудудларда бўлиб ўтди ва дастурнинг асосий қисми тунда олиб борилди.»
Ҳарбий хизматчиларнинг бир қатор машқларни бажардилар, жумладан уларнинг қурол-яроғдан фойдаланиш маҳорати ва артиллериядан ўт очиш кўникмалари текширилди, деди у.
Муҳим кўникмаларни намойиш қилиш
Шунингдек, Капшагай шаҳридаги 65476-сонли ҳарбий қисмнинг минасизлантириш марказида минасизлантириш гуруҳлари қўмондонлари портловчи моддаларни аниқлаш ва зарарсизлантириш бўйича ўз кўникмаларини яхшладилар.
Машқларда ҳарбий десант кучларининг уч юз нафар алоқачиси ҳам қатнашди. Улар тизимнинг шовқинлар таъсирига бардошлилигини ҳам текширганлар, дейилади вазирлик хабарида.
Қозоғистон мудофаа вазирлиги матбуот хизматига кўра, Қозоғистон ҳаво-десант кучлари ихтиёридаги замонавий алоқа жиҳозлари маълумотларни бутун мамлакат бўйлаб шифрланган ҳолда узатиш имконини беради.
Ўқув машғулотлари давомида Шарқий Қозоғистон вилоятидаги «Шыгыс» (Шарқ) полигонида илк бор миномётчи гуруҳлар мусобақаси ўтказилди.
120 га яқин аскар ҳам бўлинмалар таркибида, ҳам индивидуал тарзда ўз маҳоратларини намойиш этди. Артиллериячилар турли масофалар ва ўзгарувчан ўт очиш позицияларидан туриб, шартли нишонларни миномётлардан ўққа тутдилар, шароитлар жанговар ҳолатга максимал даражада яқинлаштирилди.
Жанговар самарадорлик намойиши
Қозоғистон ҳарбийлари мунтазам равишда ўқув машқлари ўтказиб келади. «Алтын жебе» (Олтин ёй) жанговар тайёргарлик синови «кенг кўламли ва турли йўналишдаги қўшинларни қамраб олди», деб қайд этган чимкентлик сиёсатшунос Рауан Дауталиев.
«Марказий Осиёдаги беқарор вазият ва террорчилик таҳдиди ҳозирда Қозоғистонннг олий доираларида муҳокама қилинмоқда», деди у Карвонсаройга.
«Ўтказилган текширув ҳам қуролли кучларнинг режали ўқув машқлари, ҳам жанговар тайёргарлик намойишидир», деди у.
«Қозоғистон армияси мамлакат мустақилликка эришганидан бери энг яхши ҳолатда», деди Дауталиев.